Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон вафот этди

2020-04-11T15:22:54+05:0011 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон халқ шоири, таниқли журналист Анвар Обиджон 11 апрель куни 73 ёшида вафот этди.

Анвар Обиджон 1947 йил 25 январда Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

Қатор нашрларда, жумладан «Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир, Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир сифатида фаолият юритган.

Анвар Обиджон ўзбек болалалар адабиётининг забардаст вакили саналади. Ундан болалар учун мўлжалланган ўнлаб шеърий ва насрий асарлар, қисса ва достонлар қолди.

У 1997 йилда «Шуҳрат» медали, 1998 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвони, 2011 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. Айни шу йили журналистика ривожига қўшган ҳиссаси учун “Олтин қалам” миллий мукофотига сазовор бўлган.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади.