Касбимиз бир, қардошлигимиз абадий, мақсадимиз муштарак

2020-03-02T06:40:44+05:002 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

Ким биландир учрашиш, юзма-юз мулоқотда бўлиш, ҳамкорлик қилиш аслида инсон табиатига хос хислат. Аёнки, одам шу орқали ўз фикр-мулоҳазаларини, қарашларини баён этади, бир сўз билан айтганда, фаоллашади. Албатта, бу жараён унинг ҳаётида қандайдир маъно-мазмун касб этиб, ўзгариш бўлишига тутки беради.

Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам шунга ўхшаш – мамлакатларнинг ҳар томонлама тараққий этиши, янги-янги имкониятлар эшиги очилиши, ўзаро дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига замин яратади.

Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда – 19-20 февраль кунлари Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга амалга оширган ташрифи мулоқотнинг янги форматига асос солиш, ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб олишга хизмат қилганини, қисқа қилиб, умумлаштириб айтадиган бўлсак, ҳар жиҳатдан самарали кечганини таъкидлаш жоиз.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳа ҳамда устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари атрофлича кўриб чиқилган ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Олий даражадаги Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишида, Туркия Республикаси Президенти кутубхонаси мажмуасининг тантанали очилиш маросими ва бошқа тадбирларда иштирок этди, Туркиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Ҳамкорликнинг янги босқичи бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Табиийки, эндиликда турли соҳаларда Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлиги янада ривожланади. Бу жараён финомонида икки мамлакат журналистларининг тажриба алмашишини таъминлаш борасидаги ишларни жонлантиришга ҳам кенг йўл очилади. Шу ўринда қардош ҳамкасбларнинг малака алмашинуви талаб даражасида бўлмаса-да ташкил этилаётгани, кейинги уч йил ичида бир неча гуруҳ туркиялик ОАВ вакиллари юртимизнинг диққатга сазавор жойларида, медиа тузилмаларимизда бўлгани, кўплаб журналистларимизнинг ушбу мамлакатга ижодий сафари уюштирилганини айтиш лозим.

Мисол учун, уюшмамиз бош-қош бўлаётган “Олтин қалам” халқаро танловида бир қатор хорижий ташкилотлар, хусусан, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси “Туркия ташқи сиёсати ҳақидаги энг яхши материал учун” номинацияси билан иштирок этиб келмоқда. Ўтган йиллари ушбу лойиҳа доирасида кўплаб журналистларимиз Туркияда бўлиб қайтди. 2019 йили эса мазкур номинация ғолиблигини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маҳалла” телеканали катта муҳаррири Садоқат Дадаева, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги– ЎзАнинг Наманган вилояти бўйича фото мухбири Ҳотам Мамадалиев, Qalampir.uz веб-сайти ходими Суннатилла Абдуллаев қўлга киритиб, Туркияга ижодий сафар йўлланмасига эга чиққан эди. Тегишли таклиф ва келишувга мувофиқ, камина ҳамда айни пайтда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида фаолият юритаётган Фаррух Бўтаевга ҳам ғолиблар билан бирга ўтган йилнинг 15-19 сентябрь кунлари Туркияга бориш насиб этди. Қисқаси, ушбу юртга сафаримизнинг биринчи куни якшанбага тўғри келган эди. Фурсатдан фойдаланиб, Туркия пойтахтининг диққатга сазовор жойларини томоша қилдик. Географик жиҳатдан ривожланиш учун қулай минтақада жойлашган, Ғарб билан Шарқ ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажарувчи Туркияда аҳолининг ҳам шарқона, ҳам Европа услубида кийинишига кўзингиз тушади. Ўзбекистондан эканимизни билган маҳаллий аҳоли вакиллари “Ота юртдан келдингизларми” дея илиқ муносабатда бўлиши кайфиятимизни кўтарди.

Ўзга юртга борган журналистни шу юрт урф-одат ва анъаналари, тарихи, сиёсати, мамлакатнинг айни кунги ривожланиш жараёнларидан ташқари, оммавий ахборот воситалари фаолияти, соҳага оид техника ва технологиялар, иш усул ва услублари, ОАВларида журналистлар учун яратилган шарт-шароитлар қизиқтиради, албатта.

Сафаримиз давомида Туркия Президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармасига, ушбу давлат телерадиокомпанияси – TRTга, “Анадолу” ахборот агентлиги, бешта газета ва олтита нодавлат телеканални ўзида бирлаштирган “Turkuvaz mediya” корпарациясига ташрифимизни уюштирилиши айни муддао бўлди.

Штаб-квартираси Анқара шаҳрида жойлашган “Анадолу” ахборот агентлиги ижодий жамоаси билан учрашувда айни пайтда мазкур оммавий ахборот воситасида тайёрланаётган фото, видео ва матнли хабарлар 13 тилга таржима қилиниб, дунёнинг юздан ортиқ мамлакатига тарқатилаётгани, маҳаллий газета ва журналлар, телерадиоканаллар агентлик материалларидан фаол фойдаланиб келаётгани айтиб ўтилди. Таъкидланганидек, йилдан-йилга “Анадолу”қамраб олаётган ҳудудлар географияси кенгайиб, ходимлари сони кўпайиб бормоқда.

