Мададга муҳтож маданият маркази

2020-03-11T12:23:51+05:0011 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

ФОТОТАНҚИД

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги “Дўрмон” маҳалла фуқаролар йиғинига кириб борар экансиз, пештоқига “Дўрмон” маданият маркази деб ёзилган бино эътиборингизни тортади.

Аввалига чекка қишлоқда бундай марказ фаолият кўрсатаётганидан хурсанд бўласиз. Аммо бу ердаги манзара билан танишгач, эътибордан четда қолган маданият марказининг аҳволидан ҳайратга тушасиз. Муҳташам бино таъмирга муҳтож. Дераза ойналари синган, сувоқлари тўкилиб кетган, биронта ўриндиқ йўқ. Қишлоқ аҳли маданият марказида қачон охирги марта маънавий-маърифий тадбир ўтказилганини эслай олмайди.

Айтишларича, маданият марказида миллий чолғучилик йўналишида санъат тўгараклари ташкил этилган, лекин иш куни бўлишига қарамай биз борган куни марказ мутасаддиларини топишнинг имкони бўлмади. Тўгарак хоналари(агар уни шундай дейиш мумкин бўлса) умуман иситилмайди, оддий электр лампаси ҳам йўқ. Тўгарак фаолияти учун зарур бўлган миллий чолғу асбоблари ҳам йўқ.

Кўринадики, катта йўл бўйида “савлат” тўкиб турган маданият масканида юзага келган муаммолар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолмаган. У йиллар давомида ечимини кутиб турибди. Туман мутасаддилари эса бу ҳолатни кўрса ҳам кўрмагандек бўлиб юрибди.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА