Журналистлар Хўжайлидаги ўзгаришлар билан танишди

2020-01-30T10:41:01+05:0030 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ташаббуси билан Хўжайли туманига навбатдаги медиа-тур ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситалари, блогерлар ҳамда фаол ёшлардан иборат тадбир иштирокчилари дастлаб давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Хўжайли Агросаноат маркази” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Лойиҳа қиймати 69,6 миллиард сўм бўлган мазкур марказга туман ҳокими қарори билан “Саманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 15,3 гектар ер майдони ажратилди. Агросаноат марказини замонавий техник асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида жами 4,5 миллион доллар қийматида 9 та импорт шартномаси имзоланган. Бугунги кунда Жанубий Кореянинг “Myung Sung Placon LTD.”, Туркия давлатининг “Termodinamic Industrial LTD”, Хитой Халқ Республикасининг “Chengdu Tianchen Compressors Manufacturing Co. LTD” ва бошқа жаҳоннинг нуфузли корхоналарининг замонавий ускуналари олиб келиб ўрнатилди.

Масъулияти чекланган жамияти бош муҳандиси Р.Бозорбоевнинг маълумотига кўра, иссиқхонада ҳар гектардан 50 тонна помидор, бодринг ва бошқа маҳсулотлар етиштирилмоқда. Ушбу маҳсулотлар нафақат ички бозорни таъминламоқда, балки Қозоғистон Республикасига ҳам экспорт қилинмоқда. Корхонада ташкил этилган логистика марказида 3 тонналик музлатгич ўрнатилган бўлиб, у маҳсулотларни узоқ муддат ўз ҳолида сақлаш имконини беради.

Марказнинг фойдаланишга топширилиши билан 80 нафар кишининг, шу жумладан ёшларнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг унумли меҳнат қилиши, дам олиши учун барча шароитлар яратилган.

Медиа-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили туман марказидаги “Муртазабий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтган йилнинг 20 декабрида фойдаланишга топширилган давлат-хусусий шериклик асосидаги “Болажон маркази” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 июндаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 6 миллиард 364 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасидан ажратилган 3 миллиард 816 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи қўл келди. Туман ҳокимияти томонидан ер ажратилгач, 2018 йилнинг августида қурилиш ишлари бошланган эди.

Қисқа муддатда сифатли битказилган “Болажон маркази” нодавлат мактабгача таълим ташкилотида болажонларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Ташкилотда 120 нафар болани тарбиялаш режалаштирилган бўлиб, шундан 30 нафарини ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандлари ташкил этади. Бугунги кунда 60 нафар тарбияланувчи қабул қилинган ва 15 нафар ходим доимий иш билан таъминланди. Муҳташам бино, малакали мутахассислар жамоаси, замонавий техника воситалари ва жиҳозлар билан таъминланган муассасада ўқув хоналари, ошхона, сайр қилиш боғи, ўйин атракционлари, сузиш ҳавзаси, жонли бурчак болажонлар хизматида.

Ташкилотда таълим-тарбия жараёни илғор хорижий тажрибалар асосида олиб борилмоқда. Рус, инглиз тиллари чуқур ўргатилади, Расм, бадиий гимнастика, сузиш, рақс тўгаракларида малакали мутахассислар машғулот ўтмоқда.

Тадбир иштирокчилари туманда яқинда фойдаланишга топширилган Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази фаолияти билан ҳам танишди. Марказ биносининг қурилиши учун Бандлик жамғармаси ҳисобидан тегишли маблағ ажратилган. Бугунги кунда ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш, меҳнат органлари томонидан аҳолига ва иш берувчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ишсизларни, ёшларни, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ҳамда аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўтган 2019 йил давомида марказга иш сўраб 3296 нафар киши мурожаат қилган бўлса, шундан 1877 нафари доимий ишга жойлаштирилди. Улардан 662 нафарини ёшлар ташкил қилади. Шундан 2277 нафари мавсумий ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 87 нафари қайта касбга ўқитишга юборилди.

Янги йил байрами арафасида “Саманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида фойдаланишга топширилган 4-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида медиа-тур иштирокчилари билан матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда туман ҳокими Женис Ермашов ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган жорий йилги вазифаларга тўхталди.

Таъкидланганидек, туманда ўтган йил мобайнида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2018 йилга нисбатан 97,4 миллиард сўмга, халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 17,4 миллион сўмга, қурилиш ишлари ҳажми 117,8 миллиард сўмга, хизмат кўрсатиш ҳажми 29,7 миллиард сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 16,9 миллиард сўмга кўпайишига эришилди. Шунингдек, ўтган йили туманда 2 миллион 256 минг долларга тенг маҳсулот экспорт қилинди.

Туманда 2019-2020 йилларга жами 133 миллиард 320 миллион сўмлик 40 та лойиҳа, шунинг ҳисобидан 475 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлса, шундан бугунги кунга жами 88 миллиард 211 миллион сўмлик 24 та лойиҳа амалга оширилиб, 211 янги иш ўрни яратилди.

Туманда 214 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, улар асосан пахта, ғалла, боғдорчилик, полизчилик, чорвачилик, балиқчилик ва бошқа соҳалар билан шуғулланади.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ва келгусидаги ҳамкорлик бўйича фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА