Аччиқ тутун

2020-05-01T13:09:25+05:001 May, 2020|Умумий янгиликлар|

Босма нашрларнинг инқирози хусусида яна баҳс бошланди. Бир қарашда ўринли баҳс: кўплаб нашрлар бугунги тезоб шароитга, иш услубларини муттасил янгилаб боришга дош бера олмаяпти. Ҳафтада бир марта чиқадиган газеталар янгиликлари соат сайин ўзгариб турадиган электрон нашрлар билан беллаша олмайди. Бунинг баҳс қиладиган жойи йўқ. Аммо баҳс қилишнинг ҳам ўзига яраша маданияти бор. “Фалончи мана бундай фикрни айтган эди, писмадончилар унга қарши черик тортди” ёки бугунги журналистларнинг аксарияти собиқ тузум пайтида жаноб Горбачев берган демократияни қўлдан бой берган маддоҳларнинг авлодлари, деган гап, одоб билан айтганда, юракка ўқдай ботади. Миллий журналистикамиз оқсаётгани рост, аммо у ориятини йўқотгани йўқ. Оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичади деганларидек, кеча ёки қай бир пайт матбуотдан, қайси бир журъатли журналист ҳамкасбимиздан зарба еганлар бугун назариётчи мутахассисларга айланиб, газеталарнинг бетига лой чапламоқда, бунинг оқибатида матбуотнинг ютуқ-камчиликларини рўйи-рост айтаётган холис таҳлилчиларнинг керакли фикрлари ногаҳоний устозларнинг ғала-ғовурига қўшилиб, ола-қуроқ бўлиб кетмоқда.

Иккинчи фикр. Мана, қирқ кунлирки, газетасиз, журналсиз яшаяпмиз, осмон узилиб ерга тушгани йўқ, деган хулоса болаларча фикрлашнинг классик намунаси. Исбот: бир ярим ойдирки тўйларсиз, эрталабки наҳор ошларсиз яшаяпмиз, аммо бундан ўзбеклар ош емай ҳам яшайвериши мумкин, саксон килолик қозонларни “утилсирьё”га топшириш керак, деган хулоса келиб чиқмайди. Учинчи фикр. Газеталарнинг умри тугаётгани ҳақидаги гапнинг тажрибаси йўқ, газета бўёғини ҳидлаб кўрмаган, журнал мақолалари қандай тайёрланишидан бехабар, умуман, соҳадан йироқ, тушунчаси кам, қўлида қалами йўқ қиши айтса, ҳа энди, бу ҳам бир гап-да, дейсиз, қўясиз.

Баъзан донишмандлар ҳам хато қилишади. Аммо соҳани яхши тушунадиган, қатъиятли, ташаббускор раҳбар сифатида шаклланган, матбуотни, демакки, журналистларни қўллаб-қувватлаш вазифасини ўз ташаббуси билан зиммасига олган киши кутилмаганда оғриқли гап қилса, бошқаларни билмадим-у, менга ғоят қаттиқ тегди. Карантин шароитида ҳам талабаларга сабоқ бераётганимиз, мақолалар ёзаётганимиз, янги ўқув йилига тайёргарлик кўраётганимиз, фаол журналистлар эл-юрт дардида куйиб-пишиб юрганлари нима – беҳуда уринишми? Эртага илдизи қурийдиган кўчатга беҳуда сув қуйишми?

Шу каби адоқсиз саволлар гирдобида қолдим. Матбуотимиз босиб ўтган йўл, улуғ устозлар, собиқ тузум пайти ҳақ гапни ёзгани учун жазоланганлар кўз ўнгимдан ўта бошлади. Давлатимиз раҳбари “Мен журналистларни ҳурмат қиламан, уларнинг меҳнатини қадрлайман”, дея бизга эҳтиром кўрсатаётгани, мамлакат парламентида, Сенатда ҳамкасбларимиз сафи кўпаяётган бир пайтда, янги журналистика университети ташкил этилганида, юртимизда китобхонлик маданиятини оширишга қанчадан-қанча моддий ва интеллектуал бойлик сарфланаётган бир пайтда газеталарнинг куни битди, деган мазмунда башорат қилиш нечоғли ўринли? Денгизга ғарқ бўлган киши кимсасиз оролга етиб олганида ҳам, “Э, қаранг-а, уйсиз-жойсиз, кийим-кечаксиз, маош-машинасиз ҳам яшаса бўлар экан-ку”, демайди, уйга қайтиш йўлини қидиради. Матбуот ғарқ бўлганича йўқ, муҳтарам биродарлар, унинг бугунги ўктам овозини эшитса бўлади, бунинг учун лор врачнинг кўригидан ўтиб туриш керак, холос.

Яқинда бўлиб ўтган бир ижодий йиғинда таниқли олимларимиздан бири бизга узоқ йиллар сабоқ берган, матбуот ривожига салмоқли ҳисса қўшган устозлар ҳақида: “Уларнинг ёзганлари эскида, ҳаммаси яроқсиз”, деганига зўрға чидаб тургандим, буниси оғирлик қилди.

Газетада биринчи хабарим чоп этилганига салкам олтмиш йил бўлди. Ҳали-ҳануз битта мақола ёзиш учун неча кунлаб эринмай материал тўплайман, факт, рақам йиғаман, газета-журналларнинг эски сонларини варақлайман, фикримни жамлайман, қоғозга тушган мисраларимни қайта-қайта таҳрир қиламан. Наҳотки шуларнинг ҳаммаси эртага саробга айланса? Бугунги баҳсдан: “Хомтама бўлманглар, жаноб журналистлар, газеталарнинг умри тугади, карантиндан чиққунимизча, ҳамма нарса ўзгариб кетади”, деган хулосанинг нохуш ҳиди келмоқда. Менингча, бундай бўлмайди. Карантин ҳолатида бу қадар узоқ қолиб кетмаймиз, ниятни яхши қилайлик. Ҳеч бўлмаса, бош санитар врачимиз даражасида фикрлайлик: “Ҳаммаси яхши бўлади…”, дейди у киши ва буни яхши хушхабарлар билан изоҳлаб беради. Бошқа бир мамлакатда катта бир газетанинг қоғоз нашри тўхтаган экан, биз ҳам дарҳол шу йўлга ўтадиган бўлсак, ўз йўлимиз қаерда қолади? Ғарб дунёси амал қиладиган бир мақол бор, уларнинг кўпи Ўзбекистонда бўлмаган, ўзбек тилини билмайди, аммо қурмағурлар “Така бўлсин – сут берсин” деган писандали мақолимизга маҳкам ёпишиб олишган. Эртага вазият ўзгарса, даромад ҳаққи шу тўхтаган газетани ёки бошқа бир нашрни бир кунда бир эмас, икки-уч марта чоп этишлари мумкин. Ота-бола Мердоклар тасарруфларидаги йирик газетадан қандай мақсадларда фойдалангани ва, охир-оқибат, шармандаю шармисор бўлганлари ёдимиздан кўтарилдими? “Фалон мамлакатда одамлар фалон кийимни киймай ҳам кўчага чиқишар экан”, деса, биз ҳам шундай қилишимиз керакми? Майли, кимдадир шундай фикр (балки хавотир деганимиз тўғрироқдир) бор экан, моҳи Рамазон ҳурмати, жаҳл отига минмай босиқроқ мушоҳада юритайлик.

Одатда, бир гапни такрор-такрор уқтиравериш дуруст эмас, аммо оддийгина ҳақиқатни тушуниш қийин бўлаётган экан, начора, такрорлашга тўғри келади. Ҳарбийларда “Билмасанг ўргатамиз, хоҳламасанг – мажбур қиламиз”, деган гап бор. Оддий ҳақиқат қуйидагича: босма нашрларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳақидаги гапларда хавотир бор, ўйлашга арзирли таҳлил мавжуд, аммо неча асрлардан буён жамият билан ёнма-ён яшаб келаётган босма нашрларнинг ўнгланмас таназзули ҳақида хулоса қилишга асос йўқ. Жамият қандай бўлса, унинг матбуоти ҳам шундай бўлади: жамият очиқ бўлса, матбуот ҳам очиқ, жамият ривожланишнинг янги босқичига кўтарилаётган, такомиллашаётган, бошқарув тизимида ўзгаришлар юз бераётган экан, матбуот ҳам шу босқичлардан ўтади.

