ЭЪЛОН! Ўз тажрибаларингизни бошқалар билан бўлишинг, яхшилик қилинг ва қимматбаҳо совғага эга бўлинг

2020-04-01T12:52:16+05:001 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ҳамкорликда оилалардаги муносабатларни янада яхшилаш, ота-оналар ва фарзандлар, ака-укалар, опа-сингиллар, бува-бувилар ва набиралар ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш ҳамда ибратли оилавий анъаналарни кенг тарғиб этиш, шунингдек, ўсмирларда мураккаб вазиятни фойдали ҳаракатларга йўналтириш, ўз-ўзини ривожлантириш, янги билим ва таълим олиш учун вақтдан самарали фойдаланиш лаёқатини юксалтириш мақсадида “Карантинни қандай ўтказяпмиз?” номли видеороликлар танловини эълон қилади.

Танлов икки йўналишда ташкил этилади. Яъни барча аҳоли қатламлари учун “Карантин пайтида уйда, оила даврасида вақтни қандай ўтказяпмиз?” мавзусида ҳамда ўсмирлар учун “Мақсадимга эришиш йўлидаги ғояларим” йўналишида ўтказилади.

Танловга мобиль телефон, юқори аниқликдаги видеокамерада суратга олинган ва танлов мавзусига мос бўлган, 2 дақиқадан ошмаган, ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида тайёрланган видеомаҳсулотлар 2020 йил 1 апрелдан 25 майига қадар қабул қилинади.

Танлов учун тайёрланган видеоролик материаллар ЮНФПАнинг Facebook саҳифасидаги мессенджерига https://www.facebook.com/UNFPA.Uzbekistan/ саҳифасига жойлаштирилиб, унда иштирокчининг исми ва видеоролик мавзуси кўрсатилиши ёки видеонинг Youtubeдаги манзили юборилиши лозим.

Танлов натижаларига кўра ҳар бир йўналишда учта энг яхши, жами 6 та материал танлаб олинади ва икки йўналиш бўйича 1, 2 ва 3-ўринлар соҳиблари ноутбук, планшет ва смартфонлар билан тақдирланади.

Танлов ғолиблари 2020 йил 1 июнь куни эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

Ахборот хизмати