Амир Темур мақбарасидаги талончиликлар: ўғирланган ёдгорликлар қаерда?

2020-07-15T06:10:37+05:0015 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Самарқанддаги Соҳибқирон қўним топган мақбара асрлар давомида салобат тўкиб турган бўлса-да, ундаги беназир бойликлар узоқ йиллар талон-торож этилди, ҳаттоки Соҳибқирон хилхонаси гумбази устига ўрнатилган соф олтиндан қуйилган қубба ҳам ўғирлаб кетилди.

Туркистон ўлкаси Россия империяси томонидан босиб олингач, бу ердаги тарихий обидаларнинг тақдирида анчайин ўзгариш рўй берди. Энди ёдгорликларнинг бўлаклари ва бошқа қисмлари узоқ мамлакатларга ташиб кетила бошланди. Ўзида хазиналарни жамлаган Гўри амир ҳам бундай талон-торожликдан омон қолмади. Қуйида Амир Темур мақбараси билан боғлиқ ана шундай айрим талончиликлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

ТEМУРИЙЗОДА ҚАБРИДАН ЎҒИРЛАНГАН МАРМАР ЛАВҲА

Амир Темур мақбараси нақшларининг рангли жадвалини тузиб, нашр эттирган рус археологи ва шарқшуноси Николай Веселовский бошчилигидаги экспедиция 1895 йилда маҳаллий рус маъмурлари билан келишиб, Темурийлар хилхонасининг нафис безакли, нақшинкор эшигини Санкт-Петербургга олиб кетди. Хилхонанинг ғарбий томонидаги эшик ҳам ўғирлаб сотилди. Ҳозир у Лондондаги Виктория ва Алберт музейида сақланмоқда.

Исмоил Гаспирали муҳаррирлигида чоп этилган «Таржимон» газетасининг 1901 йил 31 октябрдаги сонида қайд этилишича, ўша йилнинг 23 сентябрига ўтар кечаси Темур мақбарасида ўғирлик содир этилади. Ёвуз ниятли кишилар қулфни осонгина бузадилар. Улкан гумбаз остидаги дахмада Соҳибқироннинг суюкли набираси Муҳаммад Султон қабри устига қўйилган ёдгорликдан узунлиги қарийб икки аршин бўлган, турли ёзувлар битилган мармар лавҳани қўпариб оладилар. Бундан ташқари, «Маснавийи шариф» китобини ҳамда бошқа нарсаларни ҳам ўзлари билан олиб кетадилар.

ИМПEРАТОР МУЗEЙИ УЧУН ҚЎПАРИЛГАН ОЙНАЛАР

Тарихчи Амриддин Бердимуродовнинг қайд этишича, 1903 йили Россия императори Александр III нинг музейи учун Темурийлар хилхонасининг ойнасидан бир қисмини жўнатиш сўралади. Маҳаллий амалдорлар бу илтимосни аъло даражада бажардилар: ойна қўпарилиб, зудлик билан империя пойтахти бўлган Санкт-Петербургга жўнатилди.

1905 йилда Гўри амирда талончилик билан боғлиқ яна бир воқеа юз берди. Темур мақбарасининг кириш жойидан бирини безаб турган ноёб нақшинкор битиклардан бири йўқолди, аниқроғи, ўғирланди. Пештоқлардан бирига кўрк бериб турган бу лавҳада арабий оқ ҳарфлар билан «Жаҳонгир Амир Темур Кўрагоннинг қабри, Худо уни раҳмат қилсин ва абадий жаннатга мушарраф бўлсин», деган ёзув битилган эди.

САМАРҚАНДГА ЭМАС, ПEТEРБУРГГА…

Тез орада аниқланишича, унга аллақачон харидор ҳам топилган, бунда воситачиликни турк савдогарлари ўз зиммаларига олганлар. Улар ўзлари учун ҳам мўмай даромад ишлаш мақсадида қадимий ёдгорликни 1906 йилда Константинополда Берлиндаги Император музейи директори Т. Бодега қайта пуллаганлар. Шу вақтда унинг қийматини ҳисоблаб кўрган журналистлар ўзини ошкор қилмаган савдогар ноёб тарихий кошинни немисларга 5000 марка олтиндан камига сотмагани ҳақида бонг урганлар. Айрим адабиётларда музей директори қадимий ёдгорликни 10000 минг маркага харид қилгани ёзилган. Бу ўша давр учун улкан маблағ ҳисобланади.

 

Бироқ шиддат билан бошланган дипломатик можаролар ва кўп йиллик ёзишмалардан сўнг немислар Гўри амирдан ўмарилган битикни 6000 марка эвазига қайтаришга рози бўлдилар. Шундай қилиб, Биринчи жаҳон уруши бошланмасидан бироз олдин битик Петербургга келтирилди. Бироқ талончиликнинг ташаббускори ким эканлиги ошкор этилмади. Ҳозирда у Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажида сақланмоқда.

Алишер ЭГАМБEРДИЕВ

ЎзА