Яна бир фикр. Бу ёруғ оламда тириклик мавжуд, инсон яшашда давом этар экан, демакки, фикрга, тафаккурга эҳтиёж бўлади. Тафаккур ривожини таъминлаш учун эса одамлар газета, журнал, китоб ўқиши керак. Хизмат сафарларим чоғи дунёнинг кўп мамлакатлари олий ўқув юртларида, талабалар шаҳарчаларида бўлганман, устозлар, талабалар зарур мақолаларни интернет орқали қидиришади, топганларидан кейин эса уни қоғозга кўчириб, қоғозда ўқишади. Асосан қоғоз манбалардан фойдаланишади. Илм йўли шу. Бунинг фарқини тушуниш қийин эмас. Олимларнинг фикрича, қоғоздаги сатрлар, демакки, ахборот, факт ва рақамлар, ҳис-ҳаяжон, туйғу, ажабланиш, қониқиш, жунбушга келиш, ҳавас қилиш инсон миясига Кумушбибининг “Сиз ўшами?” деган сўзларидек яхши жойлашади, хотирага муҳрланади ва нақш боғлайди. Бундан атиги бир муддат аввал кимдир ”Коронавирус бу донишманд дунёни тўрт кунда алғов-далғов қилиб юборади, бою камбағал, қарздору ҳақдорнинг жони ҳалқумига келади”, деса ишонармидик? Бу ярамас вируснинг иштаҳаси очилиб, пайт пойлаб туриб, интернетга дунё миқёсида ҳужум бошласа, хотирасини чилпарчин қилиб ташласа, нима бўлишини тасаввур қиламизми?

Демак, қоғоз нашрлардан воз кечишимиз қийин, уларсиз комилликка эриша олмаймиз ҳам. Интернет имкониятлари чексиз, хабар тарқатиш тезлиги борасида ҳеч бир бошқа восита унга рақобатчи бўла олмайди. Боз устига, бу тизим ҳали янада ривожланади. Аммо, шуни ҳам унутмайликки, бундай доно ва тезкор машинани газета, журнал, китоб ўқиб билимдон бўлган Инсон боласи яратган ва бундан кейин ҳам, агар иксзурриётлар ҳаммаёқни эгаллаб олмасалар, дунё технократлар қўлида қолиб қолмаса, ворисийлик занжири узилмаса, ақл-идрокка чанг тушмаса, албатта, ҳазрати Инсон, унинг китоблардан олган билими бошқаради. Яхшилаб тушуниб олайлик: интернет инсоннинг хабардорлик даражасига хизмат қилади, унга минг раҳмат ва қуллуқ, босма нашрлар эса тафаккуримизни чархлайди, қалбимизни бойитади, имон-эътиқодимизни мустаҳкамлайди.

Румий ҳазратлари шундай деганлар: “Дўкондаги нарсалар омбордагиларнинг бир қисмидир. Омборда бор нарсаларнинг ҳаммасини дўконга сиғдириб бўлмайди. Инсон ана шундай дўконга ўхшайди. Унга Тангрининг сифатлар хазинасидан бирор-бир парча (эшитиш, кўриш, ҳис этиш, сўзлашиш, ақл-фаросат, билим, мардлик, жасорат кабилар) берилган. Демак, инсонлар Тангрининг сотувчиларидир ва улар бу иш билан машғулдирлар. Кундузи савдо қилиб, идишларни бўшатадилар, кечаси эса бўш идишларни яна тўлдирадилар, тўлганларини қувватлантирадилар”.

Улуғ устоз “кечаси идишларни тўлдириш” деганда китоб ўқишни кўзда тутганига шубҳа йўқ. “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Тафаккур” журналлари китоб ҳолида чоп этилади. Бу нашрларда эълон қилинган мақолаларни йигирма, ўттиз йилдан кейин ҳам ўқиш мумкин. Наҳотки буни фарқламасак?

