Ўзбек телеканаллари янги #birgakurashamiz челленжини ишга туширди

2020-04-01T13:17:43+05:001 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) COVID-19 коронавирусининг тарқалишига қарши курашда мамлакатимиз фуқароларининг руҳий бардамлигини кўтариш мақсадида кенг қамровли #birgakurashamiz (#вместепобедим) хэштеги остидаги янги умумхалқ челленжни ишга туширмоқда.

Челленж доирасида юртдошларимиз телеканалларнинг электрон ва ижтимоий тармоқдаги манзилларига карантин даврида бўш вақтни қандай ўтказаётгани, болаларига қай йўсинда таълим-тарбия бераётгани ҳақидаги видеолавҳаларни юборишлари керак бўлади. Бу челленжда барча иштирок этиши мумкин.

– Биз бутун халқимизни ҳар қандай вазиятда ҳамжиҳат бўлишга, бир-бирини қўллаб-қувватлашга чақирамиз. Юртдошларимиз улашаётган видеолавҳалар бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга ёрдам беради, – деди ЎзЭОАВМА бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов.

Бундан ташқари, барча телеканалларда коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларининг, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг фидокорона хизматлари акс эттирилган лавҳалар намойиш қилинади.

Қайд этиш ўринлики, мавжуд вазият талабларидан келиб чиқиб, миллий телеканалларимиз ўз дастурларига муайян ўзгартиришлар киритишган.

– UzreportTV телеканали аҳолини эпидемиологик вазият ва COVID-19 га қарши курашиш жараёнларидан мунтазам хабардор қилиб туриш мақсадида махсус телекўрсатувлар дастурини жорий қилган, – деди мазкур телеканал раҳбари Равшан Жўраев.

– MY5 телеканали карантин даврида мактаб ва лицейлар ўқувчилари учун телевизион дарслар ва ўқув кўрсатувларини узатишни йўлга қўйди. Улар болаларга ўқув жараёнидан узилиб қолмасликлари учун катта ёрдам беради. Шу билан бирга, одамлар уйда, масофадан туриб қандай ишлаётганини кўрсатувчи махсус дастурлар ҳам тайёрлаяпмиз, – деди телеканал директори Қобилжон Аҳмедов.

ZO’R TV телеканали директори Музаффар Мирзаҳмедовнинг айтишича, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» хайрия фондига қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида роликлар намойиш этилмоқда, шунингдек, таниқли тадбиркорлар, маданият ва санъат арбоблари иштирокида карантинни қай тартибда ўтказиш ҳақида тавсияларни ўз ичига олган кўрсатув ва роликлар ҳам бериб борилмоқда. Кечки соатларда Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа идоралар ходимлари иштирокида «Дахлдорлик туйғуси» кўрсатуви намойиш этилаяпти.

Sevimli телеканали директори Жалоллидин Сафоевнинг айтишича, бутун дунё коронавирусга қарши қандай курашаётгани ҳақида хабарлар тасмаси ишга туширилган. Шунингдек, ўзбек ва жаҳон юлдузлари, таниқли инсонларнинг аҳолини карантин даврида уйда ўтиришга даъват этувчи роликлар ҳам намойиш этилмоқда.

Рустам ЖАББОРОВ, ЎзА