Уйда қолинг, телевизор кўринг!

2020-04-01T12:55:26+05:001 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

«Дунёда чанг бўлмаса, инсон мингга кирарди» деган ҳикматли сўз халқ орасида машҳур. Аслида, бобокалонимиз Абу Али ибн Сино “чанг” деганда кўзга кўринмас вирус ва бактерияларни назарда тутганини, коронавирус пандемияси даврида энди тўғри англагандек бўляпмиз.

Дунё файласуфлари “Оламнинг асосида нима ётади?” деган саволга тинмай жавоб излаб турли хулосаларга келишган. Айримлар оламнинг асосида рақамлар ётишини айтади. Ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай жисмнинг оғирлиги, ҳажми ва ҳоказо параметрларини рақамларда ифодалаш мумкин. Баъзилар эса, оламнинг мутлақ ҳокими кўзга кўринмас майда зарралар, яъни вирус ва бактериялар эканлигини таъкидлайди. Бу назария тарафдорлари қанчалик ҳақлигини бугун кўзимиз билан кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз. Чунки “Сovid-19” деб ном олган тождорвирус қисқа муддат ичида XXI асрда яшаётган, техника-технология юксак тараққий топган инсоният жамиятини шошириб қўйди.

Аслида, бу пандемияни енгиш жуда осон. Уйдан чиқмай, ўзимизни-ўзимиз бошқа инсонлардан изоляция қилсак бўлгани. Лекин бугунги кунга келиб, инсоният шу қадар ижтимоийлашдики, биз жамиятсиз ҳаётни тасаввур эта олмай қолдик. Уйда ўтириб, гўёки Робинзон Крузодан ҳам баттар ҳис қиляпмиз, ўзимизни. Чунки ҳар қандай инсон жамият билан маънан тирик.

Яхши ҳамки, карантин пайтида бир-биримиздан хабар олиб туриш учун турли алоқа воситалари мавжуд. Дунё билан боғланишга эса интернет, оммавий ахборот воситалари бор.

Иккинчи жаҳон уруши даврида радио энг асосий ахборот тарқатувчи воситага айланганини ҳаммамиз биламиз. Кейинчалик, XX асрнинг 50-йиллари иккинчи ярмида телевидение пайдо бўлди. Ўша даврларда энди матбуотнинг ҳам, радионинг ҳам куни битди, деб ҳисоблаганлар йўқ эмасди. Бироқ телевидение ҳар қанча етакчилик қилмасин, вақтли матбуот ҳам, радио ҳам бутунлай йўқолиб кетмади, балки ўз улушини сақлаб қолди. Интернет тизими оммавий ахборот воситаси сифатида ҳам фаолият олиб боришни бошлаганидан кейин қайсидир маънода телевидениенинг ҳам жамиятдаги ўрни пасайди. 20 йил шу соҳада ишлаган тележурналист сифатида бу муаммо, айниқса, кейинги йилларда мени кўп ўйлантирди. Хоҳлаймизми, йўқми инсонлар телевизор кўришдан кўра, интернетдан фойдаланишни афзал била бошлашди. Бу табиий жараён. Бора-бора матбуот, радио ва телевидение интернет таркибига бирлашиб кетишини ҳаммамиз олдиндан сезиб турибмиз. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас.

Карантин даврида маҳаллий телевидениемиз энг асосий оммавий ахборот воситасига айланди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибига кирувчи ҳамда нодавлат телеканалларнинг 16:9, HD форматда эфирга узатилаётганлиги, хорижий фильмларнинг ўзбекча таржималари билан берилаётганлиги, аксарият телеканалларнинг 24 соат эфирга чиқаётганлиги, аслида, миллий ютуғимиз. Чунки ҳамма давлатда ҳам маҳаллий телевидение биздаги каби ривожланавермаган.

Пандемия телевидение соҳаси вакилларининг янада жадал ишлашларига, ташаббусни ўз қўлларига олишларига сабаб бўляпти. Аввало, долзарб янгиликлар, вирусдан ҳимояланиш, карантин пайтида хотиржамликни йўқотиб тушкунликка тушмаслик ва ҳоказо юзлаб масалалар бўйича томошабинлар айнан телевидениедан маълумот олишмоқда. Масофавий таълим ҳам телеканаллар орқали олиб бориляпти. “O‘zbekiston 24” телеканалининг қатор телекўрсатувлари, “Давр”, “Замон”, “Марказий студия” ва бошқа информацион дастурлар очиқлик ва тезкорлик принципи асосида тўғридан-тўғри эфирлар амалга оширишмоқда. Таниқли журналистлар Қуддус Аъзамов, Шерзодхон Қудратхўжаев, Гулноза Ҳусанова, Дилшод Назировларнинг таҳлилий телекўрсатувлари бутун дунёда юзага келган фавқулодда вазиятдан эсон-омон қутулиб чиқиб кетишда маънавий ва амалий кўмак бўлаётгани аниқ.

Телевидение фақатгина журналистикадан иборат эмас, балки у санъат ҳам. Мусиқа, театр, кино, цирк каби ўнлаб санъатларни бирлаштирган бир соҳа. Бу касб эгалари томошабинларнинг зерикмаслиги, уйдан чиқмай кунни хуш кайфиятда ўтказишлари, стрессга тушмасликлари учун бор имкониятларини ишга солишлари керак. Айни кунларда шундай бўляпти ҳам.

Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида ойинаи жаҳонни тасвирлаган. Орадан беш юз йил ўтиб, шу фантазия амалга ошди. Инсонлар ойина орқали бутун дунёни кўриш имкониятига эга бўлишди.

Ниятимиз, шу ойинаи жаҳон орқали инсониятнинг вирусни енгиб, яна одатий ҳаётга мослашиш лаҳзаларини, беморларнинг бутунлай соғайиб, уй-уйларига қайтаётган лавҳаларини кўриш тезроқ насиб қилсин.

Ҳозирча эса уйда қолинг, телевизор кўринг!

ЎзА