Ҳуқуқий журналистикани ривожлантиришга қаратилган амалий таклиф

2020-07-21T10:49:04+00:0021 Iyul, 2020|Видеогалерея|

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.     Олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларга асосланади.

Албатта, бу  ишлар мамлакатимиз аҳолисининг ҳуқуқий маданиятини  ошириш билан уйғунликда олиб борилади. Бунда   оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳам  муҳим ўрин тутади. Бу ҳақда сўз бораркан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда бошқа ҳуқуқий  идоралар билан узвий  ҳамкорликни йўлга қўйганини айтиб ўтмоқчимиз. Жумладан Олий Суд ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида суд-ҳуқуқ ислоҳотларини, шунингдек, судлар фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритилишини янада такомиллаштириш мақсадида ўтказиб келинаётган  «Адолат — қонун устуворлигида» танлови  бунинг мисолидир.  Шу  ўринда уюшма  қошида Ҳуқуқий журналистика кенгаши  фаолияти йўлга қўйилганини ҳам эслатиб ўтмоқчимиз.

Табиийки, соҳага ихтисослашган журналистларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб бориш лозим.  Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Суди  вакиллари иштирокида ўтказилган  матбуот анжуманида Олий Суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров бу ҳақда  ўз таклифларини билдирди.