ZOOM орқали Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимининг ислоҳоти: ОАВда ёритиш масалалари муҳокама қилинди

2020-06-18T07:10:28+05:0018 Iyun, 2020|Сурхондарё вил.|

Эркин оммавий ахборот воситалари ва мустақил судлар фуқаролик жамиятининг ажралмас қисми бўлиб, дунёдаги ҳеч бир давлат мазкур институтларсиз ривожлана олмайди. Зеро, улардан бирининг мустақиллигига раҳна соладиган омил иккинчисининг ҳам эркинлигини чегаралаб қўяди. Шу боис Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган янгиланиш ва либераллаштириш жараёнида суд ҳокимияти ва ОАВ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш жуда муҳим. Айниқса аҳолининг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий онги ва саводхонлигини оширишда, судлар фаолиятида жамоатчилик назоратини ўрнатишда, жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олишда журналистлар муҳим восита ҳисобланади.

Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан бу борада талайгина лойиҳалар амалга оширмоқда. Жумладан вилоятлар бўйлаб бугунги кунда USAID молиявий кўмаги асосида журналистлар ва блогерлар учун “Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимининг ислоҳати: ОАВда ёритиш” мавзусида семинар-тренинглар бўлиб ўтмоқда. Куни кеча ушбу тренинг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Сурхондарё вилоят бўлими билан ҳамкорликда вилоятда ҳам ташкил этилди.

Икки кунлик семинар инсонларнинг хавфсизлиги юзасидан онлайн ZOOM программаси орқали ташкил этилди. Унда тренерлар – ҳуқуқшунос, журналист Карим Бахриев ва ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетининг доценти Наргис Қосимова оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари, блогерлар ва ҳуқуқ: шаьн, қадр қиммат, ишчанлик обрўси, туҳмат ва ҳақорат масалалари, журналистнинг суд жараёнидаги ахборотни олиш билан боғлиқ масалалар, судловнинг ошкоралиги: очиқ ва ёпиқ судлар, ахборот манбалари ва улар билан ишлаш қоидалари, суд залидан репортаж тайёрлашнинг ўзига ҳос жиҳатлари, ҳуқуқий мавзуни ёритувчи журналистларнинг хавфсизлиги масаласи, ахборот хавфсизлиги асослари, хавфсизликнинг гендер аспектлари, суд-ҳуқуқ тизимини ёритишда ахлоқий тамойиллар мавзуларида маълумотлар асосида тақдимот ўтказишди.

Семинар сўнгида журналистлар ОАВ ва судлар фаолияти ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ҳуқуқий соҳага ихтисослашиш, судлар фаолиятини холисона ёритиш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Мастура Хамраева

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Сурхондарё вилоят бўлими мутахассиси