Журналистикага оид янги ижтимоий роликлар тақдим этилди

2020-04-01T13:08:45+05:001 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган қироллигининг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида янги ижтимоий роликларни тақдим этди. Коронавирус сабабли уларнинг тақдимотлари виртуал тарзда амалга оширилмоқда. Ушбу роликларда «Сўз эркинлиги – демократиянинг асосий принципларидан бири!» ва «Журналист хавфсизлиги – сўз эркинлиги гарови!» эканлиги эслатиб ўтилган.

Журналистларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари Гулнора Бобожонованинг қайд этишича, роликларнинг бирида асосий эътибор Ўзбекистонда демократия тамойилларини ўрнатишга қаратилган ислоҳотлар даврида журналистика ҳам ўзгариб бораётгани акс этган бўлса, иккинчисида давлат раҳбари даражасида журналистлар ҳимоясига эътибор қаратилаётгани ва бунда турли мансабдорлар ҳам танқидга муросали бўлишлари кераклигига ишора қилинган

«Сўз эркинлиги –демократия асоси» – ўз фикрини эркин ифода этишга бағишланган ролик

Ўзбекистонда жамиятнинг барча жабҳаларида ислоҳотлар олиб борилмоқда. Олдинга қўйилган мақсадларга эришиш учун эса фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг фаол қўллаб-қувватлаши керак бўлади. Шу сабабли инсон эркинлиги, шу жумладан сўз эркинлигини таъминлаш мамлакат раҳбариятининг алоҳида эътибор қаратаётган вазифаларидан саналади. Сўз эркинлиги инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири ва демократик дунё айнан унинг асосида мавжуддир. Усиз эса демократия ҳақида гапиришнинг ўзи бефойда. Айнан сўз эркинлиги жамиятни тараққиётга етаклар экан, бу билан инсоннинг бошқа ҳуқуқларига риоя этилишининг кафолати бўлади. ОАВ орқали ўз фикрини ифода этиш имконияти жамиятдаги ижобий ўзгаришларни юзага келтириб, уни барқарорлигини ҳам таъминлаб туради.

«Журналист хавфсизлиги – сўз эркинлиги гарови!» – мамлакатда демократик принциплар ва ислоҳотлар сари ундовчи ролик

Журналистика, жамоатчилик назоратининг инструменти сифатида жамият асосини емирувчи иллатлар, жумладан коррупцияни фош этишни, инсон ҳуқуқлари бузилишининг ҳар қандай кўринишларига қарши муросасиз курашни ўз олдига муҳим мақсад деб қўйиши лозим. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзоси сифатида халқаро ташкилотларнинг, жумладан ЮНЕСКО, ЕХҲТнинг журналистлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қарши қаратилган жиноятларни жазосиз қолишининг олдини олишга оид ҳужжатларга қўшилган. Журналист хавфсизлиги кафолати – бу мамлакатда демократик принциплар ва ислоҳотлар гаровидир. Ўзбекистонда бу қонунан кафолатланган!

ЎзА