Журналистика антологияси яратилмоқда

2020-04-17T08:07:17+05:0017 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Уюшмамиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 октябрдаги “Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва ушбу ҳужжатга илова қилинган “2019-2021 йилларда Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш бўйича комплекс дастур”нинг 22-банди ижроси доирасида ўзбек журналистикаси ривожланиш босқичлари антологиясини яратиш борасидаги саъи-ҳаракатлар масофавий тартибда давом эттирилмоқда.

Катта меҳнат ва изланиш талаб қиладиган ушбу ижодий жарёнга Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика ҳамда Ўзбекистон жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетлари, шунингдек, юртимиз етакчи ОАВлари ҳамда бошқа бир қатор ташкилотларда фаолият олиб бораётган (журналистика соҳасига алоқадор) илмий ходимлар, олимлар, тажрибали ўқитувчилар, устоз журналистлар жалб этилган. Улар кўмагида ишчи гуруҳлар концепцияси ишлаб чиқилиб, антологияга асарлари киритилиши кўзда тутилаётган муаллифлар рўйхати шакллантирилди. Келишилганидек, ўзбек миллий журналистика антологиясини муайян йилларни ўз ичига олган даврларга бўлган ҳолда яратишга бел боғланган.

Ҳозирги вақтда ишчи гуруҳлар иш режаси асосида мутахассис ва олимлар билан он-лайн ҳамкорликда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва “Маънавият” нашриётида сақланаётган умумий фонддан журналистиканинг ривожланиш босқичларига оид зарурий (турли муаллифларнинг асарлари) маълумот ва материалларнинг электрон вариантларини олиш, муаллифлар материалларини танлаш ва уларни уюшма веб-сайтига жойлаштиришга тайёрлаш жараёни кечмоқда.