ЎзА мухбири: аниқ, холис ахборот тарқатиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим экани масъулиятимизни янада оширмоқда

2020-03-27T12:00:11+05:0027 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

#Biz_uydamiz_onlayn_ishlayapmiz_siz_ham_uyda_qoling_uzauz_ni_kuzatib_boring!

Мазкур #хэштег Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

жамоасининг бугунги кун иш шиори

Уйимдаги лилия гули яқинда очилди. Кўнглимдаги ғуборлар тарқагандай бўлди. Дўстларга ҳам қувонч улашиш мақсадида фейсбукдаги саҳифамга ҳам қўйдим. Кўпга манзур бўлди…

Бугун дунё аҳолисини коронавирус пандемияси қўрқувга солмоқда. Назаримда, бу барча миллат аҳли учун бир синовга ўхшайди. Ана шундай кунлар бизни бирлашишга, бир-биримизни қўллаб-қуватлашга ва ушбу балони якдиллик билан енгиб ўтишга ундамоқда.

Ва шунда дераза токчасида қийғоч очилган гуллар дилимни яшнатиб, ўзимга бўлган ишончни юз чандон оширди.

Ҳа, минг афсуски, мамлакатимизда ҳам ушбу вирусга чалинган фуқаролар бор. Бу ҳолат бизни ҳушёрликка, озодалик тартиб-тамойилларига амал қилишга чорлайди.

Ушбу вирус тарқаб кетишининг олдини олиш мақсадида давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан тезкор чоралар кўрилмоқда. Барча ташкилотлар фаолиятининг узвийлигини таъминлаш ва ишчи-ходимлар соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида қулай шароитлар яратилди.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб ЎзА жамоасининг бир гуруҳи масофадан туриб онлайн ишлаяпти. Бу вазият бизни янада шижоат билан ишлашга даъват этмоқда.

Тўғри, фаолиятимиздан келиб чиқиб, ижтимоий тармоқларда берилаётган воқеа-ҳодисага бўлган муносабатлар доимий кузатувимизда. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмас. Албатта, бундай нохолис фикрлардан ваҳимага тушмаслик ва ишончли манбага таяниш мақсадга мувофиқдир.

Бугун мен масофадан туриб меҳнат фаолиятимни давом эттиряпман. Бироқ умидсизликка тушмадим, аксинча, ўз ишимга бўлган меҳрим янада ошди. Ҳар куни ишчан кайфиятдаман. Мавзуга доир ёзаётган ҳар бир мақолада холис ва аниқ манбаларга таяниш бугунги ўқувчи учун энг муҳим зарурат экани масъулиятимизни янада оширмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА