Ёшлар медиа муҳитидаги фаолиятим муносиб рағбатлантирилганидан бахтиёрман

2020-03-07T17:45:27+05:007 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

Эътироф

Мамлакатимизда кечаётган туб ўзгаришлар ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришни кун тартибига қўймоқда. Давлатимиз раҳбари ёшлар билан учрашувида: “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади”, дея таъкидлади. Шунингдек, Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам ташаббускор бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларни тарбиялаш зарурлигига алоҳида урғу берди.

Бугун Президентимиз илгари сураётган ёшларга оид давлат сиёсати мазмун-моҳиятини креатив форматда тарғиб этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу борада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши аппарати муассислигида чоп этиладиган “Yosh kuch” журналининг ўзига хос мақоми борлигидан мамнунман. Шу туфайли Давлатимиз раҳбари номидан менга топширилган “Шуҳрат” медали, аввало, мамлакатимизда ёшлар матбуотига – демакки, ёшлар маънавияти, маданияти, маърифатига қаратилган олий эътиборнинг инъикоси деб биламан.

Қолаверса, олий даражадаги ушбу эътироф Ўзбекистонда аёл кадрлар қадрининг юксалганлиги ифодасидир. Ёшлар медиа муҳитидаги фаолиятимни бугунги жўшқинлик кайфиятида ўзгача мотивация билан давом эттирарканман, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи жамоаси, хусусан “Yosh kuch” журнали таҳририяти номидан барча юртдошларимизни баҳорий байрамлар билан муборакбод этиб қоламан. Баҳор янги ғоялар ва яхши ташаббусларимизнинг дебочаси бўлсин.

Ирода ДАДАЖОНОВА,

“Yosh kuch” журнали бош муҳаррири,

“Шуҳрат” медали соҳиби