Дўстни… сотиш мумкин

2020-05-03T15:30:22+05:003 May, 2020|Ҳангомалар|

Ажойиб кунларнинг бирида чошгоҳ маҳали ишхонам («Халқ сўзи» газетаси)га қўнғироқ бўлиб қолди. «Аббосхон борми?» сўради кимдир. «Бош муҳарриримиз Кабминда эдилар, кечирасиз, у кишини ким йўқлаяпти?» сўрадим.

– Мен Абдулла акангизман, бу ким?

Шунда телефоннинг нариги чеккасидаги одам улуғ шоиримиз Абдулла Орипов эканлигини англадим ва шошганимдан «Абдулла ака, мен Эсиргапман (менинг гувоҳномамдаги исмим), нима хизмат?» дедим.

– Э, бу сенмисан, яхшимисан, – бирдан сенсирашга ўтдилар Абдулла ака. –Болнитсадан телефон қилаяпман, салгина шамоллабман, шекилли, янги шеърларимни обормоқчи эдим.

– Обкелинг, Абдулла ака, – дедим, – эртагаёқ берворамиз.

Дарҳақиқат, Тўра Сулаймоннинг ибораси билан айтганда, ўша пайтларда мен ҳам таҳририятда «катта итлардан бири» эдим. Қолаверса, у дамлар Абдулла аканинг қиличининг дами жуда ўткир эди. Ҳеч бир Бош муҳаррир унинг олдига кўндаланг чиқа олмасди.

Орадан ярим соатлар ўтгач, мен компьютерхонадалигимда айтишдики, хонамда мени Абдулла ака кутяпти экан. Борсам, Абдулла ака қўлини манглайига қўйиб, узун хонанинг у четидан бу четига бориб келаётган экан. Саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, Абдулла ака қўлини деворга нуқтаб, манавинг яхши гап экан, дедилар.

Мен хонамга ҳар хил ҳикматларни ёзиб қўяр ва уларни тез-тез алмаштириб турардим. Бу сафар деворда «Дўстни сотиб олиб бўлмайди, аммо… сотиш мумкин», деган ҳикмат ёзилганди. Абдулла акани безовта қилаётган фикр шу экан.

Хуллас, шеърларни газетага эртага чоп этиш учун олиб қолдим, Абдулла ака кетаётганларида телефонингни ёзиб бер, дедилар.

Орадан бир соатлар ўтгач, Абдулла ака телефон қилиб, қоғоз-қалам олишимни сўради ва қуйидаги тўртликни айтиб турди:

Дунё кенг, шаталоқ отиш мумкиндир,

Ёки харсангтошдай ётиш мумкиндир.

Эсиргап айтгандай, ҳақиқий дўстни,

Сотиб олиб бўлмас… сотиш мумкиндир.

Нима дейишимни билмай, бир муддат қотиб қолдим. Сўнгра тасаннолар айтиб, бу тўртликни нима қилишимни сўрадим. Бошқа шеърлар билан биргаликда газетага бервор, дедилар. Худди шундай бўлди. Газета босмахонага топширилгунча Абдулла ака, адашмасам, 5-6 маротаба қўнғироқ қилди ва ҳар сафар шеърларига тузатишлар киритди. Ҳозирги тўртликка ҳам «Мутойиба», деб сарлавҳа қўйдирди ва изоҳ берди:

– Янганг ўқиб, одамлар чиндан ҳам дўстни сотса бўларкан-да, мана Абдулла шоир фатво берибди-ку, деб ўйлаши мумкин, деяпти. Халқ билади-да, халқ билади, халқ доно!

Хаёлимдан Абдулла ака «халқ» билан ҳам маслаҳатлашиб турар экан-да, деган фикр ўтди ва дарҳол тузатишни киритдим.

Ҳаммаси эртасига бошланди. Телефоним ўша куни тинимсиз жиринглади ва таниш-билиш, дўсти-биродарлар табриклашар ҳамда улуғ шоирнинг эътиборига тушганим билан қутлашарди. Айримлар энди «ўсиб» кетишим ҳақида кароматлар ҳам қилишарди. Албатта, бу менинг учун ҳам ёқимли эди. Шу куни бўйим бир газ ўсди. Ташаккур билдириш учун Абдулла акага роса телефон қилдим, аммо гўшакнинг нариги томонида сукунат ҳукмрон эди. Чамамда, Абдулла ака касалхонадаги муолажалар билан банд эди.

Хуллас, кечга томон Абдулла аканинг ўзлари телефон қилиб қолдилар. Овозларидан кайфиятлари чоғ эди.

– Қалайсан, шоир, одамлар безовта қилмаяптими?

– Э, Абдулла ака, бормисиз? Раҳмат ака, одамни машҳур қивордингиз. Тарихда қоп кетадиган бўлдим.(Дарҳақиқат, бу шеър кейинчалик шоирнинг китобларидан ҳам ўрин олди). Бугун телефоним дам олмади.

– Қўявер, бу яхши, буёғини айтсанг, бу ёқда мен ҳам дам олганим йўқ, телефонлар, йўқловчилар, табрик устига табрик. Демак, биз яхши иш қилибмиз. Фақат бир нарсага кулгим қистайди. Ҳол сўрагани келган министрлар, академиклар сўрашаяпти: «Эсиргап ким бу? Қайси асрда яшаб ўтган аллома?» Абдулла ака мириқиб кулади ва қўшимча қилади: «Мен уларга, Эсиргап замонамиз файласуфларидан бири, деб айтдим, қалай?»

– Раҳмат, Абдулла ака.

Шу пайт хаёлимга яна бир фикр келди ва Абдулла акага мурожаат қилдим:

– Яқинда мен Хоразмга боргандим, бир мақол ўрганиб келдим. Как раз, сизбоб экан, яхши нарса чиқиши мумкин.

– Нима экан у, айт-чи?

– Етти марта эмас, етмиш марта ўлчагин, аммо… Ёшулли айтган жойидан кес!

Абдулла ака мазза қилиб кулди. Ёнимда ушбу суҳбатга гувоҳ бўлиб турган таниқли журналист Шуҳрат Жабборов ҳам қаҳқаҳа отиб юборди.

Кулиша-кулиша Абдулла ака билан хайрлашдик.

Эртаси куни Абдулла ака яна телефон қилдилар ва қўлимга қоғоз-қалам олишимни айтдилар. Оҳиста диктовка қила бошлади:

Келинга

Мана ўтиб олдинг асал ойидан,

Энди сув ичгайсан турмуш сойидан.

Етти ўлчаб бир кес, етмиш ўлчаб кес,

Аммо кес…Ёшулли айтган жойидан.

– Офарин, Абдулла ака, офарин! –дедим. – Жуда ажойиб! Нима қиламиз, газетага босворайми?

– Шошма, тўрт-бешта бўлсин, бирга берамиз.

Абдулла ака шундай дедилару аммо тўртлик бу кунисига «Ўзбекистон овози»да чиқиб кетди. Маълум бўлишича, Абдулла аканинг «айби» янги шеърни касалхонага келган Сафар Остоновга ўқиб бергани, холос.

Бу тўртлик орадан бир ойлар ўтгач, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи очилиш йиғилишида ҳам улуғ шоиримиз томонидан ўқиб берилди. Албатта бу ерда урғу келинга эмас, Ёшуллининг маслаҳатига амал қилишга қаратилган эди!

Шу воқеалардан кейин биламанки, Абдулла Орипов қарийб бир йил жуда кўп тўртликлар ёзди ва шоирнинг бу жавоҳирларини «Ўзбекистон овози» ҳар бир сонида битталаб бериб борди.

Алишер Болиевнинг “facebook”даги

саҳифасидан олинди