Шеърлари китобхонлар кўнглини забт этишда давом этмоқда…​

2020-06-20T05:41:46+05:0020 Iyun, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир Абдували Қутбиддин ҳаёт бўлганида бугун 60 ёшга тўлган бўлар эди.

Шоир 1960 йилнинг 20 июнида Қарши шаҳрида зиёли оилада таваллуд топди. Ота-онаси асли Самарқанднинг Ургут туманидан бўлгани боис шоирнинг болалиги, асосан, Ургут ва Самарқанд шаҳарларидаўтди. 1977 йили Самарқанд шаҳридаги 14-умумий ўрта таълим мактабини тугатди.1978 ‒ 1983 йилларда ҳозирги Ўзбекистон миллий университетининг Журналистика факультетида таълим олди.

Меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоятининг “Зарафшон” газетасида мухбирликдан бошлади. Кейин яна Тошкентга қайтиб, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, “Ёзувчи” нашриётида бош муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи,Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Халқаро” телеканали директори ўринбосари, “Мусиқа” дирекцияси директори ўринбосари, “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази директори ўринбосари ҳамда “Халқ сўзи” газетаси шарҳловчиси вазифаларида хизмат қилди.

Мактаб ёшида ёзиб, матбуотда чоп этган шеърлари оғизга тушган эди. Ижодкорлик Абдували мансуб машҳур оила учун меросий эди.

XVI асрда Самарқанд яқинидаги Даҳбед қишлоғи бу ерга Наманганнинг Косонидан келиб, ўрнашган Махдум Аъзам Косоний – Даҳбедий шарофатидан нақшбандиянинг йирик марказига айланган эди. XIX аср охирлари – XX аср бошларида Даҳбедий пирларнинг муриди бўлган бир авлод шарофати билан Ургут ҳам тариқатнинг йирик марказларидан бирига айланди. Ургутий пирлар орасидан шундай бир сулола етишиб чиқдики, бу оила аъзолари тариқатни отадан ўғилга ўтказа бориб, ўзига хос бир занжир ҳосил қилди. Занжирнинг бошида Хожа Валихон Ургутий турган эди. Бу зот ўз даврида«қутб уз-замон», «Эшони Ургутий», «Иршодпаноҳ» (шайхликка рухсат берувчи), «Шайхи жаҳон» деган улуғ номлар биланшарафланган. У Нақшбандия силсиласида 32-ҳалқа ҳисобланади.

Валихон эшон 1915 йили вафот этган. Ургутнинг Чорчинор мавзесида дафн этилган. 1983 йили у кишининг ёнларига неваралари Қутбиддин Муҳиддинов дафн этилди.

Абдували Қутбиддин ана шу Хожа Валихон Ургутий эшоннинг чевараси бўлади.

Эшони Муҳиддинхон битган мактублар алоҳида китоб ҳолига келтирилган. Ўғиллари – Қутбиддин Муҳиддинов тожик тилинингикки жилдли изоҳли луғати – «Фарҳанги забони тожикий»ни, шунингдек, «Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати» 4 жилдлигининг юзага келишигамуносиб ҳисса қўшди. Олим 1971 йили, яъни 65 ёшида «Мирзо Муҳаммад Маҳдихоннинг «Санглоҳ» луғати (тадқиқот, шарҳ, таржима ва транскрипция)» мавзусида филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлади. «Қутбий» тахаллуси билан ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ҳам битган. Муҳиддин эшоннинг бир неваралари ‒ Муслиҳиддин Муҳиддинов филология фанлари доктори, профессор, бошқа бир неваралари ‒ Исҳоқхон Носиров филология фанлари номзоди, доцент. Абдували бу сулоланинг китоб битган тўртинчи авлоди ҳисобланади.

Абдували баракали ижод қилди. Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида “Найсон” (1988) номли илк тўплами Рауф Парфи сўзбошиси билан босилиб чиқди. Бу мўъжаз тўплам тез орада адабий жамоатчилик эътирофига сабаб бўлди. Шу тариқа Абдували адабиётга ўз овози билан кириб келди. Шундан сўнг шоирнинг кетма-кет “Бахтли йил” (1991), “Хаёл кечаси” (1994), “Сен ва сен учун” (1996), “Узоқдан олисга” (2006), “Бор” (2011), “Даъват” (2014) каби тўпламлари нашр этилди. Абдували Қутбиддин достоннавис сифатида ҳам самарали ижод қилди ‒“Озодлик” ва “Изоҳсиз луғат”ни ёзди.

