Мўйноқда агротехника амалиёти бошланди

2020-03-17T06:29:53+05:0017 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

Бугун экспедициянинг биринчи иш куни. Эрта тонгдан Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш қўмитаси хамкорлигида ташкил этилган «Орол ва ёшлар 2 » ўқув-илмий экспедиция иштирокчилари Мўйноқ туманида жойлашган қарийб 2 гектар майдонни эгаллаган ЎзМУнинг 1-ўқув-илмий полигонида агротехника амалиётини бошлашди.

Ҳудудда 20 тур ва навдан иборат 1000 дона мевали, 400 дона манзарали дарахтлар, шунингдек, тупроқни эрозиядан сақловчи 250 дона ўсимликлардан иборат экологик плантация мавжуд. Мазкур экологик ўқув-илмий полигонни бундан роппа-роса бир йил муқаддам ЎзМУнинг Биология факультети ташаббускор талаба-ёшлари томонидан бунёд этилган эди. Ташаббускор, мехнатсевар, бунёдкор ёшлар ва профессор- ўқитувчилари Ватан учун, шу замин учун ўзининг оз бўлсада хиссасини қўшиш учун бугун яна Мўйноқда. Дастлаб Биология факультети декани, профессор Тўхтасин Абдурахмонов томонидан кунлик бажариладиган ишлар тақсимлаб берилди. Ташаббускор ёшлар 5 та гурухга ажратилди. Факультет декани бошчилигидаги гурух худуд тупроғи, унинг ўзига хос хусусиятлари, доривор ўсимликлар табиати ва униш шартлари бўйича магистрант ва таянч докторантларга махорат дарслари ўтиш ва умумий ишни назоратига, кафедра мудири, доцент Рустам Аллабердиев гуруҳи экологик полигонга трактор ёрдамида ишлов беришга, декан ўринбосари Орзубек Файзуллаев гуруҳи янги мевали кўчатлар ўтқазишга, катта ўқитувчи Отабек Эшонқулов гуруҳи эса кўчатлар ва доривор ўсимликларга ишлов бериш ва оқлашга, ўқитувчи Жасур Мирзаев гуруҳи эса боғни қуриб қолган бегона ўтлардан тозалашга киришиб кетишди. Ҳашарга табиат ҳам ўз хиссасини қўшиш мақсадида майин шамол ва ўртача иссиқликни ҳадя қилмоқда. Ёшларнинг шижоати ва кайфияти аъло даражада. Ҳамма иш билан банд. Биз эса уларни эл-юртга овоза қилиш билан бандмиз. Ўзбекистон Қахрамони, Ўзбекистон халқ шоири, марҳум Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда «Бизлар ишлаяпмиз бу мехнат холос. Бизлар хаддан ошмаймиз.Шунчаки, Ватанни бошқалардан кўпроқ севамиз. Бизнинг дардимиз шудир укажон». Биз ҳаракатдамиз. Ҳаракатдаги инсонни эса тани ва руҳи соғлом, эътиқоди мустаҳкам бўлади. Эътиқод ва иродамизни тоблаш учун ушбу заминга қадам босдик азиз замондош. Сизчи?! Сиз нима билан бандсиз Ватандош?!

Равшан Омонов

Экспедиция Ахборот хизмати рахбари.