Бугун пандемиядан сўнг дунёнинг қандай бўлиши ҳақида кўп фикрлар билдирилмоқда. “Дунё бутунлай ўзгаради, ҳаммаси бошқача бўлади, ҳеч нарса шу ҳолича қолмайди”, деяётганлар оз эмас. Эътироз билдириш қийин, чунки бу ялпи офатдан омон чиққан дунё, чиндан ҳам ўзгаради. Турмуш тарзимизда, дунёқарашимизда, жаҳоний муносабатларда, халқаро ижтимоий, иқтисодий-сиёсий алоқаларда янгича йўналишлар, мақсад-муддаолар, умумманфаатли режалар пайдо бўлиши аниқ. Фикримча, янги бир тозаришни бошдан ўтказишимизга, ортиқча, самарасиз нарсалару воситалардан, тўсиқ-тўғонлардан, эскиган қолип-андозалардан воз кечишимизга, қисқа қилиб айтганда, бундан буёғига оёқни кўрпага қараб узатишимизга, даромадга яраша буромад қилишимизга тўғри келади.

Давлат бошқарувида, раҳбарлик тизимларида ўзига хос ихчамлашув бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Сифат ва самардорликка қайтамиз. Тежамкор бўламиз. Айний домланинг “Судхўр” романини, Хуршид Дўстмуҳаммад айтганидек, қайта идрок этамиз. Буни ҳар бир давлат, жамият ўзининг ички имкониятига қараб амалга оширади. Алоҳидаланиш, бўлакланиш, тор қобиқли узлатга чекиниш каби қарашлар ўрнини ягона умуминсоний мақсад-муддао, масалан, табиатни асраш, ичимлик сувини тежаш, минтақавий кооперацияни ривожлантириш йўлида бирлашиш ҳаракатлари эгаллайди. Дунёни айни мана шу ўзгаришлар қутқаради. Аммо, шунча ўзгаришлар ҳам “Пандемиядан кейин дунё бутунлай бошқача қиёфага киради”, дейишга асос бўла олмайди. Дунё дунё бўлганидан бери яшаб келаётган маънавий-ахлоқий тамойиллар, шубҳасиз, сақланади. Инсоният юзидаги ниқобини ечганидан кейин ҳам яшашда давом этади, фарзанд тарбиялайди, боғ яратади, болаларига газета-китоб ўқиб беради.

Инсоният ўз тарихида бало-қазоларни кўп бор кўрган, талофатлари коронавирус қурбонларидан ошган. Уй-жойи, қурган шаҳарлари неча бор ёниб кул бўлган, дарёлари неча бор қуриб, қайта жонланган. Аммо ҳеч қачон тушкунликка тушмаган, яшашда, яратишда давом этган. Биз бугун пандемияга қарши курашда асло бўш келмаётганимизнинг боиси ҳам шу – халқимизнинг руҳи баланд, эртанги ойдин кунларга ишончи мустаҳкам, давлат раҳбари, миллат етакчиси бу курашнинг бошида турибди. Шундай экан, у бўлади, бу бўлади қабилидаги тахминларни тўхтатганимиз маъқул. Ўзбекистонда журналист касбини эгаллаган, шу касбга садоқат билан хизмат қилаётган неча минг ижодкор бор. Учта университетда Президентимизнинг олий таълим олдига қўйган янги талаблари асосида эртага ўрнимизга келадиган ўриндошларимизни тарбияламоқдамиз. Дунёнинг кўзга кўринган университетлари билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Замонавий дарсликлар яратилмоқда. Янги ўқув йили бошида аудиторияга кириб, талабаларга нима деймиз, “Кечирасизлар, бошқа факультетларга ўтинглар, газета-журналларнинг куни яқинда битади”, деймизми? Бу гап қаердан чиқди, деган саволга қандай жавоб берамиз, “Пандемия кунлари устоз журналистларнинг холидан хабар олган жамғармадан”, дейишга тилимиз борармикин?

Бир гапни очиқ айтиш керак: матбуотимиз жиддий ўзгариши зарур. Ўзгараётган, бугунги талабларга мослашаётган нашрлар йўқ эмас, бор, аммо тўрт-бешта илғор, тўрт-бешта шартаки билан иш битмайди. Ортиқчалари, қуруқ савлатлилари, оғир карвонлари, шунчаки ҳавасга ташкил этилганлари, журналистиканинг обрўсини тўкаётганлари бор ва оз эмас. Бу муаммони ким ҳал қилади? Таъсисчи ва жамоанинг ўзидан бошқа ҳеч ким. Рақобатга дош бера олмаяпсизми, бугуннинг шиддатини ҳис этишингиз қийин кечаяптими, ўқувчингиз камми, сўзингиз таъсирчан чиқмаяптими, ишингиздан қониқмаяпсизми, марҳамат, бир қарорга келинг.

Шу ерга келганда, матбуотимиз муаммоларига бошқа бир тарафдан ҳам қарашимиз зарур. Жорий йилимизнинг энг катта муаммоси, аниқроғи талофати обуна билан боғлиқ бўлди. Мажбурий обунага қарши кураш кампанияси уқувсизлик билан олиб борилгани натижасида ўртада тушунмовчилик келиб чиқди. Қаерга борманг, кеча ҳам, бугун ҳам ва, албатта, эртага ҳам битта гап: “Акажон, устоздай одамсиз, ҳурматингиз бор, аммо ёрдам бера олмаймиз, обуна билан шуғулланганларни ишдан бўшатишмоқда. Мана, масалан…”

Бу хатони тан олмаслик учун нима ҳаракат қилмайлик, сўровларга қандай “отписка”лар жўнатмайлик, интервьюларимизда ўзимизни нечоғли оқламайлик, фойдасиз – ўрмонга ўт тушиб, ҳўлу қуруқ баробар ёнди ва унинг аччиқ тутуни ҳамон кўзимизни ачиштирмоқда. Ҳали ҳам кеч эмас, кимдир: “Азизлар, обунага ҳеч ким қарши бўлган эмас, бизни нотўғри тушунишди, марҳамат, ўзингизга маъқул нашрларни ўқинглар, тарғиб қилинглар, баҳс-мунозараларга қўшилинглар, мақола ёзинглар, яхши ишларингизни кўрсатинглар, обуна тарғиботчиларини жазоламанглар, аксинча, рағбатлантиринглар”, дейиши зарур. Борди-ю бундай дейишга журъат етмаса, унда, ҳеч бўлмаса, обунага халақит бермаслик керак. “Ҳа, биродар, обуна бўлгингиз кеп қолдими, қайси нашрга, э-ҳе, майли…” дея инглизча кулмаслик керак (Инглизларда уч нарсадан – буқанинг шохидан, отнинг туёғидан ва инглизнинг мийиғида кулишидан қўрқ” деган мақол бор).

Устоз Эркин Воҳидовнинг бир гаплари ёдимга тушади. Вилоятлардан бирида ҳунармандларнинг кўргазмаси бўлаётган экан. Раҳбарлардан бири Эркин акага: “Устоз, одамларга қўйиб берсангиз нима ишлар қилишмайди-я, оддий ҳунарманд йигит яратган идиш чинакам санъат асари-я”, деган экан, шоир: “Бир қўйиб бермайсизми”, дебди.

Матбуот ҳам шундай. Таҳририятга, аввало, ишонч билдириш керак. “Ишонч”, “Ҳуррият”, “Миллий тикланиш” газеталарига озроқ қўйиб беришган эди, бу уч нашр анча олдинлаб кетди. Масъулият муҳаррирнинг ўзида бўлсин, оддий ахборотни ҳам юқори билан маслаҳатлашиб ҳал қилмасин.

Якуний сўзим шуки, биз бугун шиддат билан ўзгараётган дунёда, янгиланаётган Ўзбекистонда, давлатимиз раҳбарининг инсоний қиёфа касб этган янги халқчил сиёсати шароитида яшамоқдамиз. Оммавий ахборот воситаларининг бугунги эркинлиги бундан уч-тўрт йил аввал ҳатто ҳаёлимизга ҳам келмаган. Буни тан олайлик. Аммо ҳаёт тинимсиз ўзгариб, денгиз тўлқинидай мавжланиб бормоқда. Фаоллигимиз, ижодимиз, журъатимиз шунга мос бўлсин. Оддий мулоҳазадан бошланган баҳс-мунозарага берилмайлик-да, сиз, мен, бошқа устозлар, муҳаррирлар, истеъдодли шогирдлар, қўлида қалами, юрагида журъати бор фидойилар матбуотимизнинг эртаси учун жон куйдириб, ҳеч бўлмаганда, биттадан ўқиладиган, ўқувчида фикр уйғотадиган, қарашларини чархлашга қодир мақола ёзайлик, мухлисларнинг ишончини қозонайлик. Менингча, яшаб қолишнинг бундан бошқа йўли йўқ.

Аҳмаджон Мелибоев