Бирлашган ўзар…

2020-05-02T09:54:25+05:002 May, 2020|Умумий янгиликлар|

Бу ёруғ оламдаги мавжудотлар орасида энг кучлиси инсондир. Инсон аввало ўзининг ақл-идрок, билимию заковати билан, сўнгра жисмоний қувввати билан кучли. Бошқа барча кучли мавжудотлар жисмоний жихатдан кучли.

Бир зумда оламни кунпаякун қилиб юбора оладиган бомбаларни инсон яратган. Коинотни тадқиқ этган, Ойга қадам қўйган ҳам инсон. Ва ниҳоят, интернет деган ақл бовар қилмас мўъжизани яратган ҳам инсон. Хуллас, инсон ақл-заковати билан яратилган кашфиётларни санашу таърифлашга сўз ожиз.

Аммо соҳиби қудратнинг шундай мўъжизалари борки, унинг олдида буюк ақл эгаси, бетимсол кашфиётлар қилган инсон ожизу лол қолади.

Тўрт ойдирки, бутун дунё аҳли, олиму уламолардан тортиб давлат арбобларигача бир “душман”билан курашмоқда. Энг дахшатлиси, бу “душман”ни қўл билан ушлаб бўлмайди, оддий кўз билан кўришнинг иложи йўқ, фақат заррабин орқали кузатиш мумкин. Зеро, у митти бир зарра, номи – коронавирус. Дунёни остин-устун қиладиган бомбаларнинг ҳам кучи етмайди унга. Не-не улуғ зотларнинг бошини танасидан жудо қилган қиличу шамширлар чикора.

Ана шу кўзга кўринмас зарра – “душман” ер юзи бўйлаб наинки кун сайин, балки соат сайин ўнлаб, эҳтимол юзлаб инсонларни ҳалок қилмоқда. Очиғини айтганда, бу вирус Хитойда тарқалган дастлабки кунларда, ҳатто ойларда кўплаб давлатлар, айниқса, ҳар жихатдан қудратли давлатлар унга беписанд қаради, унчалик эътибор бермади. Ғишт қолипдан кўчгандан кейин эса бир-бирини айблашга ўтди. Бизни бир нарса ўйлантиради: хозир бу баҳсларнинг кимга қандай фойдаси бор? Унинг ўрнига биргаликда бу офатни тезроқ бартараф этиш чорасини кўриш керак эмасми?!

Коронавирус пандемиясидан айрим етакчи давлатлар раҳбарлари, кибрни одат қилган, ҳар қандай хиёнату ахлоқсизликдан қайтмайдиган, ҳаром ва ҳалолнинг фарқига бормайдиган, Яратганнинг қудратию марҳаматига имон келтирмайдиган, озодагарчиликнинг кўчасидан ҳам ўтмаган, ота-она, устозлар қадрини билмайдиган, фарзанд уволидан қўрқмайдиган, силаи раҳм нима эканини билмайдиган ва хоказо кимсалар ўзларига тегишли хулоса чиқара олармикан?! Улар лоақал шу офат нима учун келди инсоният бошига, деб ўйлармикан?! Билмадим…

Эътибор беряпсизми, бир ойдан буён бутун дунёни, жумладан, мамлакатимизни ҳам қандайдир вазминлик эгаллагандай. Одамлар ўзаро сухбатда ҳам босиқ овозда гаплашаётганга ўхшайди. Балки бу мавжуд воқеликдан инсонлар зарур хулосалар чиқараётганидан далолатдир. Балки бу одамлар арзимаган нарсалар юзасидан ўзаро бақир-чақир қилишдан тийилаётгани натижасидир. Балки бу ор-номус, ибо-ҳаё, одоб-ахлоқ каби улуғ фазилатлар устуворлик касб этаётганидан нишонадир. Балки бу одамлар ўртасида йўқолиб бораётган меҳр-оқибат, иззат-хурмат, силайи рахм яна қалқиб юзага чиқаётганидан бир белгидир. Балки… Шундай бўлаётгани рост бўлсин!

Ўйлаб қоласан киши. Нега инсон зоти боши деворга урилмагунча кўзини очмайди! Бошига бир кулфат тушмагунча оёғи ердан узилиб, хаволаниб юраверади? Афсуски, кўпинча кейин кеч бўлади. Бунга тарихдан ҳам, бугунги кунимиздан ҳам исталганча мисоллар келтириш мумкин.

Мусибатлар, оғир кунлар одамларни бир бирига яқинлаштиради, мехр-мурруватли қилиб қўяди. Хўш, нега шундай? Нима учун ақлли зот бўлган инсон қорни тўқлигида, соғлом эканида, ҳамма ишлари юришиб турганида ўша оқибатни, мехр-мурруватни унутиб қўяди? (Ҳар қандай шароитда ҳам ўзгалардан мехрини, ёрдамини аямайдиган, савоб талаб саховатпешалар бор. Улар том маънодаги катта харф билан ёзиладиган Инсонлар бўлиб, ҳеч қачон оёғи ердан узилмайди, кибрга берилмайди). Бунинг учун албатта бирон мусибатни кутиш шартми? Мен 1966 йил 26 апрелда Тошкентда рўй берган зилзилани яхши эслайман. Бир кунда бир неча марта ер силкинарди. Ўшанда одамлар шу қадар аҳил-иноқ, ҳамжиҳат бўлиб қолган эдики, бир оила фарзандлари ҳам бунчалар иноқлаша олмаса керак, деган хаёлга борарди киши. На таниш-билишу қариндош-уруғнинг, на маҳалладошу ҳамкасбнинг, на миллату ёшу кексанинг ахамияти йўқ эди. Ҳамма бир бирига меҳр-шафқат билан боқар, бирон-бир ёрдам беришни ўйлар эди…

Мамлакатимиз, халқимиз коронавирус балосидан азият чекаётган шу кунларда менинг хаёлимга ўша воқеалар келди. Назаримда халқимиз худда ўша пайтдагидек бир-бирига мехр-оқибати ортиб, янада шафқатли бўлиб қолгандай. Аслида бу хислату фазилатлар миллатимиз қонида бор. Бугун у янада бўртиб юзага чиққан кўринади. Зеро, давлатимиз раҳбари барчани бу эзгу ишларга даъват этмоқда. Бир эмас, уч марта халққа мурожаат қилди. Бу мурожаатлар самимийлиги, инсонпарварлиги, халқимиз ва юртимиз тақдири, келажаги учун, ҳар бир инсон хаёти учун куйиниб айтилгани билан юракларни ларзага солди. Бу гапларни эшитиб бефарқ ўтириш мумкинми?! Ҳар бир ватандошимиз бу балони юртимиздан тезроқ аритиш учун ўз ҳиссасини қўшмоғи зарур. Албатта, бу ҳиссанинг шакли ҳам, тури ҳам ҳар ҳил. Кимдир шифоси билан, кимдир маблағ билан, яна кимдир таскину далда берувчи сўзи ва қалами билан… Энг асосийси, бефарқ, лоқайд кимса йўқ, десак хато бўлмайди. Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим ғаламислар, бу вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринганлар ҳам учрамоқда. Улар денгиз юзидаги кўпик каби тезда ёрилиб кетмоқда.

Халқимзни қувонтирган нарса юртимизга коронавирус кириб келишидан анча олдин ундан қандай ҳимояланиш бўйича тавсиялар, яъни, тарғибот-ташвиқот ишлари бошланган эди. Биринчи бемор аниқланган 15 март кунидан эътиборан қатъий чора-тадбирлар кўрилди. Давлатимиз раҳбари мутасддиларга аниқ топшириқлар берди ва ижросини шахсан ўзи назоратга олди. Мақсад – иложи борича бу офат кенг ёйилишининг олдини олиш. Бунинг учун барча чоралар кўрилмоқда. Буни халқимиз ҳам, дунё ҳам кўриб, эшитиб турибди. Боз устига, одамларнинг турмуши оғирлашиб қолиши хавфининг олди олинмоқда, зарур маҳсулотлар етказиб берилаётир. Халқимиз бу офатдан беталофат, эсон-омон ўтиши учун давлатимиз барча чораларни кўрмоқда, ҳеч нарсани аягани йўқ. Ахолидан бир нарса илтимос қилинмоқда: уйда ўтиринг, заруратсиз кўчага чиқманг, тозаликка, гигиена қоидаларига қатъий риъоя қилинг. Тамом!

Афсуски, бу тартиб-қоидага беписанд қараётганлар ҳамон учрамоқда. Тассавур қилайлик, коронавирус бир тараф, унга қарши курашаётган халқ ва давлат бир тараф. Агар ўттиз тўрт миллионли халқ бир жону бир тан, бир мушт бўлиб курашса офат тезроқ чекинади. Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар, деган нақл бор халқимизда. Кимда-ким тартибга бўйсинмаса ёки уни назарга илмаса у ўша коронавирус томонга ўтган бўлади. Бу халққа, ватанга хиёнат хисобланади. Қадимдан шундай гап бор: бемор шифокор томонда бўлса у тезроқ тузалади, бордию касал томонга ўтса соғайиши гумонда қолади. Бу ақида бугун ҳар қачонгидан-да долзарб, аҳамиятли.

Карантин жойидан қочганлар, кўча-кўйда тартибни бузиб юрганлар хақида ўқиб хайрон бўлади одам. Ахир кимдан қочасан, қаёққа борасан? Бу ярамас вирусдан қочиб қутилиб бўлар эканми?! Шу қадар оми, масуълиятсиз бўлиш мумкинми? Бу офат олдида икки дунё бир қадам бўлиб қолмоқда-ку. Бундай ножўя харакатлар ўрнига хаётини хавф остига қўйиб ишлаётган чинаккам фидойи шифокорлар назоратида бўлиб сабр билан мутахасислар тавсиясига амал қилиш зарур. Бу бало юртимиздан тезроқ аришини Аллоҳдан сўраб дуо қилайлик.

Келинглар азизлар, биз нимага қарши курашаётганимизни, масала қанчалар жиддий, оғир ва масъулиятли эканини унутмайлик. Президентимиз раҳбарлигида бутун мамлакат раҳбарияти барча куч ва салоҳиятни, эътиборни нима учун айнан шу масалага қаратаётганини теранроқ англайлик, унинг қадрига етайлик. Бу саъй-харакатлар сизу биз, фарзандларимиз соғлиги учун, уларнинг соғлом келажаги учун қилинмоқда-ку! Буни билмасликка, унутишга хеч кимнинг хақи йўқ!

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист