Тил номуси

2020-04-11T10:27:42+05:0011 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Тил — миллий ғуруримиз

Бир муддат аввал хизмат сафари билан Нидерландияда, аниқроғи, Гаага, Амстердам шаҳарларида бўлдик.

Нидерландлар, умуман, Европа халқларининг тил муҳофазаси учун қатъияти ва жонкуярлигидан ибрат олиш керак. Масалан, Гаагада мен инглиз тилида ёзилган бирор пешлавҳа ёки жой номини кўрмадим (Амстердамда бироз бор). Бўлмаса, қанча халқаро ташкилотлар бош қароргоҳлари ва элчихоналар жойлашган, турли давлатлар делегациялари қадами узилмайдиган шаҳар.

Инглиз тилини билмаган маҳаллий аҳолини учратмадим, инглизча гапирсангиз, ҳамма жавоб қайтаради. Лекин асосий мулоқот нидерланд, яъни голланд тилида. Бизга ҳамроҳлик қилган элчихона ходими айтганди: “Нидерландлар янаям тил борасида демократ. Бельгияликлар ёки французлар… Бай-бай-бай, инглиз тилини билади, аммо инглизча гапирсанг ҳам французча жавоб қайтариб тураверади. Айниқса, уларга ишинг тушиб борсанг. Кейин мен ёзма гаплаша қолайлик, деб электрон почтамни бераман. Улар электрон почтага ҳам французча ёзади, гугл-таржимондан ўгириб оламан. Келганимга 2 йил бўлди, аста-аста французчани ҳам ўрганяпман”.

Европа халқлари бир иттифоқ таркибида, орасида чегараси йўқ, худди биз қўшни вилоятга боргандек бир-бирларининг мамлакатларига ўтиб-қайтиб юришади. Бундай шароитда кучли тиллар майдаларини еб юбормаётганининг, жадал иқтисодий, сиёсий интеграция манзарасида миллий хослик — ўзлик сақланиб қолаётганининг асосий сабаби нима? Миллатнинг характери!

Қаранг, ҳеч ким қонунлар чиқармаяпти, мажлислар ўтказмаяпти, назорат қилмаяпти, махсус органлар тузмаяпти, бюджет пулини сарфламаяпти. Шунчаки, она тилида гаплашяпти! Бизга шундай характер етишмаяпти. Буни раҳматли Маҳмуд Саъдий “тил номуси” деганди.

Одам ўз она тилини қандай унутади ёки қандай сақлаб қолади?

1-ҳолат: Нидерландияда миллати қозоқ, ҳозир у ерда муқим яшайдиган бир инсон билан танишиб қолдим. Қозоқ тилидан ташқари инглиз, турк ва нидерланд тилларида эркин сўзлашади. Оилада набираларим ҳам қозоқча гаплашади, деди. Қозоғистоннинг қаеридан келгансиз, деган саволга аниқ жавоб бера олмади. Мен Қозоғистонда туғилмаганман, катта бобом бундан 130 йил аввал Қозоғистонни тарк этган, аввал Туркияга, кейин Европага келган, деди. Ўзининг қайси уруғданлигини ҳам айтди. Қаранг-да, бобоси қайси вилоятданлигини билмайди, аммо уруғи ва тилини билади, яъни ўзлигини ҳудуд билан эмас (маҳаллийчилик қилмай), тил ва уруғ билан бирликда идентификация қиляпти. Қолаверса, рус босқинигача бўлган муддатда, ҳали истило этилмаган онгини ва ўзлигини олиб чиқиб кетган инсон бу хотира ва анъаналарини генлари орқали авлодларига қолдирган ва авлодлар уни шараф билан сақлаб келмоқда.

2-ҳолат: Эссекс университети тадқиқотчиси, лингвист Моника Шмидт тилни йўқотиш муаммолари билан шуғулланади. У Германияни ўтган асрда тарк этган яҳудийларнинг немис тилини унутиш даражасини ўрганганда, қизиқ ҳолатга дуч келган.

Германияни фашизм давригача тарк этиб, АҚШ ва Британияда жойлашган яҳудийлар немис тилини унутмаган. Фашизм қатағонлари туфайли Германияни тарк этганлар эса немис тилини унутиб юборишган. Чунки улар учун немис тили ёмон хотиралар, қатағон, талон-тарож билан уйғун эди. Ушбу ҳолат инсоннинг тилга муносабати ўзини мансуб кўришни истаган (ёки истамаган) тарих, миллат ва мамлакатга муносабати билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатади.

Ўзбек тилининг шунчаки адабий тил эмас, тафаккур тарзи ва мулоқот қуроли сифатида яшаб қолиши ва ривожланиши, табиийки, фуқароларнинг ўзлигига содиқлиги, юртига муҳаббати ва миллат сифатида ўзини борича қабул қила олиши, бу билан фахрланишига боғлиқ тушунчадир.

Қайси тилда ўйлашимиз — бизнинг танловимиз!

Тунов куни “Муносабат” кўрсатувига борганимда, айримлар: “Нима учун бизда пешлавҳалар кўпи ўзбек тилида эмас? Қонун чиқариб, буни мажбурий қилиб қўйиш керак!” деган фикрларни айтди. Бу фикрларда жон бор, аммо 100 фоиз тўғри гап эмас.

Аввало, жон бор томонини айтсам. Бизнинг “Реклама тўғрисидаги” қонунимиз таҳрирталаб, яъни тил масаласида. Қонуннинг 5-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра, бошқа тилларда тарқатилади”, дейилган. Мана шу “ёки” боғловчиси туфайли рекламани ўзбек тилида бериш мажбурийлиги йўқолади, яъни реклама берувчи истаган тилида уни тайёрлаши ва тарқатиши мумкин. Ҳозир ушбу моддани ва қонунчиликдаги шунга ўхшаш нормаларни таҳрирлаш тўғрисида ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Эндиликда реклама матнларининг ўзбек тилида бўлиши мажбурий ва бошқа тилларга таржимаси ихтиёрий, деб белгиланиши мумкин.

Талабнинг нотўғри томонига келсак. Ташқи ёзувлар, пешлавҳалар — булар фақат ташқи реклама матнлари, дегани эмас. Улар орасида хусусий ташкилотлар номлари, бренд номлари ва ҳоказо тадбиркорларга оид номлар ҳам борки, уларни қонун билан мажбурлаб, фақат давлат тилида ном қўясан, дейиш ҳуқуққа мос келмайди. Масалан, тадбиркорни олайлик, у ўз қизининг исмига ширкатини “Виктория” деб номлагиси келса, номлайди. Унинг бу ҳуқуқини чеклаб бўлмайди. Бу тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув бўлиши мумкин. Демак, масала ечимини фақат мажбурлаш ва ҳужжат қабул қилишда кўрмаслик керак. Болтиқбўйи, Кавказ ва Кавказорти мамлакатларида пешлавҳалар ва номлар фақат ўша мамлакат тилида ёзилади-ку, деган аргумент келтиришди. Аввало, “фақат” эмас, истиснолар бор. Ҳамма гап меъёрда ва бизда бу меъёр тилимиз зарарига бузилгани рост. Лекин асосий жиҳати — ўша мамлакат аҳолисини ҳеч ким шу тилда номлайсан, деб мажбурламаган, бу уларнинг ОНГЛИ ТАНЛОВИ!

Нима учун тадбиркор ўзи асос солган брендга, масалан, “Бонито”, “Фрателли cаса” ёки “Нестуан” деб ном беряпти? Чунки у шундай номласам, менинг маҳсулотим чет элникидек туюлади ва харидоргир бўлади, деб ўйлайди. Харидор эса чиндан ҳам ажнабий номларга ўч, чет элники яхши, деб ўйлайди. Ваҳоланки, масалан, “Алвон”, “Ҳамза” деган брендлар ҳам бозорга муваффақиятли кириб боряпти-ку.

Нейминг (номлаш) борасида тавсия ва тарғиботдан ортиқ қуролимиз йўқ. Биз бундан самарали фойдаланишимиз керак. Балки хусусий тадбиркорлар учун “номлар банки” тузиб берармиз (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида шундай лойиҳа устида иш олиб борилаётганидан хабарим бор). Маҳсулот сотиб олаётганда унинг миллий номланганидан қочмасмиз, аксинча, шунақасига интилармиз.

“Инсон қайси тилда ўйласа, шу миллатга мансубдир”, деган экан машҳурлардан бири. Таниқли нотиқ Раҳимбой Жуманиёзов “Мен тилларда сўйлайман-у тилда ўйлайман”, дейди. Яъни қанчалик кўп тил билмасин, инсон онгида бир тил устун туради, ўша тилда ўйлайди. Қайси тилда ўйлаб, қайси миллатга мансуб бўлишни унинг ўзи танлайди.

Хулоса

Тилимиз олдида турган муаммолар фақат нейминг, пешлавҳа, ташқи рекламадангина иборат эмас. Асосий муаммолар чуқурроқда, албатта. Бу давлат ташкилотларида иш юритишдан тортиб, қонун лойиҳаларини давлат тилида тайёрлашгача, атамашуносликнинг ривожланмаганидан тортиб, давлат тилида сифатли контент камлигигача, ўзимиз ўзбекча ўйлаб туриб, фарзандларимизга дунёни бошқа тиллар орқали танитаётганимиздан тортиб, ўзбек тили таълимининг йиғилиб қолган муаммоларигача…

Хуллас, бу муаммоларни аниқлаш, тан олиш, тизимлаштириш ва аниқ режа асосида улар устида иш бошлаш вақти келди.

Фақат бир нарсани унутмаслик лозим — давлат тилига эътибор асло бошқа тилларни камситиш, бошқа тилли юртдошларимизнинг ўз она тилида мулоқот қилиш ҳуқуқига дахл қилиш дегани эмас. Мавзуни шу томон буриб, турли фитналар чиқишига йўл қўймайлик. Тил борасида эҳтиросларга берилмайлик. Ўзбек халқи бағрикенг, Ўзбекистон кўп миллатли мамлакат. Буни ҳаммамиз яхши англаймиз.

Шаҳноза СОАТОВА,

Адлия вазирининг маънавий-маърифий

ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси

ЎзА