Расул Кушербаев: “Очиқ судга журналистни киритмаган судьядан воз кечиш керак”

2020-02-15T10:31:20+05:0015 Fevral, 2020|Умумий янгиликлар|

Бугун Журналистларни қайта тайёрлаш маркази оммавий ахборот воситаларида коррупция мавзусини ёритиш масалалари бўйича давра суҳбати ўтказди.

Давра суҳбатида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган қироллигининг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Тим Торлоу, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, ҳуқуқшунос журналист Карим Баҳриев ва коррупция мавзусида қалам тебратувчи журналистлар қатнашди.

Журналистлар томонидан коррупция мавзусини ёритиш бўйича улар дуч келаётган қийинчиликлар борасида сўз борди. Хусусан, журналистлар суд жараёнларида эркин қатнаша олмасликлари, баъзида қатнашсалар-да, жараённи видео ёки овозли тарзда муҳрлашга йўл қўйилмаслиги бўйича эътирозлар билдирилди.

ОАВ вакиллари Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевдан «қачон суд жараёнларида журналистлар эркин қатнаша олади», деган саволга фикрини сўрашди.

Расул Кушербаев мазкур савол юзасидан қуйидаги фикрларини баён қилди: “Очиқ судда агар унда махфий, тижорат, оилавий ва давлат сирлари бўлмаса, шунга қарамасдан судья журналистнинг жараённи ёзиб олишидан чўчиса, бундай судьядан воз кечиш керак. Мен бундай судьяларни ишдан бўшатилиши тарафдориман. Агар суд жараёни бир неча кун давом этса, судья ўша журналистдан суд якуний ҳукмни бермагунча ёзиб олинган маълумотларни эълон қилмасликни сўраши мумкин. Бироқ, суд ҳар бир жараённи журналист кузатуви ва иштирокида бўлишига қаршилик қилмаслиги керак.

Амалиётда биз эшитяпмизки, судья биринчи ва иккинчи кунларда бошқа позицияда туради ва якуний суд ишида унинг қарорлари ўзгариши мумкин. Яъни амалиётда кўринадики, кимгадир қандайдир босимлар бўлаётган бўлиши мумкин. Суд айрим ҳолда инобатга олган далиллар кейинги ҳолларда чиқариб юборилиши ҳам кузатиляпти. Бу камчиликларни чеклаш учун журналистларнинг суддаги иштирокини таъминлаш керак. Судьялар очиқ суд жараёнига журналистни киритмаса ва унга ёзиб олиш учун имконият бермаса, демак, у ўз фаолиятини очиқ олиб боришдан қўрқади. Бундай судьялардан воз кечишимиз керак. Шунчаки, судья хоҳламагани учун журналистнинг суддаги иштироки чекланмаслиги керак. Баъзи судьялар буни қабул қила олмаяпти. “Биз мустақилмиз, нима учун туман депутатига ахборот беришимиз керак?”, дейди айрим судьялар. Демак, фаолияти ҳақида кимгадир очиқ ахборот беришдан қўрққан судьяни қандайдир камчилиги бор. Судья тўла очиқ ва мустақил бўлмас экан, коррупция авж олаверади, очиқлик, шаффофлик бўлмайди.

Адолатли яхши судьяларимиз кўп. Аммо, бир-иккита адолатсиз судьялар жамоатчилик норозилиги учун етарли бўлмоқда. Чунки судларда инсон тақдири ҳал бўлади”.

Бу борада ҳуқуқшунос журналист Карим Баҳриев ҳам ўз таклифларини баён қилди, яъни журналистларни суд жараёнини ёритишдан чеклаш нотўғри эканлигини таъкидлади.

“Бизнинг қонунчиликка кўра, судга журналистнинг мақоласи таъсир ўтказмаслиги учун суд қарори чиқармагунча, тергов кетаётган жараёнда мақоласини эълон қилишга рухсат этилмайди. Аслида бу нотўғри. Суд тўхтатилиши, орқага сурилиши ёки қолдирилиши мумкин. Лекин халқ тергов жараёнида нима бўлаётганини билиши керак-ку! Журналистга тергов жараёнини ёритишга имкон бериш керак. Фақатгина журналист мақоласида кимнидир ўғри ёки айбдорга чиқариб қўймаслиги лозим. Журналист кимнидир қайсидир жиноятда айбланмоқда, дейиши тўғри бўлади. Шу ўринда “у айбланмоқда” дейиш учун ҳам жиноят кодексининг қайси моддасига таянилганини далил сифатида келтириши лозим бўлади. Мақоланинг судга таъсир этиши ўринсиз баҳона. Сабаби, судья эрталаб рафиқаси билан уришиб чиққан бўлса, ҳам бу уни суд жараёнида қарор чиқаришига таъсир этмаслиги керак. Ишга келишда машинасини уриб юборган бўлса ҳам, жаҳл устида судда қарорни бошқача қабул қилиши тўғри эмас-ку. Шу ўринда журналист мақоласининг судга таьсир қилиши ва бу асосда судья нотўғри қарор қилиши мумкин деган важлар кулгили. Судья ўқиган мақола ёки кайфиятига қараб эмас, балки мавжуд қонунчиликлар асосида қарор чиқариши шарт. Шундай экан, ҳукмга таъсир қилади, деб журналист йўлини тўсиш тўғри эмас. ВВС, «Euronews» ва бошқа халқаро оммавий ахборот воситаларини суд жараёнлари боришини ёритаётганига кўп гувоҳ бўламиз. Мисол учун, кечагина импичмент бўйича журналистлар процедура тугашини кутиб ўтирганлари йўқ. Ўзбекистон журналистлари ҳам суд жараёнларини ёритишда судьянинг якуний қарорини кутиб, ёзмай ўтиришлари тўғри эмас”.

ЎзА