Фарғонада “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

2020-02-24T05:39:04+05:0024 Fevral, 2020|Умумий янгиликлар|

“Хуш омадед меҳмонони азиз, дўстони гироми!”, “Кош келиниздер урматтуу меймандар, кымбаттуу достор!”.

Фарғонадаги “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида халқаро конференция шу сўзлар билан бошланди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган конференция ишида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон оммавий ахборот воситалари вакиллари, фахрий журналистлар, соҳа раҳбарлари бугун бир стол атрофида йиғилдилар.

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлатларимиз ўртасидаги ўзаро асрий муносабатларни яхшилаш, уни янги босқичга олиб чиқишга қаратаётган юксак эътибори, буни қўшни мамлакатлар раҳбарлари Имомали Раҳмон ҳамда Сооронбай Жээнбековлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётгани эътироф этилди.

Дарҳақиқат, давлатларимиз чегарасидаги бир қатор назорат постларининг қайта очилгани ўзбек, тожик, қирғиз жамоатчилиги, хусусан, чегараолди ҳудудда яшовчи аҳолининг катта хурсандчилигига сабаб бўлмоқда.

Конференцияда сўзга чиққан Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Ф.Қосимов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Ш.Қўдратхўжаев, Ўзбекистон Миллий университети доценти А.Мелибоев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, Ташқи ишлар вазирлиги “Дунё” ахборот агентлиги директори С.Суяров, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори ўринбосари Ж.Мелиқулов, Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари М.Обидов ва бошқалар мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлиги борасида амалга оширилаётган ишлар, оммавий ахборот воситаларининг халқлар дўстлигини мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтдилар.

– Бугунги конференциянинг журналистлар учун аҳамияти жуда катта, – дейди “Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири Соҳиба Шокирова. – Тадбир нафақат соҳа янгиликларидан хабардор қилишга, балки ўзаро тажриба алмашишга имкон яратаётгани эътиборга молик. Умид қиламизки, конференция, ўзаро ҳамкорлигимиз келгусида яна давом этади.

– Ўзаро самимий суҳбат, эркин фикр алмашишга асосланган конференция қардошлик ришталаримиз мустаҳкам, урф-одатларимиз ўхшаш эканлигидан далолат беради, – дейди Тожикистоннинг Суғд вилояти телерадиокомпанияси директори Мунира Раҳимзода. – Ташкилотчиларга шундай имконият яратиб берганликлари учун миннатдорлик изҳор қиламиз.

Конференция иштирокчилари шу куни Фарғона шаҳрида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА