“Ёш юраклар садоси” туркумидаги навбатдаги китоб чоп этилади

2020-04-04T19:01:55+05:004 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Азиз ёш журналистлар, блогерлар, навқирон ҳамкасблар!

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси “Ёш юраклар садоси” туркумидаги янги китобни нашр этишга ҳозирлик кўрмоқда.

Китобни бугунги кунда дунё миқёсида ўта долзарб мавзу – коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида мамлакатимизда Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар доирасида амалга оширилаётган ишлар, бу жараёнда меҳр-оқибат, сабр-тоқат, бирдамлик, ҳамжиҳатлик, саховатпешалик каби халқимизга хос бўлган қадриятларнинг ўрни ва аҳамияти, глобал дунёда ҳаёт моҳияти, умр мазмуни, инсон қадр-қиммати, жисмоний ва маънавий саломатлик қадрини англаш, бугунги куннинг қаҳрамонлари – шифокорлар ва халқимиз манфаатлари йўлида мураккаб карантин шароитида ҳам ўз фаолиятини тўхтатмаётган фидойи инсонлар ҳақидаги мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришлар асосида тайёрлаш кўзда тутилмоқда.

Тўпламни 2020 йилнинг тўртинчи чорагида чоп этиш режалаштирилмоқда. Унинг электрон версияси ҳам яратилиб, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси сайтига жойлаштирилади.

Барчангиздан газета ва журналларда, интернет саҳифаларида, ўз каналларингизда чоп этилган энг яхши мақолалар, телевидениеда намойиш этилган энг яхши кўрсатувлар, радиода берилган энг яхши эшиттиришларингиз матнлари ва ёзувларини, шунингдек ўзингиз ҳақингиздаги расмий маълумотнома-объективкани 2020 йилнинг 1 сентябрига қадар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига (97-711-16-33 телеграм манзилига) электрон шаклда тақдим этишингизни сўраймиз.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси