Шодмонқул Салом: «​Бизда ватанпарварлик етишмайди!»​

2020-01-30T08:01:43+05:0030 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Замон эврилмоқда, сен-чи, замондош…

Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасисини барчамиз эшитдик. Қанчалик катта мақсадлар, муддаолар кўзда тутилган, тобора ўзгараётган Ўзбекистон учун қимматли бу дастурдан ҳар биримиз ўзимизча хулосалар қилдик.

2020 йилнинг «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб аталгани эътиборимни тортди. Йилнинг бундай аталиши бежиз эмас. Ўтган уч йил давомида бу босқичга кераклича тажриба ва замин ҳозирланди. Илмга, маърифатга эътиборнинг қай даражада ўзгарганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Шу ўринда бир нарсани айтиш зарур. Бу заҳматкаш касб эгалари бўлган муаллимнинг нуфузи, ўқитувчиларнинг қайта тикланган обрўсидир. Юракдан ўткариб, тан олиб айтиш лозимки, бу катта ютуқ. Негаки, башариятни ҳамиша илму маърифат қутқарган, жаҳолат денгизидан илму маърифатгина келажак соҳилга олиб чиққан. «Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай» деган ўлмас ҳикматни айтган, муаллимнинг, илмнинг қадрини сақламоқ учун қувғинга учраган Имом ал-Бухорий ҳам аввало устоздир.

Шундай экан, илм, маърифат, маънавият чинакамига юксалган заминда тараққиёт, тараққиётки фавқулодда юксалишни ўзида мужассам қилган жараён юз бермай қолмайди.

Президентнинг Ўзбекистонда коррупцияни йўқотишга қарши айтган кескин сўзлари ҳам серҳосил далани чирмовуқдан озода қилишга менгзаб кетади. Ахир қанча дори-дармон, парвариш бўлмасин паразит ўтлар юлинмаса даладан кутилган ҳосил олинмайдида. Шундай бўлгач, кўплаб мамлакатлар аллақачон етишиб бўлган рақамли ҳисоб-китобга ҳам қачондир ўтиш керак эди-ку. Муҳими, бундай инқилобий ўзгаришларни амалга ошириш учун аҳолиси 34 миллионга етган Ўзбекистонда барча имконият, манбалар мавжуд.

Мурожаатда тилга олинган «ҳалоллик вакцинаси» ибораси бир қаламкаш сифатида мени ўйлантириб қўйди: бу ибора замирида бизнинг оғриқларимиз бор. Демак, биз айнан шундай вакцинага, шифо воситасига муҳтож бўлиб қолибмиз-да. Бу дунёга ҳалол нон улашган ўзбек учун хижолатли. Аммо бор гап. Дардни ошкора айтмоқ уят эмас.

Яқинда Японияда сафарда бўлиб қайтган дўстим билан Тошкент йўлларида жорий қилинган бир тартиб хусусида суҳбатлашиб қолдим. Яъни, кимдир машинасини йўл четида, қўйиш мумкин бўлмаган жойга қолдирса, буни кўрган киши машинани расмга тушириб ДАН идорасининг тегишли манзилига жўнатса, ўша кишининг ҳисобига ўн минг сўм пул тушади. Бу ўша киракаш ё шошиб турган ҳайдовчи учун жарима дегани. Мен бу ишни оқламадим. Аксинча, бу ишни қилиш сотқинликдай гап, дедим. Ахир, ўн минг сўм пул учун бир оилани тебратиб турган киракашнинг қарғишига қолиш яхшими, деган мазмунда гапирдим.

Дўстим эса мени ажаблантириб гапимга қўшилмади. Ўз навбатида Японияда бўлган мавзумизга доир бир ҳодисани айтиб берди:

Токионинг тирбанд йўлларида машиналар анча вақт тўхтаб қолишаркан. Эрталаб эди, мен вақтни тежаш, қолаверса, нонушта қилмаганим сабабли ҳайдовчидан рухсат сўраб пакетдаги егуликни очдим ва енгилгина овқатланиб олдим. Сўнгра, одатланиб қолганмизку, бўшаган пакетни деразадан ирғитдим. Ҳайдовчи бошини сараклатиб, бекор қилдингиз-да, деди. У йигирма йилдан бери Токиода яшайдиган ўзбек эди. Унинг норози бош ирғагани сабабини бир кундан кейин билдим. Унинг уйига қанчадир жарима кўрсатилган қоғоз келибди. Ўша менинг ишим туфайли шундай бўлибди. Мен атроф-муҳитни ифлослантирганим учун унинг машинаси рақамини ортимизда турган машина эгасими, йўловчилардан бирими хабар қилган. Ҳайдовчи акамиз жаримага тушди.

Шунинг учун ҳам 126 миллиондан зиёд аҳолиси бор Япониянинг ҳар бир қарич ери тоза-озода. Бунга нима дейсиз? Сиз айтган ҳайдовчининг ноўрин турган машинаси сабаб каттагина фалокат рўй бериши, одам ўлиши мумкин эмасми? Бундай ҳолатда ҳайдовчининг қарғиши кимга етади?

Кўзга илмайдиган, писанд қилмаса ҳам бўлаверадиган кичик ҳодиса-воқеа замирида қандай кўп гаплар бор-а!

Нима учун бу нарсаларни айтаяпман. Бизда ватанпарварлик етишмайди. Биз ўз манфаатимизни умумманфаатидан устун қўёлмаяпмиз ҳалиям. Бунга ҳатто кулиб қараймиз…

Лўнда қилиб айтганда, Президентнинг парламентга мурожати барчамиз учун ўзига хос дастур бўлиши керак. Айтганимиз, ёзганимиз билан бажарадиганимиз бир-бирига мувофиқ бўлиши шарт! Шундагина мурод ҳосил бўлур!

Шодмонқул САЛОМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

ЎзА