Бош прокуратура: “Shifoxona info” телеграм боти ишга тушади

2020-07-23T05:48:48+05:0023 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Бу бот орқали касалхоналардаги бўш ўринларни аниқлаш ва беморни тўғри ва тезкор йўналтириш мумкин бўлади.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш, бу касаллик тарқалишининг олдини олиш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Аҳолининг мурожаатларини қабул қилиш ва уларга тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида «колл-марказ»лар сони кўпайтирилмоқда. Тошкент шаҳрининг ўзида қўнғироқларни қабул қилиш учун тез ёрдам марказий станциясида қўшимча 70 жой ташкил этилди. Бу ерда операторлик фаолиятини юритиш учун махсус ўқув курсларда тайёргарлик кўрган, бундай хайрли ишларга жалб қилинган кўнгиллилар фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида тиббий маслаҳат кўрсатиш бўйича 50 нафар кўнгилли шифокорлардан иборат «колл-марказ» ҳам ўз ишини бошлади. Шу кунга қадар марказ 36 минг 218 мурожаат юзасидан тиббий маслаҳатлар берди.

– Прокуратура органлари томонидан узлуксиз равишда барча кўнгилли ишчиларга махсус кийимлар ва бепул кунлик озиқ-овқат етказиб бериш ташкил этилган, – дейди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддинов. – Ўз ўрнида тез ёрдам хизмати фаолиятини яхшилаш, уларнинг чақириқларга янада тезкорликда етиб бориши, тез ёрдам врачларининг янада малакалироқ хизмат кўрсатиши учун зарурий янгиликларни жорий этиш тўғрисидаги топшириқ ижроси юзасидан ҳам амалий чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, тез ёрдам хизмати автомобиль паркини кенгайтириш ва шу билан аҳолининг тез ёрдам хизматига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида қўшимча 50 «Дамас», 27 “Isuzu”, 12 «Фотон» махсус автомашиналари тез ёрдам марказий станциясига ажратилди ва уларга давлат рақамлари олиб берилиши таъминланди.

Шунингдек, Бош прокуратура ташаббуси билан тез орада “Shifoxona info” телеграм бот канали ташкил этилиб, ҳар бир касалхонага прокуратура ходими бириктирилади. Бу касалхоналарда мавжуд бўлган бўш ўрин (койка)ларни аниқлаш, беморларни манзилга тезроқ етказишга имкон яратади.

Н.Абдураимова, ЎзА