Сўз эркинлиги масаласида ортга қайтиш бўлмайди

2020-04-24T10:12:43+05:0024 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

МУНОСАБАТ

Шубҳасиз, сўз эркинлиги фуқароларимиз, халқимизнинг инсоний ҳуқуқлари рўёбга чиқишининг ўзак кафолатидир, инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир. Инсон ҳуқуқини сўз орқали билади, сўз орқали ифода этади, сўз орқали ҳимоя қилади. Инсоннинг сўз эркинлиги бўғилар экан, унинг бошқа ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам амалга ошмайди. Матуботга ва унинг вакилларига муносабат – халққа, унинг инсонга хос бўлган сўзлаш ҳуқуқига муносабтдир, давлатнинг демократик экани ёки эмаслигининг бош кўрсаткичидир.

Ижтимоий тармоқларда, ахборот воситаларида «Маърифат» газетасининг Фарғонадаги мухбири Шарифа Мадраҳимовага журналистик фаолияти учун босим ўтказилгани ва икки соат давомида ички ишлар бўлимида ушлаб турилгани ҳақида хабарлар тарқалгач, бу ижтимоий тармоқларда катта резонансни келтириб чиқарди.

Маълум хабарларга кўра, 2020 йил 21 апрел куни Учкўприк тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «карантин вақтида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган ярмаркада сифатли маҳсулотлар арзон нархларда сотилаётгани» ҳақидаги хабардан сўнг, журналист Шарифа Мадраҳимова асл ҳолатни ўрганиб, савдо шахобчасида ҳолатни кўради ва ўз телефонига тасвирга олмоқчи бўлади. Унинг сўзларига кўра: «Донаси 500 сўмдан деб нарх ёпиштириб қўйилган тухум олмоқчи бўлганимда, сотувчи ҳар бир одамга фақат 5 донадан сотилишини айтишди. Килограмми 42 минг сўмдан бўлган гўшт ўта сифатсиз бўлиб, сарғайиб уч-тўрт кун турди, биров олмади. Чиришга келган картошканинг килоси 2500 сўм бўлиб, фойдаланишга ярайдиган эмас эди. Учкўприк деҳқон бозорида эса нарх наво-қиммат”.

Журналист ярмаркага бориб, ҳолатни телефонида видео ва фото тасвирга олаётганида ўзини «туман ҳокимлиги вакили», дея таништирган Шоҳжаҳон Мўйдинов келиб телефонини тортиб олади. Туман ҳокимлиги вакили ИИБ вакилини чақиради ва ИИБ ходими Шарифахон Мадраҳимовага шахсини аниқлаш учун ИИБга бориш кераклигини айтади. Ўша пайтда журналистнинг ёнида гувоҳномаси бўлмаган. Мадраҳимова туман ИИБга олиб борилади.

«ИИБга борганимиздан сўнг турмуш ўртоғим у ерга Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими томонидан берилган гувоҳнома ва «Маърифат» газетаси мухбири эканим ҳақидаги ҳужжатларни олиб келди. Ҳужжатларни кўргач, ИИБ ходимлари гувоҳономаларда амал қилиш муддати йўқлиги, улар ҳақиқийлигини тасдиқлаш кераклигини айтишди. Мен вилоят журналистлари ижодий уюшмасига аъзолик гувоҳономаси бошқарувчи Муҳаммаджон Обидов томонидан берилгани, телефон қилиб аниқлик киритиш мумкинлигини айтдим. Ходимлар Муҳаммаджон Обидовга қўнғироқ қилишди. У киши эса «Гувоҳномани қачонлардир берганмиз. Бу ҳужжат ҳақиқий эмас. Қонуний чора, жазо кўраверинглар», деди. Хона кичик бўлгани учун унинг овози бизга ҳам аниқ эшитилиб турарди. ИИБ ходими «Мана, Муҳаммаджон Обидов ҳужжат ҳақиқий эмаслигини тасдиқлади», деди. Ходим «Маърифат» газетаси гувоҳномасини кўриб эса, «Газетада ишласангиз, нега видеотасвирга олдингиз? Ҳаққингиз йўқ», дея яна сўроққа тутади. Шундан улар туман ҳокимига алоқага чиқишларини айтишади. Сўнг: «Сиз ярмаркани съёмка қилаётганингиздан ҳокимнинг хабари йўқ экан-ку?», – дейишади.

Шуни таъкидлаш жоизки, бозорда суратга олаётган журналистни ички ишлар бўлимига олиб бориш, унинг гувоҳномасини текшириш, бозорда ахборот олиш учун ҳужжат талаб қилиш, видеотасвир учун алоҳида ҳуқуқ сўраш ноқонуний, халқаро ҳуқуққа, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига зид ҳаракатлардир.

Ахборотни эркин излаш, олиш ва тарқатиш инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Халқаро ҳуқуқда ҳам, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 моддасида ҳам: “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга”, – дейилган. Қонун талабининг ибтидосига эътибор беринг – “ҳар ким” дейилмоқда, фуқаро ҳам дейилмаган. Бу ҳуқуқ мамлакатдаги ҳар бир инсонга тааллуқлидир, нафақат фуқаро, журналист, вояга етган ёки ҳужжати бор одам, йўқ, ахборот ҳуқуқи барчага тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат ўлароқ, халқаро ҳуқуқнинг субьектидир. Бу мақом мамлакатимизга айни пайтда халқаро ҳамжамиятнинг биргаликда қабул қилинган умуммажбурий қонун-қоидаларига риоя қилиш масьулиятини ҳам юклайди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунларнинг деярли барчасида халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлиги таькидланган. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг халқаро ҳуқуқий асослари сифатида «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси», «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактга факультатив протокол»ни, Ўзбекистон Республикасининг БМТ, ЕХҲК, МДҲ ва бошқа халқаро ташкилот ва альянслар олдидаги мажбуриятларини, Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан ахборот сиёсатига доир тузган битим ва шартномаларини келтириш мумкин. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 19-моддасида: «Ҳар бир инсон эьтиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эьтиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатьи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади», – дейилади. Худди шундай қоида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ҳам келтирилади. Инсоннинг эьтиқод эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги инсонга туғилганиданоқ тегишли бўлган ҳуқуқи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуотга доир сиёсати мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик сиёсатининг ўзагидир: “Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик назорати борасида орқага қайтиш бўлмайди”. Бинобарин, давлат идораларидан халқ билан яқин мулоқот ўрнатиш, фуқароларнинг сўровлари, муаммолари ва таклифларига ўз вақтида жавоб бериш талаб қилинади. ОАВ ва блогерлар бу янги сиёсатда беқиёс рол ўйнайди, улар фуқароларга ҳаққоний ахборот етказишда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига катта ёрдам кўрсатади ва, айни пайтда, ҳаққоний аҳволни беркитишга уринадиган мансабдорларни намоён қилади.

Журналистлар уюшмаси, унинг Жамоатчилик Кенгаши барча поғонадаги давлат идоралари вакилларини ахборот соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчиликни ҳурмат қилишлари ва танқидни тўғри қабул қилишларини истайди. Мазкур ходиса қонун доирасида батафсил ўрганиб чиқилиши ҳамда журналистга нисбатан босим ўтказиш ҳолати аниқланган тақдирда мутасаддиларга тегишли тартибда чора кўрилишини, етарлича сабоқ чиқарилишини Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидан кутишга ҳақлимиз.

Карим БАҲРИЕВ,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси

Жамоатчилик кенгаши раиси.