ҲАМДАРДЛИК: халқимизнинг ардоқли шоири​ Азим Суюн​ оламдан ўтди

2020-03-09T07:32:32+05:009 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

Бугун 9 март куни халқимизнинг ардоқли шоири, таниқли журналист, ​Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азим Суюн оламдан ўтди.

Азим Суюн (Азимбой Алимович Суюнов) — 1948 йил Самарқанд вилоятига қарашли Накурт қишлоғида туғилган. 1977 йилда Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини битирди.

Азим Суюн халқимизнинг суюкли шоири. Унинг “Менинг осмоним”, “Замин тақдири”, “Олис тонглар” “Сайланма”, “Эй дўст”, “Ватан фасллари”, “Мен сизни севаман” каби ўнлаб китоблари халқимиз томонидан севиб ўқиб келинмоқда. Унинг асарлари кўплаб тилларда нашр этилган, айни пайтда унинг ўзи ҳам бир қанча чет эл шоирлари асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Азим Суюн Ўзбекистон Матбуот Давлат қўмитасида адабий маслаҳатчи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб, ”Халқ сўзи” газетасида бўлим муҳаррири, “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари, “Гулистон” журнали бош муҳаррири лавозимларида фаолият олиб борди, ҳақгўй журналист-публицист сифатида кенг танилди.

Азим Суюн Биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати эди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Азим Суюннинг оила аъзолари, яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади.