Тарбиянинг мезони битта: ё ҳаёт, ё мамот!

2020-07-17T09:37:27+05:0017 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Бугун ахборот тайёрлаш ва тарқатишга монелик йўқ. Ахборот олиш эркинлиги ва кафолатларини тартибга солувчи махсус қонун қабул қилинган ҳатто. Асосий шартлардан бири шуки, тарқатилаётган ахборотда инсон шаъни ва қадр-қимматига дахл қилинмаслиги лозим.

 

Ҳар қандай ахборот муаллифи тарқатаётган маълумоти учун масъул экани, ёзгани юзасидан ўз виждони олдида ҳам жавоб бериши лозим.

Оммага етказилаётган ахборотнинг сифати ва мақсади (яъни ғояси) муаллиф билими, ички дунёқараши, маънавиятидан дарак беради. Демоқчимизки, турли ахборот воситалари, хусусан интернет сайтлари орқали оғриқли муаммоларни кўтариб, кўпга ибрат бўладиганлар кам эмас. Жамият аъзоларини бир-бирига меҳр-шафқатли, мурувватли бўлишга даъват қилувчи маърифатпарвар журналист-блогерлар меҳнати ҳам ҳақли эътирофга лойиқ.

Бироқ интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган хабарларнинг барчасини ҳам инсоният учун маълум маънода керакли ёки жамият ҳаёти учун фойдали, дейиш қийин барибир.

Хиёнат, фаҳш, жаҳолатни тарғиб қилувчи ахборотлар интернетда тўлиб-тошмоқда. Доноликка даъво қилган қанчаси ижтимоий тармоқларда бир-бирини очиқ ҳақорат қилишлари-чи?! Ваҳоланки, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида бировга нохақ туҳмат қилганлик учун (40-модда), ҳақорат учун (41-модда), шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун (46-модда1) жавобгарлик мавжуд.

Тарбияли, маданиятли ҳамширин сухан ота-онанинг фарзанди қаердан сўкишни, бошқаларга беписанд муносабатни ўрганмоқда? «Қуш уясида кўрганини қилади», деган гап бор, ижтимоий тармоқларда уя қурган «қушлар» интернетда кўрганини қилишмоқдами, ё?

Таҳлилий қараганда, фахш, зўравонлик ёки иғводан иборат маълумотни тарқатишни ўзига касб қилиб олганларнинг мақсади битта: «лайк» йиғиш, ўқувчисини кўпайтириш, моддий манфаат кўришдир.

Тайёрлаган материалининг оммага қандай таъсир этиши билан уларнинг ишлари йўқ. Улар учун кимнингдир шахсий фожиасидан фойдаланиш уят эмас.

Ачинарлиси, ушбу тарқатилаётган маълумотларни ҳали оқ-қоранинг фарқига бормайдиган ёшлармиз ҳам кўраётганида!

Уларда, «шундай қилиш мумкин экан», деган тушунча пайдо бўлишининг ўзи азалий қадриятларимиздан узоқлашиштиришни бошлайди. Қолганини қўяверинг!

Гап ёшлар руҳияти, маънавиятига салбий таъсир этувчи маълумотларни тарқатаётганлар эмас, аксинча, уни кўраётган, ўқиётганларда дейиш осон. Қанийди, биргина «кўрманглар, ўқиманглар!» дейиш билан масала ҳал бўлиб қолса?! Инсон табиати шундайки, таъқиқнинг ўзи қизиқишни келтириб чиқаради. Яна, бугунги кунда нафақат талабаларнинг, балки аксарият мактаб ўқувчиларининг қўлида ҳам айфон-телефонлар мавжуд. Шунингдек, улар катталарга нисбатан интернет сайтларнинг жуда фаол томошабини эканлиги ҳам, уларнинг интернет сайтларига кирмаслигини назорат қилишнинг техник имкониятлари йўқлиги ҳам барчага маълум.

 

Нима қилиш лозим?

 

Фикримизча, ахборот технологияларидан фойдаланилган холда тарқатилаётган миллий қадриятларимизга ёт бўлган турли-туман ҳаёсизлик, иғво, жаҳолат, зўравонлик каби иллатларнинг фарзандларимиз фикрига сингдирилиши ва шу йўл билан уларнинг онги заҳарланишининг олдини олиш масаласи кун тартибига жиддий қўйилиши керак.

 

Бу борада, Эрон, Хитой, Германия ва Англия каби давлатларнинг интернет тармоқларидаги инсон маънавиятига салбий таъсир этувчи контенентларни таъқиқлаш, блоклаш амалиётини ўрганиш ва менталитет нуқтаи назаридан қараб чиқиб, мамлакатимиз ҳудудида жорий этиш;

Шунингдек, шахсий манфаат илинжида маънавиятимизга ёт, ёшлар тарбиясига путур етказувчи ахборот тарқатаётганларга нисбатан қатъий маъмурий жавобгарлик чораларини ҳам қўллаш тартибини белгилаш лозим кўринади.

