Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Жаҳон миқёсида тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлиги ва санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда жонбозлик кўрсатишмоқда.
Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида:
- Коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови (кейинги ўринларда – махсус тўлов) белгилансин:
врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;
ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга –15 миллион сўм;
кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;
бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.
Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси (А.Н.Арипов)
бир ҳафта муддатда махсус тўловларни олувчи мазкур бандда назарда тутилган тадбирларга жалб қилинган бошқа ходимларнинг қўшимча рўйхатини тасдиқласин.
- Белгилансинки, махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан, жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.
- Коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки уларнинг оғир аҳволга тушиши ва соғлиғи тикланмаганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган қўшимча тўловлар миқдорлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган, зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни юқори ҳимоя даражасига эга бўлган шахсий ҳимоя воситалари комплекти билан мунтазам равишда таъминласин.
- Мазкур қарор ижроси билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
- Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 26 март