Ҳамкорликдаги ахборот майдонини яратайлик

2020-02-25T07:04:46+05:0025 Fevral, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар, ўзгариш ва жамиятнинг очиқлиги сари қўйилаётган дадил қадамлар дунё нигоҳида. Буюк Британия қироллиги, Туркия, Малайзия, Озарбайжон оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилиги Ўзбекистонни тез ривожланаётган давлат, унинг президенти Шавкат Мирзиёевни эса “Йил одами” деб эътироф этаётгани мамлакат ҳаёти ҳақиқатларига берилган баҳодир.

Янги очиқлик, сўз эркинлиги сиёсатини қўллаб-қувватлаш, ривожлантиришга ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаро, фуқаролик жамияти институтларининг ҳам бурчидир. Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан ўтказилган “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзуидаги халқаро конференция шу йўлдаги ташаббусларнинг бири бўлди.

–Бундай анжуман вилоятларда илк бор ўтказилиши ва уни Фарғонада ташкил этилгани вилоят раҳбарияти, ижодий ташкилотнинг иродаси қатъийлигини кўрсатади, – дейди анжуман модератори Ўзбекистон Журналистика ва Оммавий коммуникациялар Университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев.

Ҳа, Фарғона анжумани Қирғизистоннинг Боткен, Ўш, Тожикистоннинг Сўғд, Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари ва мамлакатимиз журналистикасининг етук олим, амалиётчи ҳамда маъмурларини бирлаштирди. У вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг конференция иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирилиши билан бошланди.

Халқаро конференцияда бири-биридан қизиқарли маърузалар, чуқур таҳлил ва амалий таклифлар янгради.

–Биз Ўзбекистон жамиятида рўй бераётган сифат ўзгаришларини кузатиб турибмиз. Фарғона водийсида ахборот тўлқинларига тўсиқ қўйиб бўлмайди. Биз бир–биримиздаги электрон ОАВлар маҳсулотидан, аввало телекўрсатув ва радио эшиттиришларни бемалол қабул қиламиз. Бу бизнинг хабардорлик имкониятимизни кенгайтиради, – дейди “Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири Соҳиба Шакирова. – Ўзбекистондаги чинакам сўз эркинлиги ҳақиқий демократия қарор топаётгани инъикосидир. Лекин, орамизда жисмоний масофа яқин, ахборот маконидан фойдаланиш имкони бўлсда, биз амалда бир-биримиздан узоқдамиз. Ҳалигача водийнинг уч давлати журналистлари бир-биримизни яхши билмаймиз. Ахборот алмашув йўлга қўйилмаган. ОАВлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар йўқ. Журналистик ташкилотларимиз ҳам ўзича фаолият кўрсатади. Ҳолбуки, биз дунё, қитъа миқёсидаги халқаро анжуманларда учрашиб турамиз, лекин бугунгача бундай кўринишда йиғилмадик.

Ҳа, Фарғона конференцияси ОАВлари соҳа мутахассислари учун халқаро миқёсдаги илк анжуман эди. Шунинг учун ҳам унинг ҳар бир иштирокчиси ўз фикрларини айтгиси, умумий муаммо ва унинг ечими ҳусусидаги таклифларини билдиргиси келди.

Фарҳод Жўраев, Тожикистон Республикаси, Сўғд вилояти “Сўғд ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири:

–Ҳозир бу ерда ахборот тўлқинлари тарқатиш имкони ҳақида гапирилди. Биз Сўғд вилоятида Қирғизистон, Ўзбекистон телевидениеси кўрсатувларини бемалол кўрамиз. Радиосини эшитамиз. Менга айниқса “Рухсор” телевидениеси ва радиоси жуда ёқади. Боткен телевидениесидаги фикрлар хилма-хиллигидан ички тўйғуларим жўшади. Лекин ўз муносабатимни билдира олмайман. Мен ҳамкорликдаги телекўприк ташкил этишни таклиф қиламан. Масалан, Фарғона-Сўғд, Ўш-Сўғд, Боткен-Сўғд ўртасида бўлсин. Студияларимизга турли хил ёш, касб, қарашдаги одамларни таклиф қилайлик. Улар ўз ҳаётлари, ташвишлари, орзу-умидлари ҳақида, бизни бирлаштириб турадиган қадриятлар тўғрисида ўйлаганларини айтсин. Халқимиз бир-бирини яхшироқ билишига имкон яратайлик.

Шунда уларнинг дўстлиги мустаҳкамланишига ҳисса қўшган бўламиз.

Улукбубу Амирова, Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти, “Салам” медиа директори:

–Аввало Фарғона халқаро конференциясини ташкил этган вилоят ҳокимияти ва шахсан Шуҳрат Ғаниевга миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу инсонни боткенликлар ташкилотчи, икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашга фидойи деб билади.

Мен уч тилли газета ташкил этиш, уни бир хил кўринишда тайёрлаб бир вақтнинг ўзида учта давлатда чоп этишни таклиф этаман. Унга ҳар бир вилоят энг муҳим янгиликлар, воқеликлар ҳақида фотосуратлар, мақолалар жойласин. Бу газетани бир йилда камида 4-6 марта чиқарайлик ва унга “Водий” деб ном бериш таклифини илгари сурмоқчиман.

