«Мустақил Ўзбекистон Қаҳрамонлари» номли китоб-альбом тайёрланади

2020-06-02T18:05:21+05:002 Iyun, 2020|Умумий янгиликлар|

“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва юқори даражадаги орденлар соҳибларининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган манзилли тарғибот тадбирлари ташкил қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва юқори даражадаги орденлар соҳибларининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган манзилли тарғибот тадбирларини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда ташкилий-ижодий гуруҳ шакллантирган ҳолда беш ой муддатда “Мустақил Ўзбекистон Қаҳрамонлари” номли китоб-альбом тайёрлайди. Китобни нашр этиш харажатлари Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси фондидан қопланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи, Республика Маънавият ва маърифат маркази икки ой муддатда таълим муассасалари ўқувчилари ва талабалари ўртасида “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва юқори даражадаги орденлар соҳибларининг ҳаёти, меҳнат фаолияти, жасоратини кенг тарғиб қилишга бағишланган танловлар ўтказади.

Маданият вазирлиги, Бадиий Академия, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси икки ой муддатда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва юқори даражадаги орденларга сазовор бўлган фидойи ватандошларимиз ҳақида давлат музейлари ва кўргазма залларида фото ва расмлар кўргазмалари, тасвирий-тарғибот тадбирларини ташкил этиш, улар меҳнатини мадҳ этувчи бадиий, публицистик асарлар, шеър ва достонлар, тасвирий асарлар, қўшиқлар яратиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, амалга оширади.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорликда икки ой муддатда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва юқори даражадаги орденларга сазовор бўлган юртдошларимизга бағишланган фильмлар, туркум телекўрсатувлар тайёрлаш, радиовикториналар ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ёшларнинг қизиқиш ва интилишларини ҳисобга олган ҳолда уч ой муддатда Ўзбекистон Қаҳрамонлари фаолиятини ёритишга қаратилган веб-сайт яратади, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига мазкур веб-ресурсдаги материалларни ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда кенг ёритиб бориш тавсия этилади.

“Kun.uz” дан олинди.