Наманганда қўғирчоқ театри қурилади

2020-06-02T17:54:20+05:002 Iyun, 2020|Наманган вил.|

Маданият ва санъат халқнинг юзини, нечоғлик ривожланаётганини кўрсатиб келган. Бу соҳага ҳар қанча эътибор қаратилса арзийди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам миллий маданиятни янада ривожлантириш, Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, юртимизнинг жаҳон маданий маконига фаол иштирокини таъминлаш, маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.

“Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонининг эълон қилиниши соҳанинг янада ривож топишига хизмат қилиши, шубҳасиз.Фармонда кўзда тутилганидек, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этилиши, давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартибининг жорий этилиши, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси – Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати, давлат муассасаси шаклидаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институтлари, республика ихтисослаштирилган эстрада ва цирк мактаби Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи этиб қайта ташкил этилиши соҳада жиддий ўзгаришлар юз беришидан дарак бериб турибди. Ҳар ойнинг биринчи якшанбаси давлат музейларида “очиқ эшиклар куни” деб эълон қилиниши билан бирга фуқароларнинг давлат музейларига бепул киритилиши халқимизнинг миллий маданият ва санъатимиздан бохабар бўлиб туришлари учун хизмат қилади.

Фармонга кўра, икки ой муддатда Навоий, Наманган, Сирдарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрларини ташкил этиш, мазкур вилоятларда қўғирчоқ театрлари биноларини қуриш, уларга ажратилган биноларни реконструкция қилиш, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасининг киритилиши биз учун чинакам хушхабар бўлди.

Вилоятимизда Болалар театрига бўлган эҳтиёж қопланади ва фарзандларимиз миллий қўғирчоқ театрларимиз томошаларидан баҳраманд бўлишади.

Саида Исмоилова