Халқ сари ҳақ йўлидан

2020-01-30T14:51:50+05:0030 Yanvar, 2020|Мақолалар, Умумий янгиликлар|

Замон эврилмоқда, сен-чи, замондош…

Сўнгги кунларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси халқимиз орасида қизғин воқеа сифатида муҳокама ва суҳбатларга айланди. Бу муҳим чиқиш барча жамоаларда, хонадонларда юрт ва халқ тақдирига дахлдор катта-ю кичик юртдошларимиз томонидан телеэкран ва интернет тармоқлари орқали кузатиб борилди. Бугуни, эртаси ва келажакка катта умид боғлаган, мамлакатда бошланган йирик ислоҳотлар жараёни иштирокчисига айланган халқимиз турмуши билан бирга ҳуқуқий, маънавий-маданий ҳаётининг ўсиш суръатларини ушбу мурожаатномада кўрди, десак муболаға қилмаган бўламиз.

…Ишдан борсам, кекса энамнинг кўзлари яшнаб ўтирибди.

– Бугун диққинафас, тор уйингда биринчи марта зерикмай кун ўтказдим, дейди волидам.

– Уйга биров келдими? Мириқиб гаплашибсизларда, – кайфиятига кайфият қўшгим келади энажонимнинг…

– Қайдан? Телевизордан Президентнинг чиқишини кўрдим, ўзиям ҳамма нарса ҳақида гапирди: пенсияниям, ўқишга киришниям, иш битиришга “пул олди-бердиси”ниям, прописканиям, уй беришниям… Энди аввалгидай пенсияга чиққунча, ҳамма идоранинг эшигида сарғайиб юрилмасакан, битта паспортни кўтариб борса, пенсияга чиқариб қўяркан…

Энам Мурожаатноманинг пенсия ҳақидаги қисмини алоҳида эслаб қолибди. Бунинг сабаби борда, шунча йил меҳнат қилиб энг кам тайинланган пенсия олиб келади. Нима эмиш, туман архивидан ҳужжатларини тополмаган эмиш. Энамга ўхшаган сарсону саргардон қанча?!.

Мамлакат раҳбари ўз Мурожаатномасида “Электрон ҳукумат” тизимининг барча ташкилий ва институционал масалалари ҳал этилиши, шунингдек, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш ишлари бошланиши, яқин икки йилда барча қишлоқ ва маҳаллалар тезкор интернет билан таъминланишини айтиб ўтди.

Икки ой ичида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури ишлаб чиқилади ва бу ишларни тизимли ташкил этиш учун ҳукуматда Бош вазир ўринбосари, вазирлик ва идораларда ҳамда ҳокимликларда ўринбосар лавозими ташкил этилади. Дунёда ахборот ва коммуникация технологиялари жадал ривож топган паллада, унинг хизматини халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга қаратиш, жалб қилиш муаммоларнинг барҳам топишига сўзсиз хизмат қилади.

Бир пайтлар кўзимиз кўрган муаммоларни онгимиз билан хаспўшладик. Ҳақиқатга мулзам боқдик. Давлатнинг мавжудлигига асос халқ бўлса-да, бош ислоҳотчи – давлат, дея сиёсат даражасига олиб чиқдик, халқ хизмат қилган давлат томонидан етарлича эҳтиёжлари қондирилмади. Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада бунга жавобан “энди эса ислоҳот жамиятдаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб белгиланади. Халқни қийнаётган муаммолар эса оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги кайфиятлар, халқ қабулхоналари ва бошқа “барометрлар” орқали аниқланади”, дея халқ ва жамоатчилик фикрини хулоса қилиш учун муносиб мезон эканини таъкидлади.

Собиқ тузумдан мамлакатимиз мустақиллиги даврига ҳам сизиб ўтган таълим соҳасидаги коррупция ёшларнинг олий таълим муассасаларига киришига тўсқинлик қилиб келди. Билимли, иқтидорли ёшлар олий маълумотга эга бўлолмади. Натижада салоҳиятли кадрлар тақчил бўла бошлади. Техника-технология қанчалик ривож топмасин, уни татбиқ қиладиган кадрлар салоҳияти, билими, дунёқарашисиз ривожланишга эришиб бўлмайди. Тараққиётнинг пойдевори таълим соҳаси эканини ҳаммамиз яхши англаймиз.

Мурожаатномада давлат раҳбари ушбу соҳага алоҳида тўхталди. Камчиликларни, муаммоларни куюнчаклик билан кўтарди. Олий таълим билан қамраб олиш фоизини кескин кўтариш, олий таълим муассасаларига киришни соддалаштириш, мутахассисликка тегишли бўлмаган фанлар сонини камайтириш, тизимда коррупцияни тугатиш, касб-ҳунарга йўналтирадиган таълим муассасаларни янги тизимга ўтказиш долзарб масалалар экани айтилди.

Сўнгги йилларда юртбошимиз ташаббуси билан фаолият бошлаган, иқтидорли ёшларни бағрига жамлаган Темурбеклар, Президент ва ижод мактаблари ўзининг натижасини бераётгани, ўқувчиларнинг тенгдошлари қалбига ҳавас уйғотаётганини барчамиз кўриб, англаб турибмиз.

Мамлакат раҳбари “2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб янги йилни номлашида ҳам таълим-тарбиянинг ўрни нечоғлик юксак эканини кўрсатади.

Халқимиз айрим тоифаларининг яшаш шароитини, камбағалликни кўрпа билан бекитишга уринишларимиз улар ҳаётининг орқага силжишига, жароҳатларимиз битмай газак олишига сабаб бўлди. Мурожаатномада таъкидланишича, ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда кам таъминланган аҳоли сони 12-15 фоизни (4,5−5 миллион киши) ташкил этади. Охирги 2 йил ичида ижтимоий нафақа олувчилар сони 1,3 баробарга кўпайган, нафақалар миқдори 2 баробарга ошган.

Кам таъминланган аҳолига ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки улар миқдорини ошириш орқали ушбу муаммо тўлиқ ечилмаслиги боис Жаҳон банки, БМТнинг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга Ўзбекистонда Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади.

Юртимизнинг турли ҳудудлари, пойтахт Тошкентда сўнгги йилларда эҳтиёжманд оилалар учун кўплаб уй-жойлар, мавзелар бунёд этилди. Бу борадаги ишлар янги ипотека тизими асосида давом эттирилиши ҳам халқимизнинг дилидан жой олган, дардига малҳам бўладиган сўзлар бўлиб янгради. Айниқса, аҳолини рўйхатга қўйиш масаласи борасида қатъий ечимга келиш, ички миграцияга тўсиқ бўлаётган бу муаммони бартараф қилиш борасидаги мулоҳазалари, кўрсатмалари эл розилигига ташланган хайрли қадам бўлди.

Мурожаатномада яна тадбиркорлар ва уларнинг фаолияти учун янада кўплаб енгилликлар яратиш, бу борада қонунчиликни мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигида кутилаётган ўзгаришларни амалга ошириш, туризмни ривожлантириш борасида ҳам янги таклифлар ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар, кўрсатмалар берилган.

Ижодкор сифатида мени энг қувонтиргани жорий йилда миллатимизни илму маърифатга, озодликка чорлаган, бу йўлда жон фидо этган маърифатпарвар жадидчиларимиз етакчиси бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллигини кенг нишонлаш бўйича билдирган таклифи бўлди.

Фахриддин ҲАЙИТ,

“Ёшлик” журнали бош муҳаррири,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

ЎзАдан олинди