Фидойи ижодкор

2020-04-29T09:53:03+05:0029 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Журналистика ажиб синоатли соҳа. Ногаҳон нималарнидир қоралаган, тайёрлаган бўлибоқ, ўзни “буюк истеъдод соҳиби“ санай бошлайди киши.

Бироқ миллий журналистика кеча ё бугун шаклланмаганини, унга қанчадан-қанча устоз ижодкорларнинг меҳнати сингганини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Лола ая Исамуҳамедова миллий журналистикамизнинг ана шундай фидойи ва жонкуяр вакилларидан. Овози, ўзини тутиши ҳамон ўктам, сўзи ўткир аянинг тўқсон баҳорни қаршилаганига ишониш қийин.

Унинг меҳнат дафтарчасида биргина “Правда востока“ деган ёзувдан бошқаси йўқ. Асли андижонлик бўлган Лола опа бу таҳририятга Москва давлат университетини тамомлаб, меҳнат тақсимотига кўра ёш мутахассис сифатида 1954 йилда ишга қабул қилинганди. Ўшанда таҳририятга тўппа-тўғри Москвадан, ҳали уйига – Андижонга ҳам кирмай, қадрдонларини кўрмаган эди. Келгани кўйи умр бўйи Тошкентда қолиб кетди. Бахтини топди. Оила қуриб, фарзандлар кўрди. Ҳаёти давомида шу газетада ҳалол меҳнат қилди.

Лола Исамуҳамедова таҳририятдаги энг мураккаб ва масъулиятли бўлим – хатлар бўлимида иш бошлади. Шикоят ва мурожаатлар билан ишлаш, газетхонларнинг арзиҳолини тинглаш, асл ҳақиқатнинг илдизига етиб бориш ва шу асосда нашр учун тегишли материалларни тайёрлаш бугун ҳам осон иш саналмайди. Зеро, ҳар бир хатнинг ортида бир эмас, қанчадан-қанча одамлар тақдири бор эканини ёш мутахассис юракдан англар эди.

Ҳақиқатнинг юзага чиқиши осонмас. Ахир ким ҳам ўз айбини тан олсин, бошқаларга нисбатан ноҳақлик қилганини эътироф этсин…

Лола опа ўзининг илк журналистик материалини яхши эслайди. Ўшанда Олтинкўл туманидаги маданият уйи пиллақурт боқиш учун фойдаланилаётгани ҳақида шикоят келиб тушганди. Ёш журналист вазиятни жойида бориб ўрганди, мутасаддиларга юзланди. Пойтахтга қайтиб, танқидий мақола тайёрлаганида эса айрим ғирром мутасаддиларнинг саъй-ҳаракати билан “Фактлар тасдиқланмади“ қабилидаги қўнғироқлари яна авж олди. Журналистнинг қатъий позицияси, ҳақиқатнинг тагига охиригача етиши сабабли бу ҳолат алал-оқибат қайта таъмирланиб, янгича қиёфа касб этган маданият саройининг одамлар хизмати, маънавий камолоти учун шай ҳолатда қайта эшик очиши билан якун топди. Пухта суриштирувга, теран таҳлилий-танқидий ёндашувга асосланган мақолалар тайёрлаш Л.Исамуҳамедованинг фаолиятида устуворлик касб этади.

Ҳа, таҳририятда ўтган 52 йиллик умри давомида журналист Лола Исамуҳамедова не-не чигалликларга, тушунмовчиликлару адолатсизликларга барҳам беришга ўз қалами, журналистик суриштирувлари, таҳлилий ёндашуви орқали ечим топмади, дейсиз.

Ҳол-аҳвол сўраш баҳонасида Лола аянинг уйларига қўнғироқ қиламан. Ҳаётнинг пасту баланди, аччиғини, оғир кунларини кўп кўрган нуроний журналист ўшандай ўктам, жарангдор, қатъиятли овози билан барчага сабр, қаноат, ижодкорларга эса тинимсиз изланишни тилаб қолди.

Назокат УСМОНОВА, ЎзА

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси номидан фахрий журналист – Лола ая Исамухамедовани қутлуғ ёши билан муборакбод этамиз узоқ умр, мустаҳкам саломатлик, оилавий фаровонлик тилаймиз. Кўп йиллар невара-эваралар ардоғида юриш, уларнинг камолини кўриш насиб этсин!