Экранларимиздан тушмаётган хориж сериаллари масаласи кун тартибида турибди. Асосан оилавий-маиший мавзудаги минг йиллик қадриятларимизга ёт бундай сериаллар ўз таъсирини ўтказишга улгурганини оғриқ билан таъкидлаш керак. Ёшларни қўйинг, ҳатто катта, айниқса, аёллар «сериал банди»ларига айланиб қолаётгани кимга сир?!

«Ота» қисқа метражли фильми сценарийси устида ишлаш жараёнида таниқли режиссиёр Дилмурод Масаидов бир гап айтиб қолди.Танишларидан бири уйига келса, хотини хориж сериалини берилиб кўриб ўтирган экан. Аёл сериал ичига шунчалар «кириб кетган» эканки, эри келганини сезмабди ҳам. Экранга қараб, бегона эркак билан учрашаётган аёлга (сериал қаҳрамонига) бақирармиш: «Қоч, қоч тез, эринг келаяпти…». Шунда эр хотинидан ҳақли равишда «Нега сен хиёнаткор аёл тарафини олаяпсан?» деб сўраган экан…

Шу маънода, фикримизча ҳар қандай чет эл ҳамда ўзимизда яратилган фильмларни телеканаллар орқали намойиш этишда рухсат олиш тартибини жорий этиш, бунда, ҳар қандай кино маҳсулоти миллат маънавиятига қандай таъсир этиши нуқтаи назаридан, унда нима тарғиб қилинаётганидан келиб чиқиб баҳоланиши ва кенг намойиш этишга рухсат берилиши масаласини (кўплаб ривожланган давлатларда бу тартиб мавжуд, хусусий киносиндикатлари томонидан ишланган фильмлар рухсатсиз оммага намойиш этилмайди) жиддий ва зудликда ўйлаб кўриш лозим.

Яна бир мисол. Чет эл сафарида бўлганимизда дўкон сотувчиси харидор олган пивони қоғозга ўраб берди ва ўз тилида нималардир деб, икки бармоғи билан ўзининг икки кўзини кўрсатди. Табиийки, бу ҳолат қизиқ туюлиб, тил билгич ҳамроҳимизга қарадик. Бизга тушунтиришича, харидор пивони очиқ кўтариб кетса, бу реклама бўлиши ва ёшлар тарбиясига таъсир этишини, шунингдек кўчада қоғоз пакетдан чиқариб ичса бунинг учун ўзи ҳам, сотувчи ҳам катта жарима тўлашга мажбур бўлар экан. Шу учунам сотувчи харидорга сўраган молини (пивони) қоғозга ўраб бергач, харидорнинг саволига икки бармоғи билан икки кўзини кўрсатгани эса омма, кенг жамоатчилик кўриб турибди ва хабар беради, дегани экан.

Биз ҳам ёшларимиз онггига салбий таъсир этувчи ҳар бир ҳолатга ана шундай муносабатни йўлга қўйсак, жамиятимизда юз бераётган жуда кўплаб иллатларнинг олдини олишда бунинг самараси беқиёс бўларди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг Олий Мажлис Сенати биринчи мажлисидаги «… Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт-ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат-ё фалокат масаласидир», деган сўзларини такрор ва такрор айтишдан чарчамайман. Нега деганда, шу фикр бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини унутмаслигимиз лозим…» деган нутқлари мазмунига жиддий эътибор қаратишимиз зарур.

Ҳақиқатдан ҳам, тарбия масаласи ўта муҳим бўлиб, бу эртанги кунимизни белгиловчи беқиёс омиллардан биридир.

Айниқса, бугун ахборот тарқатиш чегара билмас даражага етган бир пайтда, биз ушбу масалага бефарқ қарасак, фарзандларимизнинг ахлоқи тарбиясига беэътибор бўлсак, улар маънавиятида миллий қиёфани асраш чораларини кўрмасак, эртага биргина «бу нотўғри, бу мумкин эмас», деган тушунтиришларимиз мисқолча ҳам наф бермаслиги аниқ.

Ёшларимизни чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси қилиб тарбиялаш масаласи кўндаланг турган бир пайтда уларни интернет тармоқларида ташвиқ этилаётган ёт ғоя, урф-одат ва анъаналар, жаҳолат ва фаҳш намойишининг салбий таъсиридан асраш тадбири, мутафаккир бобомиз айтганидек, ростдан-да «ё ҳаёт, ё мамот» масаласидир.

Холмўмин Ёдгоров,

Олий суд раисининг ўринбосари

(Мақола xabar.uz интернет сайтидан олинди)