–Агентлик ходимлари, жумладан, фото мухбирлари иш жараёни билан танишиб, улар олган бир қанча суратларни кўздан кечириш, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдим, – дейди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги– ЎзАнинг Наманган вилояти бўйича фото мухбири Ҳотам Мамадалиев. – Ушбу мамлакатда чоп этилаётган газета ва журналлардан жой олаётган суратларнинг 50 фоизидан кўпроғи “Анадолу” фото мухбирлари ҳиссасига тўғри келаётгани улар мавзу танлашда адашмаётгани, юксак маҳорат билан тарихга муҳирлаётган суратлари рақобатбардош эканини англатади. Бу ерлик ҳамкасбларим сув остида суратга олишни ҳам йўлга қўйган.

Саксон миллион нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Туркияда олти минг номга яқин хусусий (бу ерда давлат, вазирлик ва ташкилотлар муассислик қиладиган нашрлари йўқ) газета ва журнал чоп этилмоқда. «Сабаҳ», «Истанбул», «Ватан», «Дунё» газеталари шулар жумласидан. Айни кунда уч юз эллик нафардан кўпроқ ходим фаолият юритаётган, мамлакат бўйича тарқатиладиган «Сабаҳ» газетаси таҳририятида ҳам бўлдик. Газета 3 ва 4 саҳифаларига нашр тарқатиладиган ҳудудга оид қизиқарли, таҳлилий материаллар бериб бориш, информация характеридаги материалларни ўзига хос тарзда, ўқишли қилиб тайёрлаш йўлга қўйилган. Бу ерни ҳам босма нашрларда кечаётган қийинчиликлар, муаммолар четлаб ўтмаётган экан. Ўн йилча олдин қарийб 800 минг нусхада чоп этилган мазкур нашр бугун 300 мингга яқин тиражда чиқмоқда. Таҳририят жамоаси (алоҳида гуруҳ) тиражни сақлаб қолиш ва кўпайтириш илинжида изланаётир.

Ҳар куни чоп этиладиган «Сабаҳ»нинг янги сонларини марказ ва жойлардаги газета масъул ходимлари қисқа вақт ичида газетхонларга етказади, бошқача айтганда, почта хизматини ҳам ўзлари бажаради. Туркияда чиқадиган “Сабаҳ” каби нисбатан кўп тиражли газеталари битта нашриётда эмас, бир пайтнинг ўзида мамлакатнинг Анқара, Истанбул, Измир, Бурса, Анталия каби йирик шаҳарларидаги босмахоналарда ҳам чоп этилади.

Яна бир жиҳат, бу ерда газета ва журналларга обуна бўлиш унчалик оммалашмаган. Нашрлар биздагидек (вазирликлар ва тармоқ газеталаримиз кўзда тутилмоқда) А-2 форматда эмас, замонавий ва қулай ҳисобланаётган А-3 форматда чиқади. Матбуот нашрларига аҳоли, корхона ва ташкилотларнинг маълум фоизи ихтиёрий равишда асосан йиллик обуна бўлади. Қисқаси, Туркияда аҳоли газета ва журналларни асосан киоска ва бошқа жойлардан сотиб олиб ўқир экан.

Режага биноан TRT1, TRThaber, TRTokul, TRTsport, TRTavaz, TRTkurdi, TRTworld, TRTcocuk, TRTbelgesel каби ўндан ортиқ телеканални бирлаштирган Туркия телерадикомпанияси фаолияти билан танишувимиз ҳам таассуротларга бой, қизиқарли кечди.

–Бу ердаги телеканалларда воқеа жойидан тўғридан-тўғри жонли эфирларнинг кўплиги, жойлардан узатиладиган хабарлар 10-15 минутда тайёрланиб, эфирга берилиши эътиборга молик, – дейди “Маҳалла” телеканали катта муҳаррири Садоқат Дадаева. –TRT телеканалларида бўлиб, буни ўз кўзимиз билан кўрдик, турк ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашдик, дўстлашдик, энг муҳими, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдик.

Турк маданиятининг чинакам тарғиботчисига айланган TRT телеканалларида бошқа миллат ва элатларнинг ҳам урф-одат ва тарихий меросига доир материаллар бериб борилади. Ўтган йили буюк бобокалонимиз Имом ал-Бухорийнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм айни шу телерадиокомпания каналлари орқали намойиш этилган. Шунингдек, Ўзбекистон тарихи, кейинги йилларда юртимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар миллий анъана ва маросимларимиз ҳақида ўнлаб теледастурлар, роликлар тайёрланиб эфирга узатилган, бу жараён давом этмоқда. Бу ишларга Туркияга келганига бир неча йил бўлган, TRT таркибидаги телерадиоканаллар ходимлари –Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган Маҳлиё Шодматова, асли қирғизистонлик ўзбек қизи Наргиза Отахонова ҳам ҳисса қўшаётган экан. Улар билан суҳбатлашдик.

–Бу ерда таржимонлик, муҳаррирлик қиламан, – дейди Маҳлиё Шодматова. – ОАВ орқали Маркизий Осиё давлатларида, айниқса, кейинги йилларда Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини кузатиб хурсанд бўламан. Мақсадим – бир неча йил тажриба ошириб юртга қайтиш, Ватанимиз журналистика соҳаси равнақига ҳисса қўшиш.

Ҳар бир соҳада бўлгани каби журналистикада ҳам тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилиш муҳим, у ривожланишга хизмат қилади. Президентимизнинг 19-20 февраль кунлари Туркияга амалга оширган ташрифи доирасида эришилган келишувлар кўплаб, жумладан, журналистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам асос бўлади. Бу эса келгусида турк журналистларининг Ўзбекистонга, юртимиз оммавий ахборот воситалари вакилларининг Туркияга ижодий сафарлари янада кўпайишини англатади.

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси раиси ўринбосари