​Адолатнинг фаол жарчилари

2020-03-06T12:16:49+05:006 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

Бугун аёл журналистлар миллий медиа тузилмасида ҳам фаол меҳнат қилмоқда.
Миллий матбуот марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган маърифий тадбирга оммавий ахборот воситаларининг турли йўналишларида самарали меҳнат қилаётган журналист опа-сингилларимиз таклиф этилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, мазкур уюшма қошидаги Журналист аёллар кенгаши раиси Феруза Одилова, Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова ва бошқалар бугунги шиддатли ислоҳотлар жараёнини кенг ёритиш, мавжуд муаммо ва камчиликларнинг илдизини очиб беришда аёл журналистлар ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Мустақиллик йилларида 2 минг 80 нафардан ортиқ хотин-қиз Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган. Ўттиз нафар аёл ижодкоримиз «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» унвонига эга экани, ўнлаб журналист аёллар эса «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони, орден ва медаллар билан тақдирлангани уларнинг меҳнатига бўлган эътибор намунасидир. Ижодкор хотин-қизлар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказиб келинаётган «Олтин қалам» Миллий мукофоти учун халқаро танлов, «Йилнинг энг фаол журналисти», «Энг улуғ, энг азиз» каби ижодий кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

– Бугунги шиддатли давр «Аёл уй бекаси, оила қўрғони» деган бир ёқлама қарашларга ҳам барҳам бермоқда, – деди Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова. – Бугунги кунда аёллар давлат ва жамоат арбоби, ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида ҳам юртдошларимиз кўз ўнгида гавдаланмоқда.

Тадбирда турли йўналишдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари тақдирланди. Бугунги журналистика олдидаги долзарб масалалар, аёл ижодкорлар манфаатини таъминлаш борасидаги таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

Иштирокчилар аёлларга кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик изҳор этди.

Назокат УСМОНОВА, ЎзА