Абдували Қутбиддин ўз шеърлари билан замонавий адабиётда тасаввуф оҳангларини қайта жонлантирган ижодкорлардан саналади. Янги тимсол, талқин ва ифодалар топди.

Вафотидан кейин, яъни шу йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди “Сўз чамани” туркумида Абдували Қутбиддиннинг шеърий гулдастасини ҳам чоп этди.

Абдували Қутбиддин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист фахрий унвони, “Дўстлик” ордени, “Олтин қалам” Миллий мукофоти соҳиби эди.

Шоирнинг умри қисқа экан. У 2019 йилнинг 8 декабрида ҳаётдан кўз юмди.

Валихон эшон ва неваралари Қутбиддин эшонлар мангу қўним топган Чорчинор мавзеси мамлакатимиздаги муқаддас гўшалардан бири ҳисобланади. Сўз орасида Абдували Қутбиддин куни келиб, омонатни топширса, уни ана шу улуғ боболари ёнига дафн этишларини васият қилган экан.Шунга кўра, Абдували Қутбиддин ҳам шу ерда мангу қўним топди.

Дарвоқе, атоқли шоир Ғафур Ғулом шўро даврида зимдан Қутбиддин эшонни ўзига пир тутган эди. У зоти шарифнинг Эски Жўвадаги Сағбон кўчасининг Олча гузарида жойлашган ҳовлиларига тез-тез келиб турар эди. Баъзан шундай бўлар эканки, Ғафур Ғулом дарвозаларини тақиллатиб улгурмасидан пирнинг ўзлари ғойибона ҳис билан пешвоз чиқиб, уни шоирга очар эканлар. Бу кароматдан иккалалари ҳам таъсирланиб, йиғлаб юборишар экан. Шундай кунларнинг бирида Ғафур Ғулом яхши ният билан, эскича иримимизга кўра,бобосининг уйларига Самарқанддан меҳмон бўлиб келган, ҳали 6 ёшга ҳам тўлмаган болакай ‒ Абдувалининг оғзига тупурган экан…

Ибрат томони шундаки, Муҳиддиновлар оиласи билан Ғуломовлар оиласи ўртасида ана ўша чинорлар ўрнатиб кетган мустаҳкам қадрдонлик ришталари кейинги авлодлар тарафидан ҳозиргача ҳам изчил давом эттириляпти.

Абдували Қутбиддин ўзидан катта мерос қолдирди. Умрининг охирларида телефон орқали сўзлашганимизда:

‒ Ака, ана-мана демай, олтмишвой бўлиб қоляпмиз. Анча йилдан буён китобим чиққани йўқ. Юбилей олди бир катта тўплам ҳозирлаяпман. Ҳатто, шу ниятда бир ойлик ижодий таътил ҳам олдим, ‒ деган эди.

Унинг ижоди кўплаб диссертациялар учун тадқиқот манбаси сифатида илмий ўрганилди. Маҳфуза Давронованинг “Ҳозирги ўзбек шеъриятида индивидуал услуб поэтикаси (У. Азим, И. Мирзо, Фахриёр ва А. Қутбиддин шеърияти мисолида)” (Самарқанд, 2019) мавзусидаги докторлик (DSс), Мафтуна Холованинг “Ўзбек модерн шеърияти поэтикаси” (Самарқанд, 2018), Гулноза Орипованинг “Мустақиллик даври ўзбек шеъриятининг ғоявий-эстетик ва бадиий хусусиятлари” (Фарғона, 2019) ва Дилшод Хурсановнинг “Ҳозирги ўзбек шеъриятида хронотоп поэтикаси” (Самарқанд, 2020) мавзусидаги фалсафа доктори (PhD) диссертацияларида, жумладан, Абдували Қутбиддин шеърияти хусусиятлари ҳам илмий таҳлил этилган.

Бугунги ўзбек шеъриятида шоирнинг издошлари ‒ анча. Унинг шеъриятимиздаги ўзига хос, янгича тимсолларга бой, жўшқин ҳиссиётли шеърлари ҳамон китобхонлар кўнглини забт этишда давом этиб келаётибди. Шундай мангулик ҳаммага ҳам насиб айласин.

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси​

ЎзА