Ҳам жисмоний, ҳам маънавий покланиш, қалбан улғайиш фурсати

2020-04-19T22:03:42+05:0019 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Мулоҳаза

Ҳар бир кунимиз шукр ва фикр оралиғида кечмоқда. Яқинда телевизорда шифохонадан фарзанди билан соғайиб қайтаётган аёлни кўриб, ниҳоятда таъсирландим. Тасаввуримда шундай бўлдики, она — бугунги кунимиз, қўлидаги бола — келажагимиз. Уларни олқишлаб, қарсаклар билан кузатиб қўяётган шифокорлар эса замон қаҳрамонларидир.

Дарҳақиқат, бугун коронавирус пандемиясига қарши курашда халқимиз янада жипслашди, шифокорлар билан бирга, миллий гвардия, ички ишлар ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари баҳамжиҳат меҳнат қилмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳаси фидойилари эртанги кунимиз учун, дастурхонларимиз тўкинлиги, турмушимиз фаровонлиги учун тер тўкмоқдалар. Бу ҳолатларни кўриб, ҳаёт фидойилик асосига қурилган экан, дея ўйлаб қоласан, киши.

Беморларнинг тузалиб, яна соғлом ҳаётга қайтаётгани мамлакатимизда пандемияга қарши ўз вақтида, ниҳоятда аниқ ва самарали чора-тадбирлар кўрилганини яққол ифодалайди. Буларнинг барчаси мамлакат миқёсида ўрнатилган юксак интизом самарасидир. Юксак интизом – бу керакли юмушларни керакли вақтда, керакли жойда, керакли даражада амалга ошира билиш маданияти демакдир.

Президентимиз коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга тўртинчи маротаба мурожаат қилди. Касалликни юқтириб олмаслик учун одамларни, айниқса 65 ёшдан ошган инсонларни уйда қолишга чорламоқда. Ўзингизни эҳтиёт қилинг, ўзингизни асранг, демоқда. Бундай ғамхўрлик ва эътиборни, албатта, қадрлашимиз керак. Қолаверса, уйда ўтириш бекор қолиш дегани эмас, бу ҳар биримиз учун ҳам жисмоний, ҳам маънавий покланиш, қалбан улғайиш фурсатидир.

Уйда бутун оила жамлиги ҳам катта бахт. Набиралар билан давра қуриб, китобхонлик қиляпмиз. Он-лайн дарсларини он сайин улар билан бирга ўзлаштираяпмиз, ўз устимизда ишлаяпмиз. Ижоддан тўхтаб қолганимиз йўқ. Ўзимиздаги эзгу фазилатларни ёшларга — келажагимиз эгаларига юқтиришга ҳаракат қиляпмиз. Зеро, ҳаётнинг ҳар лаҳзасида бир ҳикмат мужассам:

Навоийни ўқинг такрор,

Сўзларидан ибрат олинг:

Ҳар ҳикматда бир хислат бор,

Ҳикмат учун уйда қолинг!

Саъдулла ҲАКИМ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси.