Янги Ўзбекистон — янгича ёндашувлар

2020-01-29T06:31:22+05:0029 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

2020 йилнинг 25 январь куни Гулистон давлат университетининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва уюшманинг Сирдарё вилоят бўлими томонидан “Янги Ўзбекистон – янгича ижодий ёндошувлар” мавзусида анжуман ўтказилди. Унда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда журналистлар олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

— Биз бугун катта ислоҳотлар руҳи билан яшаяпмиз, —дея ўз сўзини бошлади Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов. —Ўтган бир ҳафта юртимиз учун тарихий сана бўлди, десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Олий Мажлис Сенатида сўзлаган нутқларида ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида узоқ йилларга татигулик ғояларни ўртага ташлади.

Сўнгра маърузачи Мурожаатномадаги асосий нуқталарга бир-бир тўхталди. Мамлакатимизда ўтган демократик сайловлар натижаси ўлароқ янги чақириқда сайланган депутатларнинг фаоллиги жамият ривожида муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди. Янги Ўзбекистонни барпо этишда давлатимиз раҳбарининг “Жамият—ислоҳотлар ташаббускори” ғояси кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бораётганлиги очиқланди. Бунда “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил қатъий кун тартибига қўйилганлиги таъкидланди.

2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинишида ҳам катта маъно бор. Бунга Мурожаатномада келтирилган шарқ донишмандаларининг қуйидаги ҳикмати ёрқин мисолдир: “Энг катта бойлик —бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!”. Бас, шундай экан, барча ватандошларимизни, айниқса, ёш йигит-қизларимизни маънавий-маърифий савиясини юксалтириш жамиятнинг биринчи даражали вазифасига айланмоғи керак.

—Биз маълум бир муддат илм-фандан йироқлашдик, —деди С.Ҳакимов. —Сўнгги йилларда бу кемтик тўлдирилмоқда. Мамлакатимизда қатор ижод мактаблари фаолият кўрсата бошлади. Буюк салафларимиз Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳмудхўжа Беҳбудийларнинг юбилей саналарини кенг нишонлаш тадориги кўрилмоқда.

Жамиятимизда чуқур илдиз отган иллат — коррупцияга қарши кескин кураш бошланди. Шу ўринда Президентимиз топиб ишлатган қанотли ибора — “ҳалоллик вакцинаси” бу балодан қутилишга ёрдам беради. Яъни жамиятнинг барча аъзолари мана шу вакцина билан эмлангандагина натижадорликка эришиш мумкин.

—“Ҳалоллик вакцинаси”ни қаердан оламиз? —дея ўртага савол ташлади нотиқ ва —бу малҳам халқимиз орасида мавжуддир, —дея фикрини далиллади.

Албатта, анжуманда Президентимизнинг ислоҳотлар муваффақиятида журналистларнинг айрича роли борлиги ҳақидаги фикрлари алоҳида таъкидланди. С.Ҳакимов Мурожаатномадаги “тўртинчи ҳокимият” вакилларига доир иқтибосни сўзма-сўз ўқиб берди. “Ўтган 3 йил мобайнида Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилди. Бундан кейин ҳам “тўртинчи ҳокимият” вакилларининг эркин ва холис фаолият юритишлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият учун очиқ-ойдин ёритишлари учун барча шарт-шароитларни яратамиз.

Жойлардаги муаммо ва камчиликларни рўй-рост очиб бериш, уларни ҳаққоний ёритишларида мен профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман”.

С.Ҳаким сўзининг пировардида сирдарёлик журналистларни давлатимиз раҳбари билдирган юксак ишончни оқлашга, замон билан ҳамнафас қадам ташлашга, ислоҳотларнинг амалга ошишида фаол иштирокчи бўлишга чақирди ва ўзининг “Демократиядан очиқ дарс” шеърини ўқиб берди. Гулистон давлат университетига Мирзачўл тарихининг бир асрлик воқеаларни қамраб олган ноёб китобни совға қилди.

Шунингдек, конференцияда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фарҳод Боқиев ҳам Мурожаатномадан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Носиров мамлакатимизда рўй бераётган туб ислоҳотлар ва унда журналистларнинг роли ҳақида мухтасар фикр билдирди ва 70 йиллик юбилейини нишонлаётган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг раҳбари Бойжигит Абдуллаевга вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг “Табрик хати”ни тақдим этди.

Шунингдек анжуманда Саъдулла Ҳаким юбилейларини нишонлаётган сирдарёлик журналистлар — Сардоба тумани “Шарафли йўл” газетаси бош муҳаррири Ш. Фармонов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Сирдарё вилоят бўйича мухбири А. Қаюмов, Б. Уюшма бўлими раиси Б.Абдуллаев ва фахрий журналист О. Абдусаматовларга ижодий уюшма Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди. Ўз навбатида Бойжигит Абдуллаев вилоятимизда фаол ижод қилаётган бир гуруҳ журналистларга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг “Ташаккурнома”лари ва эсдалик совғаларини топширди.

Шу куни анжуман яна бир байрамга уланиб кетди. Вилоятимизнинг бош олий ўқув юрти — Гулистон давлат университетининг нашри “Университет овози” ўзининг 20 йиллик тўйини нишонлади. Университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Ходжиев газета таҳририяти аъзолари ҳамда таш-килотчиларини олийгоҳ Фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирлади. Газета материалларининг ўқишли ва қизиқарли чиқишига ўз ҳиссаларини қўшаётган бир гуруҳ ижодкор талабаларга бадиий китоблар тўпламларини ҳадя қилди.

—Ижодий уюшмамиз вилоят бўлими кейинги пайтларда анча жонланиб қолди, — дейди “Оқолтин” газетасининг бош муҳаррири, шоир ва адиб Абдурашид Пардаев. —Бунда албатта, Бойжигит Абдуллаевнинг ташкилотчилиги катта роль ўйнади. Биз, сирдарёлик журналистлар мамлакатимизда кечаётган улкан ислохотларга қаламимиз кучи билан яқиндан ёрдам беришга тайёрмиз.

Сирдарёлик журналистлар анжуманда кўтарилган долзарб масалалар бўйича ўзларининг келгусидаги режаларини белгилаб олдилар. Бу мамлакатимизда содир бўлаётган воқеликларда фаол иштирок этиш, ислоҳотларнинг натижадорлигига муносиб ҳисса қўшиш, қучоқ очиб халқ ичига бориш ва уларнинг қувонч-ташвишларига шерик бўлиш каби масъулиятли вазифалардир.

Муҳаммадали АҲМАД.