Журналистларга сертификатлар топширилди

2020-03-06T12:24:52+05:006 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

Жорий йилнинг 24 февраль – 6 март кунлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда журналистларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган лойиҳани амалга оширди. Лойиҳа доирасида оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган 17 нафар журналисти Юристлар малакасини ошириш марказида ташкил этилган ўқув курсларида таҳсил олди.

Ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятни юксалтириш ҳар бир жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ҳар бир киши қаерда, қандай соҳада ишлашидан қатъий назар, ҳуқуқий билимларнини ошириб бориши, ўз соҳасига оид қонунларни мукаммал билиши лозим. Ана шундагина у иш фаолиятида хатоларга йўл қўймайди.

Жамиятнинг илғор кучи ва виждони ҳисобланган журналист фаолияти учун бу янада устувор аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2019 йил 26 декабрда тасдиқланган Аҳоли ва ахборот соҳаси субъектларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг 14-бандида “Ҳуқуқий мавзуларни ёритадиган журналистларнинг, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари раҳбар ва ходимларининг малакасини ошириш учун Юристлар малакасини ошириш марказида шартнома асосида махсус малака ошириш курслари ташкил қилиш” кўзда тутилгани ҳам бунинг далилидир.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари, таниқли журналист Бахтиёр Ҳайдаров:

Бу ўқув курси айни вақтида ташкил этилган бўлиб, ҳуқуқий мавзуларни ёритадиган журналистлар учун жуда муҳим деб биламан. Чунки, президентимиз бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларда журналистлар ўрнини таъкидлаб, “профессионал журналистлар” деган сўзларга алоҳида урғу бердилар. Шундай юксак эътибор ва эътирофга муносиб бўлиш учун ўқув курсини аҳамияти катта. Бугунги кунда ҳар биримиз можароли холатларга дуч келяпмиз. Инсон ҳуқуқлари бузилиши холатларига журналист шунчаки фикр билдирмасдан ҳуқуқий билимлари асосида масалага ёндошса, адолатни тикланишига ҳисса қўшса, унинг ёзганлари ҳам аҳоли томонидан, ҳам давлат идоралари томонидан эътироф этилади. Ана шунда журналистларга бўлган муносабат тубдан ўзгаради ва халқ орасида журналистларнинг обрўйи янада ошади. Менимча бу масала жуда муҳим ҳисобланади.

Фурсатдан фойдаланиб ушбу курсни ташкил этган Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Жорий йил 24 февралдан 6 мартга қадар давом этган малака ошириш курслари ўқув дастури доирасида таниқли назариётчи олимларнинг “ОАВ фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари”, “Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари” модуллари асосида оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқи, Журналистнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, Ўзбекистон Республикаси журналистининг чет элдаги ва чет эл журналистининг Ўзбекистон Республикасидаги фаолияти, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясида кўзда тутилган асосий йўналишлар, коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг иштироки каби журналистик фаолият учун муҳим бўлган мавзулардаги маърузалари тингланди.

Мўътабар Нурмуҳамедова : (“Sevimli” телеканали мухбири)

  • Биз жуда кўплаб ҳуқуқий терминларни нотўғри ишлатар эканмиз.

Бу ерда ўқиш жараёнида устозларимиз бу масалаларга аниқлик киритишди. Тўғриси, кўп нарса ўргандик.

Кўпчилигимиз ҳуқуқий мавзуларни, хусусан суд жараёнларини ёритамиз. Суд органлари, ёки терговчилар томонидан хуқуқлари бузилган фуқороларга ҳам дуч келамиз. Шундай пайтда журналистнинг ҳуқуқий билимлари етарли бўлса, мавзуни ўрганиб, адолатни тикланишига ўз ҳиссасини қўша олади. Шунинг учун ҳам ушбу курс жуда муҳим деб ўйлайман.

Бугун малака ошириш курслари ниҳоясига етди ва тингловчиларнинг олган билимлари имтиҳондан ўтказилиб, уларга сертификатлар топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Сертификатларни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов ва Юристлар малакасини ошириш маркази директори Анвар Рахматов топшириб, журналистларга келгуси фаолиятларида катта ютуқлар тиладилар.