Марказий банкнинг карантин вақтида банклар томонидан кредитларнинг тўлов муддатларини узайтириш тартиби тўғрисидаги ахбороти

2020-03-30T11:56:32+05:0030 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

Коронавирус пандемиясининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларида кредитларни қайтариш билан боғлиқ салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида уларнинг кредит тўловлари муддатларини узайтириш юзасидан мурожаатларини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш бўйича кредит ташкилотларига кўрсатмалар берилди.

Бунда кредит ташкилотларига аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит тўловлари муддатларини узайтиришда фақат мурожаатномани тақдим этиш билан чекланиб, мурожаатномада:

кредит тўловларини узайтириш юзасидан асослантирилган изоҳ;

карантин даври якунлангандан сўнг кредит ташкилоти томонидан белгиланган муддат ичида кредит шартномасига киритиладиган ўзгартиришларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштириш юзасидан қарздорнинг мажбурияти қайд этилиши лозим.

Ўз навбатида, карантин даври тугагандан сўнг белгиланган муддат ичида қўшимча ҳужжатларни қонунчиликка мувофиқ расмийлаштирилмаган тақдирда кредит шартномасига киритилган ўзгаришлар кредит ташкилоти томонидан бекор қилиниши ва дастлабки шартнома шартлари кучга киришини маълум қиламиз.

Бугунги кунда тижорат банклари томонидан мурожаатларни масофавий қабул қилиш тизимлари яратилмоқда. Ушбу масофавий хизматлар тўғрисида банкларнинг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали қўшимча маълум қилинади.

ЎзА