“Ғолиблик қонуниятлари” дан бири

2020-04-18T13:11:30+05:0018 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Карантин даври. Бу кисқа давр (худо хоҳласа) бизга катта сабоқ бўлмоқда. Сабаби йиллар давомида биз эътибор қилмаган тўғрироғи эътибор қаратишни истамаган жараёнларни англагандек бўлдик. Энг асосийси, фарзандларимизга кўпроқ вақт ажратолдик, устозлару тарбиячиларнинг қадрига етдик. Эл бошига иш тушганда шифокорлару хамширалар, миллий гвардия ва ички ишлар ходимларининг вазифалари нақадар масъулиятли эканлигини янада ҳис қилдик.

Яна бу давр бизга нималарни ўргатди? Шу саволни ўз- ўзимга қайта-қайта беряпману севимли шоирамиз Халимахоним Худойбердиеванинг қаламига мансуб шеьрнинг тўрт сатри қулоғим остида жаранглайверади. Шоира тили билан айтганда юракдан “бир нара уйғот”ди, “ҳар томир ҳар зарра уйғот”ди. Натижада бизни “ҳар куни беш карра уйғот” ди. Ва биз шукур қилишни, шукур қилганда ҳам жисму жонимиз билан шукур қилишни ўргандик.

Дарвоқе, Ният ва Шукур. Бу икки сўзни мен сеҳрли сўз деб айтгим келади. Албатта, инсоннинг дилида, тилида эзгу нияти ва ҳар қандай ҳолатда ҳам Шукур қилар экан унга яратгандан рахматлар ёғилиши, шубҳасиз. Ғолиблик қонуниятларидан бири ҳам шу эмасми аслида.

Ғолиблик қонуниятлари. Ахир бу… Германиялик машҳур ёзувчи ва тадбиркор Бодо Шефернинг “Ғолиблик қонуниятлари” номли китоби ҳам бор-ку. Бу китобни ўқигандим. Ана шу китобда жилғанинг қудратли тўлқинлар орзусидаги мўъжизакор тақдири мени ҳайратлантирган эди. Келинг, сизга ҳам илинай. “Айтишларича, кичкинагина жилга бепоён чўлга қадар оқиб борибди. Шунда у ғойибдан: “Хавотирланмай оқишни давом эттир”, деган овоз эшитибди. Аммо оқишни давом эттириш жилғага хатарли туюлибди. Негаки, нотаниш ва номаълум қақраб ётган ерда оқиш имкони йуқолиб бораётганидан қўрқиб кетибди. Ахир, унинг бирдан-бир орзуси тўлиб-тошиб, мароқли яшаш эди. Таваккал қилиб йўлга тушиб, ҳаётида ниманидир ўзгартирмоқчи бўлганида, қуриб-қовжираб қолиш дахшати пайдо бўлганди. Аммо ғойибона товуш уни яна окишга ундарди: “Агар окишга қарор қилмасанг, ҳеч қачон сен ўзингни нималарга қодир эканлигингни билолмайсан. Сен шунга амин бўлгинки, янги ҳаётинг ўзгача – фарахбахш кечади. Хотиржам холда яна оқишда давом эт”.

Жилга руҳланиб, ўз йўлини давом эттирди. Унга осон бўлмади. Сахро кун сайин исиб, жилга сувлари буғланиб кетди. Хавога буғланиб кўтарилган жилғанинг ҳар бир томчи суви булутга айланди. Шамол булутни бир неча кун саҳро узра ҳар томон сурди. Ва… бир куни булут денгиз тепасига етиб келди-да, шаррос ёмғир ёгди.

Жилғанинг ҳаёти ўзи кутганидан-да ортик; гўзал тус олди. Жилғанинг ёмғирга айланиб, денгиз оғушига қўшилган сувлари қудратли тўлқинларда мавж урар экан, табассум-ла шивирлади: “Ҳаётим неча бор ўзгарган бўлса ҳам эндиликда ўз орзуимга эришдим”.

Ёзувчи таърифлаган жилғанинг мўъжизакор тақдири сизнинг қалбингизга мафтункор ҳисларни улашган, қулоғингизга худди жилғанинг ёқимли шилдираши каби нималарнидир шивирлаган бўлса баҳоят бахтиёрман. Бир кун келиб ҳар бир виждонли, ватанпарвар инсон карантиндан аввалги ва кейинги ҳаётини имтихон қилади. Бу имтихондан аминманки, карантиндан кейинги ҳаёти ғолиб чиқади. Бунга асло шубҳа йўқ. Демак, биз айни пайтда улуғвор орзу-ниятларимизга эришиш учун Сабр қилишимиз ва Хотиржам бўлишимиз жуда муҳим. Бунинг учун эса улуғ Ниятлар ила Шукримизни қилиб уйда қолайлик.

Феруза СОЙИБЖОН қизи,

Ўзбекистон болалар ва ўсмирларнинг

“Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири.