Биргаликда енгамиз

2020-04-03T13:00:20+05:003 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Дунёнинг деярли барча ҳудудларини қамраган коронавирус пандемияси шароитида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, фидойилик каби қадриятлар кўнгилларда янада кўпроқ куч олмоқда. Айни шу қадриятлар бизни бу синов кунларидан ёруғ юз, омонлик билан ўтишимизнинг катта омилларидан бири. Зотан бугун ҳеч биримиз четда туришимиз, ён атрофимиз, мамлакатимиз, дунёда юз бераётган воқеаларга лоқайд ва бепарво бўлишимиз мумкин эмас.

Хусусан, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган турли давлат ва нодавлат ташкилотлари, тадбиркорлар, умуман саҳоватли инсонлар юртдошларимизга имкон қадар маънавий ва моддий ёрдам бераётганлари, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаётганларини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Коронавирусга қарши кураш доирасида ташкил этилган “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига тўхтовсиз келиб тушаётган беминнат маблағлар мисолида ҳам халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, саховатпешалик ва бирдамлик фазилатларини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳам бу саъй-ҳаракатлардан четда эмас. Куни кеча Ижодий уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари, шунингдек, уюшма муассислигидаги “Ҳуррият” газетаси ва Ўзбекистон Миллий матбуот маркази ходимлари ўзларининг бир кунлик иш ҳақларини ушбу фондга ўтказдилар.

Айни пайтда уюшма ходимлари ҳам бошқа қатор тузилмалар каби масофадан туриб ишлаш тартибида фаолият олиб бормоқдалар. Жумладан, уюшма веб-сайтида миллий журналистиканинг ривожланиш тарихи ҳақида антология, мақолалар, тарихий фото ва видеоҳужжатлар жойлаштириладиган бўлим яратиш устида иш олиб борилмоқда. Бу ишда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика ҳамда Ўзбекистон жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетлари, шунингдек, юртимизнинг етакчи ОАВ ҳамда бошқа алоқадор қатор ташкилотларда фаолият олиб бораётган илмий ходимлар, олимлар, тажрибали ўқитувчилар, устоз журналистлар иштирок этмоқда.

Шу билан бирга “Ёш юраклар садоси” туркумидаги янги китобни нашр этишга ҳозирлик кўрилмоқда. Бу китобни биз бугунги кунлар мавзуси – пандемияга қарши кураш, унда меҳр-оқибат, сабр-тоқат, бирдамлик, ҳамжиҳатлик каби халқимизга хос бўлган қадриятларнинг намоён бўлиши, уларнинг аҳамияти, бугунги кунларнинг қаҳрамонлари – шифокорлар ва халқимиз манфаатлари йўлида оғир шароитларда ўз фаолиятини тўхтатмаётган фидойи инсонлар ҳақидаги асарларга бағишлашни режалаштиряпмиз. Негаки, ҳозир, бутун дунёда авж олган пандемия кунларида ҳар биримиз, шунингдек, ижод аҳли ҳам синовдан ўтмоқда. Бу синовда оммавий ахборот воситаларининг турли йўналишларида, газета ёки журналми, телевидение ёки радио, ёҳуд чек-чегарасиз интернет тармоғидами, фаолият олиб бораётган ёшларнинг ҳам ўз ўрни бор.

Бундай пайтлар юрак қўридан чиқиб, қаламдан тўкилаётган сатрларнинг қиммати ҳам баланд. Улар тарих, бу улуғ синовдан мардонавор ўтаётган замондошларимиз ҳаётининг муҳим саҳифалари.

Шу ўринда уюшманинг ҳудудий бўлимлари ходимлари ҳам эл бошига иш тутган бу кунларда барча каби ҳаракатда эканликларини ҳам таъкидлаш лозим. Жумладан, уюшманинг Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан 20 нафарга яқин журналистлар иштирокида Навоий шаҳри ҳудудида аҳолига 500 дона тиббий ниқоб ҳамда 100 дона қўлқоп тарқатилгани бунинг мисолидир. Бошқа ҳудудий бўлимларда ҳам бу каби ҳайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Зеро, ҳамжиҳатлик, бирдамликда ҳикмат кўп. Айни бирдамлик, меҳр-оқибат бизни яна ўз турмуш тарзимиз, ёруғ кунларимизга ҳаётимизга ёрдам беради.

Мавжуда Йўлдошева,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

раиси ўринбосари в.б.