Илм-маърифатга солиқ солиниши шартми?

2020-07-17T05:08:04+05:0017 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Facebook ижтимоий тармоғидаги «Депутат.уз» гуруҳи фойдаланувчиси Мухайё Турдалиева томонидан «Имтиёз бекор қилинди» сарлавҳаси остида пост жойлаштирилди. Унда шундай дейилган:

2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб китоб ва газеталарга нисбатан қўлланилаётган қўшимча қиймат солиғидан озод қилиш бўйича имтиёз бекор қилинди.


Сотувчининг 30 фоизгача устамаси билан қўшиб ҳисобланса нархлар сезиларли даражада ўзгаради.


️Бу масалада дунёдаги 79 та давлат тажрибасини ўрганиб чиқдик. 31 давлатда китоб нашр этиш умуман солиққа тортилмайди (Буюк Британия, Малайзия, Жанубий Корея, Норвегия). 30 та давлатда китоб нашр этишга нисбатан имтиёзли солиқ ставкалари қўлланилади (Франция, Швеция, Туркия). 17 та давлатда эса китоблар учун тўлиқ солиқ ставкалари қўлланилади.


️Ушбу солиқ давлатларнинг маърифатга муносабат кўрсаткичидек кўринмоқда…

️«Миллий тикланиш» партияси ушбу солиқни бекор қилиш масаласини кун тартибига олиб чиқади.


️ Алишер ҚОДИРОВ

Мазкур масала юртдошларимизни бефарқ қолдирмади ва улар томонидан қолдирилган изоҳларга диққатингизни қаратмоқчимиз.


Улуғбек Ҳасанов:

– Партиянинг ишларига ривож тилайман. Олдинга силжиш бор. Кўз тегмасин. Маърифатни пулга сотмайлик, маърифат учун пул сарфлайлик. Билимни пулга сотмайлик, билим учун пул сарфлайлик.

Зулфия Мўминова:

– Дунёнинг 100 дан ортиқ давлатида китоб ва нашр маҳсулотларига солиқ қўйилмаган.

Толмас Ашуров:

– Газета ва журналларга қўлланилган ҚҚС оддий муштарийнинг гарданига тушади, шусиз ҳам ижтимоий тармоқларнинг ўрни кўтарилиб кетгани сабабли, яқин 1-2 йил ичида ОАНашрлари банкротлик юз тутади.

Ойбек Абдуқаҳҳорович:

 

– Худога шукр

Муҳаммаджон Обидов:

– Алишер ака, битта иш қилингки, ундан барча журналистлар, зиёлилар қувонсин ва номингиз меҳри билан ҳар доим тилга олинсин.

Носир Зокир:

– Бир томондан китобхонликни тарғиб қилиб, иккинчи томондан солиққа тортиш, бунда мантиқ кўрмаяпмиз. Эй, ўша китобдан келадиган фойдани бошқа ёқдан топармиз. Солиқдан воз кечиш керак

Беҳзод Турсунов:

– Эе бошқа давлатларни ўрганиб нима керак, ўзимиздаку айни муаммо. Ҳал қилиш керак тамом

Норқобил Жалилов:

– Ниҳоят, Алишер Қодировнинг овози зора ҳукуматга етиб борса. ОАВда олти ойдан бери шу мавзу кўтариляпти ташвиш билан. Лекин бирор мулозим ё маҳкама миқ этмади. Демак, шундай хулосага келгандикки, давлат ОАВни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эмас. Зора парламент қуйи палатаси спикери муовинининг ташаббуси инобатга олинса жуда катта зиёлилар армиясининг дуолари олинажак! Қайси партия бўлишидан қатъи назар, ана шундай халқчил ғоялар, ташаббусларни олиб чиқса, биз журналистлар қўллаймиз!

Учқун Камолов:

– Илмга ҳам маърифатга ҳам яна бир тўсиқ пайдо бўлди. Уни енгиб ўта оладими ёки… эҳ афсус..

Маърифат бу – инсонларнинг онгини, билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим тарбия ҳисобланади. Илму урфон ривожланган ва қадрланган жамият тараққиётга юз тутиши бешакдир.

Кўтарилган мавзу бугунги кундаги ўта муҳим масалалардан бири бўлиб, унга ижобий ёндашиш билан бутун бир миллатнинг келажакдаги илм маърифатининг тақдири, белгиланади.

Манижа БАҲРИЕВА,

журналист

ЎзА