Азизбек Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси, Наманган вилояти, “Daryo.uz” интернет сайти мухбири:

–Ривожланган давлатларда аста-секин қоғоз шаклидаги ахборотдан воз кечилиб, электрон шаклдаги ахборот тобора кенгроқ ўрин эгаллаяпти. Жумладан Ўзбекистонда ҳам. Тўғри, унинг фойдаланувчи ёки иштирокчисини “назорат” қилиб бўлмас. Баъзида ахлоқ қоидаларидан чиқиб кетадиган номаъқул сатрлар ҳам учрайди. Лекин биз барибир интернет майдонига асосланган ахборот алмашувчи уч тилли сайт яратганимиз ва уни йўлга қўйганимиз қулай бўлади, деб ҳисоблайман.

Саидаҳмад Шукуров, Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти, “Андижоннома” газетаси бош муҳаррири:

–Биз умумий қарашларимиз бир-бирига яқин халқлар, давлатлар бўлсакда, ўзимизга хос жиҳатларимиз, қонуний ва аҳлоқий меъёрларимиз бор. Шундай экан, ўша ўзига хослигимизни кенгроқ тарғиб қилишимиз керак. Ўшлик ҳамкасбларимиз билан бу борада дастлабки қадам қўйган эдик. Аммо изчил бўлмадик. Конференцияда тушундикки, барчамизда шундай истак бор экан. Биз ижодий алоқаларни тиклаш, ҳамкорликда газета чиқариш тарафдоримиз.

Фарғона анжуманида олис Қўшма Штатларида туриб “Америка овози” телерадио ахборот Агентлигининг махсус мухбири Навбаҳор Имомова видеомулоқот тарзида конференция иштирокчиларига мурожаат қилар экан жамият ва ОАВ муносабатлари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар киритди.

Конференцияда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти, “Жахон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари Университети халқаро журналистика факультети декани Амрулло Каримов, Ўзбекистон Миллий ахборот Агентлиги бош директори ўринбосари Жуманазар Мелиқуловлар томонидан жамият ва оммавий ахборот воситалари муносабатлари таҳлил қилинди, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

–Фарғонада ўтаётган мазкур конференция иштирокчиларига биз яна бир ахборот майдонини таклиф этамиз, – деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Дунё” ахборот агентлиги бош директори Садриддин Суяров. –“Дунё” айнан бугунги ғояларга ҳамоҳанг йўл танлаган. Биз ўз сайтимизда Ўзбекистонни тарғиб қилиш билан бирга бошқа давлат янгиликларига ҳам жой берамиз.

–Журналистик ташкилотлар ижодий ҳамкорлик ташаббускорлари бўлиши лозим, – деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов. – Биз бир неча хорижий мамлакатлар журналистлари уюшмалари билан яқин алоқалар ўрнатдик. Аммо қўшни давлатда ижод қилаётган ҳамксбларимиз билан ҳам яқинлашишимиз керак. Бугунги анжуман унга томон дадил қадамдир.

Саъдулла Ҳакимов халқаро конференция иштирокчиси бўлган Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги бир неча фаол журналистларни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси “Фахрий ёрлиғи” ҳамда планшетлар билан тақдирлади.

Халқаро конференцияга якун ясар экан. Шерзодхон Қўдратхўжаев унинг ишида билдирилган илмий хулосалар, амалий таклифлар албатта ҳаётга татбиқ этилишига ишонч билдирди.

–Биз бир-биримизни соғинган эканмиз, юзма-юз мулоқот ўй-фикрларимиз, орзу-мақсадларимиз муштарак эканини кўрсатди, – деди у. – Бу ерда Қирғизистон ва Тожикистонда чоп этиладиган ўзбек тилли нашрлар, телевидение ва радио журналистлари назаримда муҳим масалани кўтаришди. Бу журналистикага оид Ўзбекистонда чоп этилаётган илмий-амалий дарсликлар масаласи. Мен университет ректори сифатида сизлар билан бу борада ҳамкорлик қилишга, ёрдам кўрсатишга тайёрман. Яқинда журналистика масалаларини қамраб олган ўн жилдлик тўплам чоп этилди. Сизларга уни юборамиз. Шунингдек, университетимиз Тожикистон ва Қирғизистон ёшларини ўқишга қабул қилишга ва журналистлар малакасини ошириш учун алоҳида гуруҳлар ташкил этишга тайёр.

Халқаро конференция давомида қўплаб савол-жавоблар, мунозарали тортишувлар бўлди. Муҳими барчанинг фикри бир тўхтамда эди – ҳамкорликдаги ахборот майдонини ташкил этиш лозим.

Иштирокчилар шу куни Фарғона шаҳридаги янги очилган спорт саройи, Қувасойдаги “Водий тулпорлари” от мажмуаси билан танишди.

–Бир гапни айтмасам бўлмас, – деди хайрлашаётиб Тожикистон Республикаси Журналистлар иттифоқи Сўғд вилояти ташкилоти масъул котиби Карим Шариф. –Чегарадан ўтгач мен уч ҳолатни кузатдим. Булар янги қурилган замонавий қишлоқ уй жойлари, Фарғонанинг ғоят кенг, сифатли йўллари, қалбимизни яйратган боғ-роғлари ва унда ҳаётидан мамнун, хурсандчилик билан меҳнат қилаётган инсонлар. Ўзбекистонга, Фарғонага кўз тегмасин, илоҳим!

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист