“QIZILQUMSEMENT”да журналистлар боғи ташкил этилди

2020-01-31T12:06:00+05:0031 Yanvar, 2020|Навоий вил.|

QIZILQUMSEMENT” акциядорлик жамияти томонидан ўтган йили 3 миллион 636 минг тонна цемент ишлаб чиқарилган бўлиб, бу даврда корхона ҳудудидан атмосферага ҳавосига кўтарилган зарарли чанглар миқдори 125 минг тоннадан зиёдни ташкил этди.

Хўш, бу рақам кўпми ёки кам? Корхона томонидан она табиатни асраш, экологик хавфсизликни таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Навоий вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Навоий вилояти бўлими ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида мазкур корхонада ташкил этилган медиа-тур доирасида ОАВ вакиллари бевосита ана шу саволларга жавоб излашди.

Дастлаб цемент заводининг йиғилишлар залида матбуот анжумани ўтказилиб, унда корхона бош директори ўринбосари А.Саломов акциядорлик жамиятининг ўтган бир йиллик фаолияти, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ҳамда экология билан боғлиқ лойиҳалар юзасидан ахборот берди.

Ҳозирда корхона ҳудудида атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ташлайдиган 303 та манба мавжуд бўлиб, уларнинг 116 таси чанг ушловчи воситалар билан жиҳозланган. Ҳавога асосан углерод оксиди, шунингдек азот, олтингугурт оксидлари, клинкер ва цемент чанглари кўтарилади. Барча цехларда экологик хавфсизлик масалаларига етарли даражада эътибор қаратилгани туфайли мазкур ташланмаларнинг 98 фоизи ушлаб қолинади. Айни пайтда юртимиз қонунчилигида белгиланган меъёр бўйича бир тонна цемент маҳсулоти ишлаб чиқариш жараёнида 8 килограммгача чанг ҳавога кўтарилиш мумкинлиги меъёр сифатида белгиланган бўлса, “QIZILQUMSEMENT”да бу кўрсатгич ҳар тонна маҳсулот учун 2,5 килограммни ташкил этяпти.

– Кареьрлар ва бошқа очиқ майдонлар сув пуркагичлар орқали намланиши натижасида бу ерлардан ҳам чанг кўтарилиши сезиларли даражада камайтирилади, – дейди корхонанинг Тоғ-кон бошқармаси бошлиғи А.Азимов. – Умуман олганда, экологик мувозанатни сақлаш, корхонанинг бош мақсадларидан саналади.

Журналистлар корхона фаолияти билан яқиндан танишув чоғида АЖнинг Тоғ-кон бошқармаси ҳамда Аспирация бўлими фаолиятини кўздан кечиришди. Бундан ташқари, ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишилди.

  • Завод ҳудудида икки мингдан зиёд дарахтлар экилган, – дейди акциядорлик жамиятининг Меҳнатни муҳофаза қилиш ва Экология бошқармаси бошлиғи О.Ражабов. – Мазкур саъй-ҳаракатларни жадал давом этаяпмиз. Айни пайтда кўкаламзорлаштириш ишлари кенгайтириб борилмоқда. Бу корхонамизнинг жорий йилги дастурида ҳам алоҳида белгиланган.

Медиа-тур давомида журналистлар корхона ҳудудида ўнга яқин арча кўчатларини ҳам ўтқазишди. Рамзий маънода мазкур кўкаламзорлаштирилган ҳудудга “Журналистлар боғи”, дея ном берилди.

Озод МУСТАФОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси Навоий вилояти бўлими мутахассиси.