Олтин авлод қўшиқлари мангу янграсин

2020-06-22T06:32:28+05:0022 Iyun, 2020|Сирдарё вил.|

Ёрқин истеъдод эгаси, улкан сўз санъаткори, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг очилганлигига кўп муддат бўлмади. Шу қисқа вақт мобайнида мактабнинг ижодкор ўқитувчи ва ўқувчилари ўзларининг ижод намуналари билан нафақат вилоятимиз, балки республикада нашр этилаётган газета ва журналларда мунтазам равишда қатнашиб бормоқдалар. Жамоанинг жонкуяр, фидойи директори Муҳаммад Исмоил барча ижодкор ўқитувчи ва ўқувчиларнинг яқин маслакдоши, кўмакдоши.

Куни кеча Ижод мактабида жуда қувончли кун бўлди. Яъни, мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларининг шеър ва мақолалари жамланган илк китоби – “Олтин авлод қўшиқлари” номи билан дунё юзини кўрди. Китоб элимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Исмоил қаламига мансуб “Ижод мактаби” мадҳияси билан бошланади:

Ёшлик қуёшининг зарлари тарқаб,

Ҳаёт саҳнасига ёғилмоқда нур.

Иқтидор, заковат жавҳари сачраб,

Миллат юрагидан сочилмоқда дур!

Дарҳақиқат, иқтидор, заковат жавҳари бўлган ижодкор ўқувчилар битаётган мисраларда юртга садоқат, эзгулик, инсонийлик, ишонч, меҳр-муҳаббат каби юксак фазилатларни улуғловчи фикрлар мужассамлашган.

Ижодкор ёшларнинг табассум балқиб турган юзлари, қувончдан порлаб турган кўзларига боқиб, ижод мактабининг директори Муҳаммад Исмоил шундай деди: “ – Китоб – инсонни юксак чўққиларга, орзу-мақсадига эришишида йўлини ёритувчи маёқдир. Инсон учун, аввало, китоб дўст бўлиши керак. Мана шу китобга жам бўлган ўқувчиларимизнинг шеърлари, мақолаларида уларнинг теварак-атрофда бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар, гўзалликдан баҳра ола билиш билан бирга инсонлар орасидаги меҳр-оқибат тўғрисидаги ижод намуналари мени қувонтирди. Албатта, бу ҳали бошланиши. Келажакда ҳар бирингизнинг китобингиз алоҳида тўплам бўлиб чиқади. Бунинг учун эса ўқувчиларимиз кўпроқ бадиий китоблар ўқишлари, изланишлари лозим.

Азиз болаларим, мана биз мактабимизда жуда кўп таниқли шоир, ёзувчилар, санъат намоёндалари билан ижодий учрашувлар, “Маҳорат дарслари” ўтказдик. Боиси, сиздаги ижодкорликни ривожлантириш. Адабиётга эътиборни миллатга бўлган эътибор деб тушунишингизни хоҳлайман. Ижодкор – халқнинг кўзгуси. Ижодкор – халқнинг ишончи. жодкор – маънавият тарғиботчиси.

Мен мана шу қўлимдаги ўқувчиларимизнинг илк ижод намуналаридан ташкил топган китобни азиз болажонларимизга совға қилар эканман, шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлар эдим. Болаларим, бу сизнинг илк ютуғингиз. Истардимки, Ижод мактабимиз ўқувчилари орасидан Ҳалима опамдек, Зулфияхоним, Тўра Сулаймон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва бизнинг фахримиз бўлган буюк ёзувчи, шоирларимиз каби ижодкорлар етишиб чиқсин. Сизлар бизнинг келажагимиз, ишончимиз, дуру жавоҳирларимизсиз”.

Ижодкор ўқувчилар ўзларининг ижод намуналари жой олган китобни севимли Устозни қўлларидан олар экан, улардаги ҳаяжон, ҳайрат, қувонч, ўзига бўлган ишонч барчани шодлантирди.

– “Мен таътил даврида ҳам изланишдан, ижод қилишдан тўхтамадим. Ёзаётган ҳар бир сатримда сиз устозларимнинг меҳрини, ишончини ҳис қилдим. Худди ёнимда тургандай бўлдингиз, сўзларингиз қулоғимда жаранглаб турди. Ижодкор учун тун ва куннинг фарқи йўқ. Илҳоми келган пайти ёзаверади. Шунинг учун биз мудом уйғоқ бўлишимиз, бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмаслигимиз лозим. Устозларим, сизларга беҳисоб ташаккур, бизнинг шеърларимизни, мақолаларимизни ўқиб, ўзларингизнинг зарур маслаҳатларингизни, кўмагингизни бериб келганингиз учун, бизга ишонганингиз учун раҳмат. Ишончингизни албатта оқлаймиз, азиз устозларим,” – дея ҳаяжонланиб, тўлқинланиб дилидагиларни баён этди шеърлари ушбу китобда жамланган ёш ижодкор Зулҳаё Мингбоева.

Тўпламдан элимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Исмоил, шоир Ҳусниддин Ҳайит, Фарҳод Фидо, ижодкор ўқувчилардан Севинч Акромжонова, Маржона Абдумаликова, Шаҳло Давронбекова, Малика Ҳабибуллаева, Дилноза Жабборова, Ҳилола Сафарова, Зулҳаё Мингбоева, Одина Йўлчиева каби ўнлаб ўқувчиларнинг шеър ва мақолалари жой олган.

Ўқувчиларнинг ижод намуналарини саралаб, таҳрирлаб, нашрга тайёрлашда мактаб раҳбари Муҳаммад Исмоил, маънавий-маърифий ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари Турсуной Маматхолиқова, Зафар Тўйчиев, “Ёш қаламкашлар ва журналистика” тўгараги раҳбари Ҳусниддин Ҳайитов, Шоҳсанам Қаршиева, Қаҳрамон Мамаев, Аҳрор Фатталов, Зоҳиджон Зокировларнинг меҳнатлари беқиёсдир.

Ижодкор ўқувчилар ва ота-оналарни чексиз қувонтирган ушбу тўплам Ижод мактабининг барча ўқувчи ва ўқитувчиларига тақдим этилди. Ишонамизки, ушбу тўпламдаги ёш ижодкорларнинг ижод маҳсули барчага манзур бўлади ва келгусида ҳар бир ўқувчининг алоҳида китоблари чоп этилади.

Моҳидил Зияева,

Ижод мактабининг она тили ва адабиёти

фанлари ўқитувчиси,

Халқ таълими аълочиси