Ўзбекистонлик журналистлар Қирғизистонда семинарда қатнашмоқда

2020-02-19T07:52:02+05:0019 Fevral, 2020|Умумий янгиликлар|

Бишкек шаҳрида “Россия сегодня” халқаро ахборот агентлиги ташаббуси билан маҳаллий ва хорижий журналистлар учун семинар ташкил этилди.
“Sputnik” ахборот агентлигининг ушбу мамлакатдаги мультимедия матбуот марказида бўлиб ўтаётган тадбир “SputnikPro” дастури доирасида ўтказилмоқда. Унда мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимлари, жумладан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги журналисти ҳам иштирок этмоқда.

“SputnikPro” – “Россия сегодня” халқаро ахборот агентлигининг журналист, блогер, матбуот котиблари ва соҳага ихтисослашган олий ўқув юртлари талабалари учун семинар, маъруза ва маҳорат дарслари кўринишида ташкил этиладиган ўзига хос дастурдир.
Лойиҳа ишга тушгандан ҳозирги кунга қадар МДҲнинг қатор мамлакатлари, шунингдек, Ҳиндистон, Греция, Хитой каби давлатларда семинарлар ташкил этилди. 2018 йилдан буён ушбу машғулотларда 80 га яқин мамлакатдан 3 мингдан зиёд тингловчи иштирок этди.

Қирғизистон пойтахтида ўтаётган бу галги семинар “Чекланган маблағлар шароитида спортга оид ахборотни кенг кўламда ёритиш” масалаларига бағишланган амалий машғулотлар билан бошланди. Тадбирда “Россия сегодня” халқаро ахборот агентлиги ижрочи директори Василий Конов ва “р-Спорт” таҳририяти раҳбари Александр Калмиков ўз маърузаси билан иштирок этди.
Эркин савол-жавоб тарзида кечган машғулотда Олимпиада ўйинлари, футбол бўйича Жаҳон чемпионати сингари йирик спорт мусобақаларини ёритишда кам куч ва маблағ сарфлаган ҳолда юқори самарадорликка эришиш, воқеаларни масофадан туриб ёритиш, спорт федерациялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўқувчиларни жалб қиладиган мавзу, материалларни саралаш каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

20 февралга қадар давом этадиган тадбирнинг навбатдаги машғулоти интервью олиш маҳорати мавзусига бағишланади.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

Қирғизистон-Бишкек.