«Нажот» газетаси ҳақида биласизми?

2020-06-25T05:01:08+05:0025 Iyun, 2020|Умумий янгиликлар|

“Нажот” газетаси 1917 йилнинг 23 мартидан ўша йилнинг июнига қадар фаолият юритиб, Туркистон мусулмонлари марказий шўросининг нашри сифатида дунёга келган.

Мунаввар қори Абдурашидхонов муҳаррир бўлган ушбу газета Абдулла Авлонийнинг ёзишича, чор ҳукумати зулмидан қутилиш учун “Нажот”, деб номланган. Газетанинг маслак ва мақсадини ифодаловчи “Хитобнома”сида “Бизнинг шиоримиз – мусулмонлар бирикингиз. Биз мусулмонлар аксари “демократ”, яъни авом аталган халқдан иборатдир… Синфларнинг фарқлари мусулмонлар орасида жуда заиф, бизнинг камолотимиз шундадир. Камчилигимиз ҳам шунда, синфларнинг фарқлари сиёсий ҳаётни жуда кучайтирадир, унинг фазилати шундадир. Лекин ул миллатни бўладир – онинг камчилиги шундадир, биз фазилатимизни орттирайлик, камчилигимизни тугаллатайлик. Яшасин зўр ислом дунёси”, дейилган.

Шу ўринда “Нажот”нинг мавжуд сонларини варақлаймиз. Унинг 10-сонида Салоҳиддин Муфтизоданинг “Сукут қилинг! Соҳиби сарватларнинг нидоси” мақоласига раддияси босилган. Мақола муаллифи мавжуд иқтисодий қийинчиликлардан фойдаланиб, большевикларни ташаббусни ўз қўлларига олишга чақиради, камбағал қатламларни бойларга қарши қўяди. С.Муфтизода бунинг оқибатини олдиндан кўргани ҳолда давлатманд инсонларга мурожаат қилиб, халқ орасида нотинчлик ва ҳукуматга ишончсизликнинг тарафдори бўлган кучларнинг ғаразли мақсадидан огоҳлантиради.

Бозорларни арзонлаштириш, халқнинг энг зарурий муаммоларини зудлик билан ҳал этишга чақиради. “Нажот”нинг 12-сонида С.Муфтизода “Таҳқиқсиз саджоқат” мақоласини “Мен “Турон” жамияти аъзосиман, тараққийпарварман. Тараққийпарварлик дин ва шариат ила қойимдир”, деб бошлайди. Шундан сўнг мақсадга ўтиб, газетанинг аввалги сонида ўзини тараққийпарвар, деб таништирган Ҳусайиновнинг “Туркистанский курьер” газетасини тараққийпарварларга хизмат қилган газета сифатида таништиришига қарши чиқади. Аксинча, бу газетанинг Туркистондаги миссионерлик фаолиятига оид мақолаларини мисол келтириб, Ҳусайиновнинг ўзини таназзулпарварликда айблайди.
Ўша даврларда босма нашрлар ўз сўзи, ўрнига эга бўлган мутахассисларнинг мақолаларини чоп этарди. Керак бўлса, ҳақ сўзни айтишдан чўчимайдиган эди. Лекин уларга ҳам босимлар, қаршиликлар, мақолаларга раддиялар берилган. Аммо ўқувчи ўзи учун керакли хулосани чиқариб олишига имконият яратилган.
Мардикорликдан қайтганларнинг бир қисми аллақачон большевиклар таъсирига тушиб қолган эди. Улар ўз хабарлари ва маълумотларида айни шу масалага эътибор қаратади. “Қардошлик ҳисси” номли хабарда Андижондаги “Айнул Ислом” жамияти 5 май куни Еттисувдаги очликни муҳокама қилиб, 4 кишилик комиссия қирғиз қардошлар учун иона йиққани ва 12 май куни “Айнул Ислом” раиси мулло Заҳриддин Аълам 427 сўмни почта орқали муҳтожларга йўллаганини хабар беради. Шунингдек, Мулло Абдураҳмон Абдулқайюм ўғли Хўжандда Ҳожи Ҳомид мулло Қосим ўғлининг бозорга уруғлик чиқариб текинга тарқатгани, Тошкентдаги “Гулистон” жамиятининг мактаб ва мадрасаларда ўқиётган ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдамга муҳтож ёшларга кўмакка тайёрлиги ҳақида хабар беради.

Қўқонда Имомназар қори Али Назар ўғлининг Миср, Истанбул, Байрут ва татар нашрларида чиққан янги китобларни олиб келиб, “Замон” номли кутубхона очгани ва 3 май куни Қўқонда “Ҳуррият” номида нашриёт ширкати таъсис этилгани ҳақида ёзилади.

Шокиржон Раҳимийнинг “Ш.Р.” имзоси остида ёзган “Ҳурриятдан нечук фойдаланамиз?” мақоласи “Остроумов бобой миссионер Туркистонни қалин кўрпага ўраб ухлатишда ўзига “қадимчи уламолар”ни дўст этди”, деган хулосаси билан аҳамиятли бўлса, Ғулжалик Тошмуҳаммад ал Ноамий ўз мақоласида “… ҳеч бир хаёлимизга келмаган ушбу шодлик ва ҳуррият ила жумла диндош ва ватандошларимизни чин кўнглимдан табрик қиламан.

Туркистон зиёлиларидан ўтинаманки, ҳар хусусда хизматларини аямай ватанимиз бўлган Туркистон учун ҳар бир фойдалик ишларни ишлашга, шундоғ вақтда ҳар бир минутни зое қилмасдан мумкин қадар тезлик ила ватанимизга энг зарурий бўлган ҳар бир камчиликларимизни тўлдирмоқ ва шул мақсадда ҳурриятдан фойдаланмоқ йўлларини қидирсалар. Аҳолини ҳурриятдан огоҳлантириб, ҳурриятнинг нима эканлигини ва қанча йилдан бери тортиша-тортиша ниҳоятта кўп қон тўкилганидан кейин келиб чиққан бул ҳурриятнинг қадрини билиб, замонага мувофиқ ишлар қилишга йўлбошчи бўлсалар. Ҳам мумкин қадар хизматларин аямай халқ орасинда бирлик фикрини тарқатиб бирлаштирмак ҳамда шул бирлашув орқасинда ҳар бир диний ва миллий ишларни йўлга солмоқ, мактаб ва мадрасаларимизни эски кўйича қолдирмай, замонага мувофиқ кенг программали қилиб ислоҳ қилмоқ, миллий матбуот хусусида ҳар бир бўлган оғриқларни йўқ қилиб, газета-журналлар нашрига киришмакдир», деган фикрлари билан аҳамиятлидир.

Хуллас, бу газетанинг бор-йўғи 20 та сон чиққан. 5 та сони анча абгор ҳолда бўлса ҳам кутубхоналаримизда мавжуд. Келгусида унинг қолган сонларини жамлаб, тадқиқ этишга муяссар бўлармиз.

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.

ЎзА