Кўзбўямачилик сўзбўямачиликни истайди. Карим Баҳриев мақоласи

2020-04-28T11:28:54+05:0028 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Сўз эркинлиги фуқароларимиз, халқимизнинг инсоний ҳуқуқлари рўёбга чиқишининг ўзак кафолатидир, инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир. Инсон ҳуқуқини сўз орқали билади, сўз орқали ифода этади, сўз орқали ҳимоя қилади. Инсоннинг сўз эркинлиги бўғилар экан, унинг бошқа ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам амалга ошмайди. Матбуотга ва унинг вакилларига муносабат – халққа, унинг инсонга хос бўлган сўзлаш ҳуқуқига муносабтдир, давлатнинг демократик экани ёки эмаслигининг бош кўрсаткичидир.

Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида ижтимоий тармоқларда, ахборот воситаларида «Маърифат» газетасининг Фарғонадаги мухбири Шарифа Мадраҳимовага журналистик фаолияти учун босим ўтказилгани ва икки соат давомида ички ишлар бўлимида ушлаб турилгани ҳақида хабарлар тарқалгач, бу ижтимоий тармоқларда катта резонансни келтириб чиқарди. Ҳолбуки, биз шу кунларда Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича «Чегара билмас репортёрлар» рейтингида атиги 156-ўринга кўтарилганидан бироз норози бўлгандик, сўз эркинлиги бўйича катта ишлар қиляпмиз деб мағрур эдик.

2020 йил 21 апрел куни Учкўприк тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «карантин вақтида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган ярмаркада сифатли маҳсулотлар арзон нархларда сотилаётгани» ҳақидаги хабардан сўнг, журналист Шарифа Мадраҳимова асл ҳолатни ўрганиб, савдо шохобчасида ҳолатни кўради ва ўз телефонига тасвирга олмоқчи бўлади. Унинг сўзларига кўра: «Донаси 500 сўмдан деб нарх ёпиштириб қўйилган тухум олмоқчи бўлганимда, сотувчи ҳар бир одамга фақат 5 донадан сотилишини айтишди. Килоси 42 минг сўмдан бўлган гўшт ўта сифатсиз бўлиб, сарғайиб уч-тўрт кун турди, биров олмади. Чиришга келган картошканинг килоси 2500 сўм бўлиб, фойдаланишга ярайдиган эмас эди. Учкўприк деҳқон бозорида эса нарх наво-қиммат».

Журналист ярмаркага бориб, ҳолатни телефонида видео ва фото тасвирга олаётганида ўзини «туман ҳокимлиги вакили», дея таништирган Шоҳжаҳон Мўйдинов келиб телефонини тортиб олади. Сўнг журналист туман ИИБга олиб кетилади. Воқеалар қандай ривож топганидан хабардорсиз. Туман ИИБда «Газетада ишласангиз, нега видеотасвирга олдингиз? Ҳаққингиз йўқ», «Сиз ярмаркани съёмка қилаётганингиздан ҳокимнинг хабари йўқ экан-ку?» дея сўроққа тутишгача боришади…

Биринчидан, журналистнинг ўрганиш объекти бўлган бозорлардаги аҳвол ҳаммамизга танишдир. «Арзон маҳсулотлар сотиладиган кўргазмалар» номига экани ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, бозор иқтисоди шароитида бозорлар ва ҳокимиятларнинг ўзи ҳам буни мажбуран бажаради. Ҳар бозорнинг кираверишида текширувчилар кўриши учун безалган бу пештахтада сифатсиз маҳсулотлар териб қўйилади, чунки тадбиркор ўз зарарига сота олмайди. Авваллари «арзон гўшт» сотган қассобга ҳар килограми учун арзон озуқага талон бериларди, яъни унинг зарари бюджетдан, яъни шу «арзон гўшт»ни олаётган одамлар тўлаган солиқдан қопланарди. Мамлакатда ҳаққоний бозор иқтисоди қарор топиши керак, кўзбўямачилик тугаши керак. Кўзбўямачилик сўзбўямачиликни истайди – бу ясама кўргазмани ҳаққоний деб ёзишларини истайди.

Иккинчидан, бозорда суратга олаётган журналистни ички ишлар бўлимига олиб бориш, унинг гувоҳномасини текшириш, бозорда ахборот олиш учун ҳужжат талаб қилиш, видеотасвир учун алоҳида ҳуқуқ сўраш – ноқонуний, халқаро ҳуқуққа, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига зид ҳаракатлардир.

