Нега юртимизда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони кескин кўпайди?

2020-07-18T10:29:21+05:0018 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

«Хўш, сўнгги ҳафталарда нега юртимизда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони кескин кўпайди?

Жавоб аниқ: карантин қоидаларини қўпол равишда бузганлигимиз учун.

Аслида карантин қоидаларига риоя этиш қийин эмас. Масалан, тозаликка риоя этиш соғлом турмуш тарзининг узвий бир қисми ҳисобланади… «

«Янги Ўзбекистон» газетасида эълон қилинган «Безовта давр даъвати» сарлавҳали мақолада шу ҳақдаги мулоҳазаларни ўқийсиз. Хусусан, материал муаллифи, журналист Асрор Мўминнинг қайд этишича, Абу Али ибн Сино бобомиз минг йил илгари «Мен қолдириб кетаётган зўр табиблардан бири тозалик, иккинчиси парҳез, учинчиси бадантарбия, қолганлари мизож билан боғлиқ кайфиятдир», деб ёзиб қолдирган.

Буюк табибимиз минг йилдан буён бизни тозаликка риоя этишга даъват этаётган экан, уни бажариш ҳозирги пандемия шароитида асосий вазифамиз бўлиши керак.

«… Никоҳ бекор қилинар экан, унинг қийинчиликлари, асосан, аёлнинг зиммасига тушади. Чунки аксарият ҳолларда у яшаб турган уйидан болалари билан чиқиб кетишига ҳамда ўзи ва болалари таъминотини ўйлашга мажбур бўлади, – дейилади «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган «Оилаларни сақлаб қолиш учун таъсирчан чоралар кўриш зарур» сарлавҳали материалда. – Никоҳдан ажрашишлар дунёнинг барча давлатида қайд этилади. Лекин биздаги қонунчиликда турмушидан ажраган аёл ва болаларнинг кейинги тақдири кафолатланмаган. Тўғри, вояга етмаган болалар учун алимент тўловлари қонунда белгиланган. Аммо ҳозир қанчадан-қанча опа-сингилларимиз ана шу пулларни ундира олмай, судма-суд юрганига барчамиз гувоҳмиз…

Мақола муаллифи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисованинг таъкидлашича, юқорида келтирилган масалалар ечими бўйича никоҳ шартномаси тузилса, ҳар қандай эркак ёки аёл ажрашиш ҳақидаги фикрни бир неча бор ўйлаб кўрарди.

Қолаверса, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, болалар учун соғлом оилавий муҳитни кафолатлаш мақсадида қонунларимизга адолатли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш зарур…

Давлатимиз раҳбари яқинда Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида мазкур ҳудудлардаги мавжуд аҳвол, мутасаддилар масъулиятини жиддий танқид қилди. Орадан уч кун ўтди. Хўш, нима ўзгарди, аҳволни ўнглаш ва жиловни қўлга олиш бўйича қандай амалий қадамлар ташланмоқда? Бу ҳақда «Тошкент ҳақиқати» газетасида чоп этилган «Танқид ўринли, хулоса қандай?» сарлавҳали мақолада сўз боради.

Шунингдек, нашр саҳифаларидан ўрин олган «Ёпиқ мавзуда»ги очиқ баҳс» сарлавҳали мақолада бугун кўп фикр юритилаётган камбағалликни камайтириш мавзусида икки муаллифнинг икки хил қараши акс эттирилган.

…Қадимий манбаларда Чиноз —Чинончкат, Паркент — Фаранкат, деб номланганини эшитган чиқарсиз. Лекин Баркуш, Номадвонак, Навкат, Бискат, Паргос каби тарихий жой номлари бугун қандай қизиқ эвалюцион кўринишга келгани ҳақида ўйлаб кўрмаган бўлсангиз керак.Газетадаги «Тошкент воҳаси: афсона ва ҳақиқат» сарлавҳали лавҳада ҳудуддаги бири-биридан ажиб топонимлар хусусида маълумотлар бор.

«Овози тожик» газетасида чоп этилган Абдулла Субҳоновнинг «Оила бир кичик давлат» сарлавҳали мақоласида эса бугунги жамиятими учун нолойиқ удумлар, оила муҳитида келин ва қайнона муносабатлари натижасида келиб чиқадиган можаролар юзасидан фикр билдирилади.

* * *

ЎзА