Бугун – Халқаро матбуот эркинлиги куни

2020-05-03T11:09:24+05:003 May, 2020|Умумий янгиликлар|

Очиғи, икки кундан бери журналист сифатида “Нима мавзуда ёзай экан?”, деб ўйланиб тургандим. Бухоро ва Сардобада юз берган сўнгги воқеалар хронологияси менга нима мавзуда ва қандай ёзиш бўйича туртки берди.

Аввало, сўз эркинлиги тўғрисида. Усиз умуман журналистикани тасаввур қилиб бўлмайди. Усиз эркин жамиятни тасаввур қилиб бўлмайди. Усиз тараққиётни тасаввур қилиб бўлмайди.

Сўнгги уч-тўрт йилда бизга илгари тасаввур қилолмаганимиздек ҳажмда сўз эркинлиги кириб келди. Унинг оқибатида бугун биз оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мисли кўрилмаган баҳслар, мунозараларнинг иштирокчиси ва гувоҳи бўлмоқдамиз. Тўғри, орамизда “Сўз эркинлиги бизнинг бошимизга битган бало бўлмадимикин?” дея таҳликага тушиб қолганлар ҳам бор. Лекин мен уларга Уинстон Черчилнинг гапи билан жавоб қайтараман: “Демократия — бошқарувнинг энг ёмон шакли бўлиши мумкин, аммо инсоният ҳали ундан яхшисини ўйлаб топгани йўқ!”

Сўз эркинлиги, бу — муқобил фикр, дегани. Муқобил фикрлардан энг ҳаққонийсини танлаш, дегани. Рости, бизда ҳали бунга кўникма ва тажриба кам. Аммо ҳеч қачон ҳеч қайси бир давлатчилик осонликча қурилмаган. Бунга узоқ ва яқин тарихимиз гувоҳ. Мақсадга эришмоқ йўлидан кўп синовлар ҳамда қурбонликлар, йўқотишлар билан ўтилган.

Ўзбекистон Президентининг 2016 йилги сайловлардаги ғалабасидан сўнг демократик давлат сари интилиш, сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги ва баҳслашуви бош устувор вазифа сифатида белгиланди.

Ҳеч кимни ва ҳеч нимани танқид қилиш ниятим йўқ. Аммо бундан илгари вазият қандай бўлганини тажрибали ва ҳатто тажрибасиз журналистлар ҳам яхши билишади. У пайтларда ҳали “блогер” атамаси йўқ эди. Ижтимоий тармоқда ёзган одам ҳам ҳадик билан ёзарди. Сталин даврини кўрган бирор одам чиқиб, кўзга тик қараб “ Сен давлат сиёсатига қаршимисан?” ёки “Сиёсат билан ўйнашяпсанми?” деган таҳдид билан исталган “қаҳрамон”ни ҳам инига тиқиб қўярди.

Биз мамлакатимиздагидан кўра хориждаги вазирлар ва амалдорларни билардик. Бирорта сиёсатчининг маҳаллий телевидениеда чиқишига изн йўқ эди. Энди тасаввур қилинг: сўнгги уч йилда бизнинг вазирлар ҳам, сенатору депутатлар ҳам, Ҳукумат аъзолари ҳам халққа яқинлашишга мажбур бўлишди. Уларни Президентнинг очиқ ва янги сиёсати бунга мажбур қилди. Айниқса, Халқаро пресс-клубнинг сессияларида сўзга чиқмаган биронта ҳам амалдор қолмади. Биз ҳокимлар билан, вазирлар билан юзма-юз гаплашишга, аччиқ ва уларга ёқмайдиган саволлар беришга ўргандик. Ва ҳатто уларнинг нутқларини эшитиб, ҳаяжондан адашган пайтларида “қовун туширди” дея устиларидан кулиш, сазойи қилиш урфга айланди. Интернетда илгари хориждаги хайплар модага кирди. Тўғри-да, бир умр оғзига толқон солиб келган амалдорлар бирданига сўзлай бошлашди. Бир умр лом-мим демаган одамнинг қовун тушириши табиий эди-да. Ахир биз уларни Англия ёки Жанубий Кореядан олиб келмагандик. Ҳаммаси худди ўзимиз сингари эски тузумнинг одамлари эди.

Майли, бундан ҳам ўтармиз. Бизнинг амалдорларимиз ҳам қовун туширмасликка ўрганишар. Аммо биз бу “грипп”дан бирга даволанишимиз керак.

Ўзбекистон бугун Шарқ ва Ғарб давлатлари орасидаги энг сара тажрибани олмоқчи. Ва баъзида аччиқ меваларни ейиш ҳам насиб қиляпти. Ва бу табиий…

Бизнинг сиёсий воқелигимизда Президентнинг вилоятларга ташрифлари ва видеоселекторлари янги реаллик бўлди. Шавкат Мирзиёев “планли” ташрифларни ёқтирмайди. Олдиндан тайёрланган сценарийларни инкор этади. Танланган ва ўргатилган одамлар билан эмас, профессионаллар билан гаплашади. Кўргазмали учрашувларни-ку умуман қабул қилолмайди. Ўта расмиятчилик билан ўтадиган йиғилишлар ҳам унинг табиатига зид.

Ёдингизда бўлса, бир постимда айтгандим: видеоселектор бўладими ёки учрашув бўладими, Президент шошмайди. Хоҳ у профессор З.Б Навицкий сингари тажрибали мутахассис бўлсин, хоҳ катта амалдор, хоҳ вилоят ёки туман ҳокими, Президент шошмайди, сўзини бўлмай тинглайди. У ўз қарорида профессионалнинг фикрига таянади.

Шавкат Миромонович Президентликка номзод бўлганида Қорақалпоғистонга, адашмасам, Шуманай туманига борганида минглаб одамлар орасига кириб кетди. Уни одамлар зич ўраб олишди. Кимдир буни одамлар аввал мамлакатнинг биринчи раҳбарини кўрмаганлигига йўйди, аммо Шавкат Мирзиёев буни одамларнинг муаммолари тўпланиб қолганлигига, одамлар билан мулоқот бўлмаганлигига йўйди.

2016 йилги сайлов ҳам тугади. Бутун мамлакатни айланган Шавкат Мирзиёев халқ Президентига айланди. Балки кимдир ўшанда “Бу вақтинчалик, сайловдан кейин ҳаммаси тўхтайди, бу Мирзиёевнинг пиар технологияси” деб ўйлагандир. Аммо мана, 2020 йилнинг ўртасига келяптики, Шавкат Мирзиёев халқ билан мулоқотни тўхтатгани йўқ. Ва тўхтатмайди ҳам.

Халқ дарду ташвиши, одамлар ғами Президент учун қанчалик яқин эканини биз Бухоро ва Сардобага режадан ташқари тезкор ташрифларда ҳам кўриб, гувоҳи бўлдик. Пандемия шароитида Президент ҳимоя воситаларисиз оддий одамлар орасига кириб кетди. Сирдарё вилоятида давлат раҳбари икки сутка яшади, одамлар ичида бўлди. Уч-тўрт минг кишилик лицейлар, мактабларга, шунингдек, маҳаллаларга бориб, одамларни тинчлантирди, кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилди. Уларни кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлашга бош-қош бўлди. “Уйларингиздан сувни чиқариб берамиз, йўлларингизни таъмирлаб берамиз, далаларингизни ҳайдаб берамиз” дея уларни ишонтирди. “Фақат руҳингизни туширманг, кайфиятингизни кўтаринг!” дея уларга кўтаринкилик бағишлади.

Бу ишларни пойтахтдаги муҳташам кабинетдан туриб қилса ҳам бўларди. Ва одатда кўп раҳбарлар шундай қилади ҳам.

Мен буни Президентни мақташ учун ёзаётганим йўқ. Президент бунга муҳтож ҳам эмас. Мен ёзаётганим уч ҳолатда: коронавирус пандемияси, Бухоро ва Сардоба талафотларида сўз эркинлиги ҳамда вазиятни яширмасдан, ошкора кўрсатишни ўз-ўзидан деб билиш керак эмас. Бу Президентнинг сиёсий иродаси, унинг ўз йўлидан қайтмаслигини кўрсатди.

Коронавирус бўйича биринчи кунлардан шундай бўлди. Биз касални яширмадик. Чунки яширилганида албатта иситмаси ошкор қилар эди. Буни баъзи бир қўшни давлатлар мисолида ҳам кўряпмиз. Бизда шу мураккаб пандемиянинг келиши, қанча одам касаллангани, унга қарши қандай чоралар кўрилиши Президентнинг ҳар бир селекторида очиқ, халқдан яширилмай ёритилди. Пировардида Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш борасида мақтовга арзирли тажриба юзага келди. Кундан-кунга касаллар сони камайяпти. Мамлакат карантиндан ёруғ юз билан чиқяпти.

Бухоро ва Сардобада ҳам юз берган воқелар халқдан беркитилмади ҳамда яширилмади. Керак бўлса, вертолётдан ва дрондан олинган фото ҳамда видеосуратлар пешма-пеш намойиш қилиб борилди. Одамлар дезинофрмация, маълумотсиз қолдирилиш сиёсати остида яшамади.

Ҳали кўрасизлар, Шавкат Мирзиёев бу жойларга кутилмаганда яна кўп келади. Одамлар билан гаплашади. Берган топшириқларининг ижросини текширади. Қурилиш ишларини шахсан назорат қилади. Тошкентга қайтгач эса, махсус комиссия билан бирга воқеа сабаблари ва омилларини, масъуллар фаолияти ва ҳаракатсизлигини текширади.

Бу гапларни Шавкат Мирзиёевни кеча билган одам сифатида айтаётганим йўқ. 2005 — 2008 йилларда Бош вазирнинг матбуот котиби сифатида ишлаганимда, мен унинг кабинетда ўтирганини деярли кўрмаганман. Шавкат Мирзиёев кўп қаватли уйларнинг ертўласи, томи ва йўлаги ҳақида ўйларди, бошқа раҳбарлардан фарқли равишда бозорлардаги нархлар аҳоли учун қимматлик қилмаслиги борасида қайғурарди. 2008 йилнинг июль ойида Когонда снарядлар портлаганида когонликлар билан бир ой яшади. 2010 йили Андижон чегарасида юз берган воқеаларда-чи?! Ахир ўшанда Бош вазир Хонободда токи сўнгги одам ўз уйига етиб олгунга қадар яшамаганмиди? Вилоятларга борганда исталган пахта даласига кирар, селекциячи олимлар билан соатлаб гаплашарди, уларнинг режалари билан қизиқарди. Оддий айтганда, Ҳукумат раҳбарининг сиёсати одамларнинг муаммоларини енгиллатишга йўналтирилган эди.

Шавкат Мирзиёев Президент бўлганидан кейин бу масъулият юз чандон ошди ва унинг ҳаёти мазмунига айланди.

Мана шундай сўз эркинлигини биз уч омилда таҳлил қилиб бердик. Қолганларига эса ўзингиз гувоҳ ва шоҳиддирсиз!

Лекин биз яна бир нарсага ўрганишимиз керак. Бу — сўз масъулияти! Сўз эркинлигини асло суиистеъмол қилмаслигимиз лозим!

Халқаро пресс-клуб, мана, учинчи ҳафтадирки, вилоятларда юрибди. Ҳар бир вилоятдан “Узрепорт” орқали жонли чиқиш ёки “Ўзбекистон 24”га 50 дақиқалик кўрсатув тайёрлаш, очиғи, осон эмас. Унинг сўнгги 10 куни эса моҳи Рамазонга тўғри келди. Орамизда энг ёши каттадан тортиб, жуссаси ва ёши ўғлимдек болагача тонгда оғзини ёпиб, куни бўйи офтобнинг тиғида ишлаши, ифтор пайти эса автомашинада бир қултум сув билан оғзини очиб, туни билан монтаж қилиб чиқиши менинг ҳам ғайратимни янада жўштиряпти.

Сўзимнинг якунини бир фикр билан тугатмоқчиман. Японияда бир йилда бир неча мингтагача зилзила бўлар экан. Баъзида ер кунига беш-олти марта қаттиқ силкинаркан. 1 баллдан 3 баллгача бўлган афтершокларга улар пинагини ҳам бузмас экан. Табиат бузган нарсани тезда тиклаб олишади. Зилзилалар ҳам япон табиатини ўзгартириб юбормас экан…

Биз болалигимизда “мусичадек ювош” деган иборани кўп эшитардик. Лекин бугун бизнинг миллат янги қиёфада тикланяпти. Сўнгги кунлардаги воқеалар эса бизни битта хулосага келишга ундади: биз хаёлдаги афсонавий ҳумоқуши сингари эмас, табиатдаги кўзимиз кўриб турган лочиндан ибрат олишимиз ва у сингари яшашни ўрганишимиз лозим!

Шерзодхон Қудратхўжаев,
журналист, сиёсий фанлар номзоди.