Ахборотни эркин излаш, олиш ва тарқатиш инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Халқаро ҳуқуқда ҳам, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 моддасида ҳам: «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга», дейилган. Қонун талабининг ибтидосига эътибор беринг – «ҳар ким» дейилмоқда, фуқаро ҳам дейилмаган. Бу ҳуқуқ мамлакатдаги ҳар бир инсонга тааллуқлидир, нафақат фуқаро, журналист, вояга етган ёки ҳужжати бор ёки йўқ одам, ахборот ҳуқуқи барчага тааллуқлидир. Бозорда бола ҳам келиб ахборот олиши мумкин. Рухсат олиб суратга олинадиган макон мамлакатда учтадир – қамоқхона, касалхона ҳудуди ва суд мажлиси залидир. Уларда ҳам суратга олиш мумкин, фақат шу муассаса раҳбарининг рухсати билан. У раҳбарлар ҳам ман этса, буни асослашга мажбурдир, чунки ахборот ҳуқуқи фақат қонунда бўлган сабаб билан чекланиши мумкин, вассалом.

Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат ўлароқ, халқаро ҳуқуқнинг субъектидир. Бу мақом мамлакатимизга айни пайтда халқаро ҳамжамиятнинг биргаликда қабул қилинган умуммажбурий қонун-қоидаларига риоя қилиш масъулиятини ҳам юклайди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунларнинг деярли барчасида халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлиги таъкидланган. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг халқаро ҳуқуқий асослари сифатида «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси», «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактга факультатив протокол»ни, Ўзбекистон Республикасининг БМТ, ЕХҲК, МДҲ ва бошқа халқаро ташкилот ва альянслар олдидаги мажбуриятларини, Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан ахборот сиёсатига доир тузган битим ва шартномаларини келтириш мумкин.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 19-моддасида: «Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади», дейилади. Худди шундай қоида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ҳам келтирилади. Инсоннинг эътиқод эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги инсонга туғилганиданоқ тегишли бўлган ҳуқуқи ҳисобланади. Шунинг учун модда: «Ҳар ким…» деган жумладан бошланади.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуотга доир сиёсати унинг очиқлик сиёсатининг ўзагидир. Давлат идораларидан халқ билан яқин мулоқот ўрнатиш, фуқароларнинг сўровлари, муаммолари ва таклифларига ўз вақтида жавоб бериш талаб қилинади, сўраган одамнинг ўзини сўроққа тутиш, ушлаб кетиш, тазйиқ ўтказиш бу сиёсатга зид ҳаракатлардир.

ОАВ ва блогерлар бу янги сиёсатда беқиёс рол ўйнайди, улар фуқароларга ҳаққоний ахборот етказишда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига катта ёрдам кўрсатади ва, айни пайтда, ҳаққоний аҳволни беркитишга уринадиган мансабдорларни намоён қилади.

Журналистлар уюшмаси, унинг Жамоатчилик Кенгаши барча поғонадаги давлат идоралари вакилларини ахборот соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчиликни ҳурмат қилишлари ва танқидни тўғри қабул қилишларини истайди. Ҳокимият вакиллари журналистлар ва блогерлардан, жамоат назорати субъектларига бўлган фуқароларга ва оммавий ахборот воситаларидан миннатдор бўлишлари керак, чунки улар жамиятдаги иллатларни фош этади, фуқароларнинг маълум муаммоларини ҳокимиятдагилар кўришларига, биргаликда бартараф этишларига имкон беради.

Мазкур ходиса қонун доирасида батафсил ўрганиб чиқишлиши ҳамда журналистга нисбатан босим ўтказиш ҳолати аниқланган тақдирда мутасаддиларга тегишли тартибда чора кўрилишини, етарлича сабоқ чиқарилишини Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидан кутишга ҳақлимиз.

Мамлакатда коррупцияга, кўзбўямачиликларга, маъмурий-буйруқбозлик тизими ва иқтисодига, монополиялар ва бюрократияга қарши қаттиқ кураш бошланган ва бугунги вазиятдан фойдаланиб аста-секин бошини кўтараётган, сўз эркинлигини бўғиш, яна ҳаммаёқни гулзор этиб тасвирлашга уринаётган, ҳайбаракаллачилик соясида суиистеъмолчиликлар қилишга уринаётган эски тузумдан қолган иллатташирларга муроса қилиш мумкин эмас.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев: «Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик назорати борасида орқага қайтиш бўлмайди», деганди. Қандайдир бир вирус ёки карантин назорати ё бирор-бир ҳокимият вакили инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, Президент берган кафолатларни бекор қила олмайди. Қонунчилик ўз кучида турибди.

Карим Баҳриев,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Жамоатчилик кенгаши раиси