​Журналистлар Испания сув хўжалиги ислоҳотлари билан танишади

2020-02-24T04:33:18+05:0024 Fevral, 2020|Умумий янгиликлар|

Марказий Осиё минтақавий экология марказининг мамлакатимиздаги филиали томонидан «Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш» ( UzWaterAware) лойиҳаси доирасида бир гуруҳ мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Испания давлатига стади-тур ташкил этилди.

Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида 2016 йилдан буён амалиётга татбиқ этилаётган ушбу лойиҳа сув ва экологик муаммолар ечимига қаратилган тарғибот ишларини амалга ошириб келмоқда. Бу жараёнда маҳаллий ҳамкорлар билан сувдан унумли фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича аҳоли, талабалар ва болалар ўртасида турли тадбирлар ўтказилган.

Лойиҳада ОАВ вакиллари билан биргаликда ишлаш алоҳида инобатга олинган бўлиб, мамлакатимиз бўйлаб ва Германия давлатига пресс-турлар уюштирилди.

Лойиҳа бўйича Испания тажрибасини ўрганишга қаратилган галдаги танишув сайёҳати ҳам шу ишлар давоми ҳисобланади. Стади-тур дастурлари бўйича тадбирлар 24 февраль, душанба кунидан бошланади. Унга кўра, Испаниянинг Толедо, Кордова, Альмерия, Мурсия шаҳарларидаги сувни бошқариш ва ундан унумли фойдаланишда замонавий технологияларнинг амалиётдаги натижалари билан яқиндан танишиш назарда тутилган.

Айни чоғда иштирокчиларнинг Мадрид шаҳри бўйлаб саёҳати бошланди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё минтақавий экология марказининг мамлакатимиздаги филиали «UzWaterAware» лойиҳаси ижроси бўйича учинчи компонентидир.Ўз навбатида, улар Европа Иттифоқининг «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш» дастурининг таркибий қисми ҳисобланади. Миллий ҳамкор эса Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидир.

Насиба Зиёдуллаева, Испаниянинг Мадрид шаҳридан.

ЎзА